Версия для печати

Сийрат ва ислом тарихи

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  ва муаммонинг ечими

Ҳозирги кунда инсонларда бир хатони кўрса, хато қилган кишини тезда уришиб, жеркиш каби хатони муолажа қилишдаги нотўғри танланган услубни кўрамиз.

Унинг жеркиши ва сўкиб урушиб беришидан ҳалиги хато қилган одамда бир неча салбий ҳолатлар кузатилган. Мисол учун: ҳалиги хатосида бардавом бўлиш, танбеҳни ёқтирмай насиҳатни ёмон кўриш, хатосини айтган одамдан кўнгли қолиш ва ҳоказо..

Ҳозирги кундаги психолог олимларнинг таъкидлашича бировдаги бир айбни ёки қилиб қўйган камчилигини олдини олиш учун уни ижтимоий келиб чиқишини ўрганмай туриб уришиб, жеркилса, бу ҳаракат тескари натижа кўрсатиб, ҳалиги хато қилган одам яна ўша хато ва камчилигини қилишда бардавом бўлади.

Юзта инсонда шу текширув олиб борилганда 87 тасида салбий натижага эришилган. Қолган 13 тасида ижобий кутулган ҳолат рўй берган.

Аслида пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг инсонларнинг муаммо ва камчиликларини тузатишдаги тутган йўлларига қарайдиган бўлсак, пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам бу борада буюк, ҳаммага гўзал намуна бўладиган комил муаллим эканликларини кўрамиз.

Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳ” номли китобларида пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида содир бўлган бир воқеани зикр қилганлар. Ўша воқеа қуйидагича:

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз масжидда расулуллоҳ билан ўтирган эдик. Бир саҳролик одам келиб, масжидда сия бошлади. Биз: “Ҳе тўхта тўхта ”, деб уни тўхтатмоқчи бўлдик. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Индаманглар охиригача қилсин”, дедилар. Охиригача ишини битиргач пайғамбаримиз унга: “Бу масжид. Бу ерда Аллоҳнинг зикри, ва қуръон ўқилади. Сийиш ёки шунга ўхшаган нопок нарсалар масжидда бўлмайди”, дедиларда сўнг бир кишига сув олиб келиб ҳалиги жойни ювиб тозалашга буюрдилар”.

Мана пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларини кўринг. Ҳалиги одамни бу хатосини тузатишда унинг ижтимоий келиб чиқишини маданиятдан узоқ бўлган саҳродан келганини ва бунақа ишлар уларда оддий саналишини мулоҳаза қилиб, уни урушмадилар, сўкмадилар, ҳатто бояги ишини охиригача қилишига имкон яратиб бердилар, сўнг бу иши нотўғри эканлигини мулойимлик ва ҳалимлик билан тушунтирдилар.

 Муаррихлар ўша саҳролик саҳобий пайғамбаримизнинг унга кўрсатган муомилаларидан хурсанд бўлиб, кейинчалик умри давомида бунга ўхшаш хатоларни қилмаган, дейишади.

Бу ишлари билан пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўша ердаги саҳоба ва кейин келадиган барча умматларига намуна бўлдилар.

Биз ҳам жамиятимиздаги камчилик ва хатоларни тузатишда пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан намуна олсак мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Аллоҳ барчаларимизга пайғамбаримизга эргашиш ва у кишининг услубларидан намуна олишни насиб айласин!

 Нурмуҳаммедова Васила

6158 марта ўқилди