Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг кўринишлари

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам на узун қоматли ва на паст бўйли эдилар, балки ўрта қадлик, жисмлари чиройли ҳамда келишган эди. Икки елкаларининг ораси кенг бўлиб, уларнинг ўртасида муҳри нубувват яъни пайғамбарлик муҳри бор эди.

Муборак бўйинлари ўзларига ярашган, чиройли эдики, гуё оқ мармар тошдан, ё ож (фил суяги)дан тарашланган ҳайкалнинг бўйни каби эди, оқликда кумуш каби соф эди.

Кўкраклари ва қоринлари мўйдан холи эди. Лекин икки билаклари ва сийналаридан киндикларига қадар нозик мўйдан бир чизиқ тортилган эди.

Ранглари ниҳоятда оқ ҳам эмас, ниҳоятда буғдойранг ҳам эмас, чеҳралари қизилликка мойил оқ эди. Икки кўзлари ниҳоятда қора ва киприклари ниҳоятда узун бўлиб, кўзларининг оқида қизиллик бор эди. Пешоналари кенг ва очиқ эди. Қошлари эгилган бўлиб, ингичка ва қалин ҳамда бир-биридан алоҳида, қўшилмаган эди. Икки кошларининг ўртасида бир томирлари бўлиб, ғазаблари келганда ҳаракатга келиб кўринар эди. Муборак бурунлари бир оз баланд ва қирралик ва унда бир оз нури дурахшон (кўркам) эдики, унга яхши диққат қилиб кўрмаган одам бурунларини катта ва баланд гумон қилар эди. Маъсум (покиза, гуноҳсиз) оғизлари мўътадил кенг эди (фасоҳатли ва балоғатли инсонларнинг оғизлари шунақа бўлади). Муборак тишлари майда ва ялтираб турган бўлиб, oлдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринарди. Қачон сўз қилсалар, тишларининг ораларидан нур каби бир нарса чиқарди.

Муборак бошлари катта, сочлари жуда буралган ҳам ва жуда ёзилган ҳам бўлмай, иккисининг ўртасида эди. Агар сочлари ўзича осонлик билан очилса, фарқ очар эдилар, агар тароқ ва бошқа нарсага зарурат тушадиган бўлса, фарқларини очмай қўйиб қўярдилар. Сочларини зиёда ўстирсалар, қулоқларининг  юмшоғидан тушиб турар эди.

Муборак соқоллари катта ва қалин, муборак икки ёноқлари на озғин ва сергўшт, балки ниҳоятда мўътадил эди.

Икки кафтлари ва икки қадамлари тўла ва гўштлик эди. Икки билаклари узун эди, кафтлари кушода, икки кафтлари ва икки қадамлари гўштлик эди. Қўлларининг ва оёқларининг бармоқлари мўътадил узун эди. Аъзоларининг бўғимлари, ҳар икки суякларининг қўшилган ери йўғон эди.

Қадамлари силлиқ эди, унда сув тўхтамас эди. Қачон юрсалар, қувват ила қадам кўтарар эдилар. Олдиларига эгилиброқ юрар ва оҳиста қадам қўяр эдилар. Юришлари тез-тез бўлиб, кенг қадам қўяр эдилар. Қачон юрсалар, бир баландликдан тушиб тургандек юрардилар. Ва бир тарафга бурилсалар, бутун қоматлари билан бурилардилар. Танҳо бўйинларини буриб қўймас эдилар. Назарлари кўпроқ ерга қадалган бўлиб, осмонга қарагандан ерга кўп қарар эдилар. Кўпинча кўз қирраси билан боқар эдилар. Саҳобаларининг ўзларидан илгари юргизиб, ўзлари орқаларидан юрар эдилар. Йўл бўйи кимга йўлиқсалар, ундан илгари салом берардилар.

Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳуснлироқ бир нарсани ҳаргиз кўрмадим».

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввал ҳам, кейин ҳам, у кишига ўхшаган бирон зотни ҳаргиз кўрмадим».

Бошқа бир ривоятда «Маддоҳлари «Мен бу кишига ўхшаган зотни на ўзларидан аввал кўрдим ва на ўзларидан кейин кўрдим», деганди» дейдилар.

Жобир розияллоҳу анҳу дейдилар: «Мен бир ойдин кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдимки, баданларида қизил либос бор эди. Мен гоҳо Расулуллоҳга боқар эдим, гоҳо ойга боқар эдим. Боқа-боқа шу натижага етдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳуснда, жамолда ва нурда ойдан зиёда ва ортиқ эдилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жисми мубораклари шул қадар марғуб, чиройли ва зебо эдики, инсон кўриб, вужудларини Аллоҳ таоло кумушдан қуйганмикан деб қолар эди. Муборак сочларида бироз буралганлик бор эди».

«Шамоили Муҳаммадия»дан. Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади

591 марта ўқилди
Мавзулар
Top