muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас. Аммо сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки, шукр қилсангизлар (Моида сураси, 6-оят).

Маҳсига масҳ тортишда аввал икки қўлни ҳўллаб, бармоқлар орасини бироз очиб, ўнг қўлни ўнг маҳсининг, чап қўлни эса чап маҳсининг учига қўйилади ва тўпиққача бир марта масҳ тортилади ҳамда маҳси устида сув чизиқлари пайдо бўлади. Икки маҳсига биргаликда ёки аввал ўнг, кейин чап оёққа масҳ тортса ҳам бўлади.

Маҳси нажосатдан пок бўлиши, қадамни тўпиқгача тўлиқ ёпадиган бўлиши ва мукаммал таҳорат олингандан кейин кийилиши лозим.

Маҳсининг муддати муқим киши учун 1 кеча-кундуз, мусофир учун эса 3 кеча-кундуздир. Маҳсининг муддати мукаммал таҳоратга кийилгандан кейин, таҳорат кетган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Масалан, бир киши бомдодда таҳорат олдида маҳсини кийди. Олган шу таҳорати эрталабги соат 9 да синди. Соат 12 да янги таҳорат қилди ва оёғига масҳ тортди. Ва эртанги кун соат 9 гача эмас, балки 12 гача оёғига масҳ торта олади. Агар мусофир бўлса, учинчи кун соат 12 гача масҳ тортиши мумкин.

Ғусл вожиб бўлган одам маҳсига масҳ торта олмайди, оёқ кийимини ечиб, ғусл олади. Киши маҳсини ечса ёки маҳсига тортилган масҳнинг муддати тугаса агар таҳорати кетмаган бўлса таҳоратли саналади. Таҳоратини янгиламоқчи бўлса, оёқни ўзини ювиб олишнинг ўзи кифоя қилади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Яқин кунларда Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда машҳур қувайтлик қори “Шайх Мишарий Рошид Aл-Aъфасий” иштирокида “ал-Aъфаси” Қуръони карим академияси очилади.

Малайзия қироличаси Aзиза Aмина Маймуна пойтахт Куала-Лумпурдаги Қироллик саройида (Истна Негара) қувайтлик машҳур ҳофизул Қуръон, шайх Мишарий Рошид ал-Aъфасийни қабул қилди.

Қиролича Aзиза Aмина Маймуна хоним Шайх Мишарий Рошид ал-Аъфасий бошчилигидаги делегация шарафига зиёфат берди. Учрашувда Селангор қироличаси Нурхоним Aл-Aшекин бинт Aбдурроҳман ва бир қатор шаҳзода ва маликалар ҳамда расмийлар иштирок этди.

Шайх Мишари Рошид ал-Aъфасий Малайзияга етти кунлик ташрифи доирасида Қуръони каримни ўрганиш бўйича “ал-Aъфасий” Академиясининг очилиши тадбирида қатнашади.

Шайх Мишари ал-Aъфасийнинг Малайзияга ушбу учинчи ташрифи катта эътиборга сазовор бўлди. Малайзиялик намозхонлар шайх билан намоз ўқиш билан бирга араб тилини билмайдиганлар учун Қуръонни тажвид қоидаси асосида ўқиш бўйича семинарларда қатнашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шайх Мишарий Рошид Aл-Aъфасий Қувайтдаги Марказий жоме масжид имом-хатиби, Қувайт Вақфлар ва Ислом ишлари вазирлиги воизи, Ҳофизул Қуръон ва нашидлар ижрочиси ҳамда араб ва ислом дунёсида тарқалган нашрлар муаллифи саналади.

 

ЎМИ халқаро алоқалар бўлими

Фахриддин домла Шайзақов
Жиззах шаҳар бош имом-хатиби

Шу йил 8-9 декабрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов диний соҳа вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси билан бирга Москва шаҳрида ўтказилаётган Волга Булғори халқларининг расман исломни қабул қилганининг 1100 йиллиги (922-2022) ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларининг 1400 йиллиги (622-2022)га бағишланган “Адолат ва мўътадиллик: Дунё тартибининг илоҳий тамойиллари” мавзусидаги XVIII Халқаро мусулмон форумида қатнашмоқда.

Мазкур халқаро анжуманда 30 дан ортиқ хорижий давлат вакиллари билан бир қаторда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ва Ўзбекистон халқаро ислом проректори Зоҳиджон Исломовлардан иборат Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Жумладан, Иброҳимжон домла Иномов сўзга чиқиб, Россиядаги диний соҳа раҳбарлари ва форум иштирокчиларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг салом ва дуоларини етказдилар. Шунингдек, Волга Булғори халқлари уламоларини муборак сана муносабати билан муборакбод этиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, муборак динимиз ривожига ҳисса қўшган юртимиз ва Буғор ўлкасидан етишиб чиққан буюк алломалар тўғрисида манфаатли ва таъсирчан мавъиза қилдилар.

Нуфузли анжуманда Ўзбекистон делегацияси вакиллари Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси, Россия муфтийлари кенгаши раиси, муфтий Шайх Равиль ҳазрат Гайнутдин ва бошқа мутасадди вакиллар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича мулоқот бўлиб ўтди ва унинг доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовга эсдалик ҳадя тақдим этилди.

Маълумот учун, Баъзи манбааларда Волга (Идил) булғорлари Исломни милодий 922 йили қабул қилишган, дейилади.
Ислом дини ёйилиши баробарида Булғор мамлакатида Қуръони карим ва унинг тафсирлари ҳам пайдо бўла бошлайди. Туркий халқлар орасида маълум Табарий, Абу Бакр, Абдуссалом Қазвинийлар тафсири жуда катта – ўттиздан уч юз жилдгача бўлгани учун ундаги мазмун ва қиссаларни бадиий асар қилиш ҳам шакллана бошлади. Рабғузийнинг “Қисас ул-анбиё”, Маҳмуд Булғорийнинг “Жаннат эшиги”, Сайфи Саройининг “Туркий Гулистон” каби асарлари шулар жумласидандир.

Ўн тўққизинчи асрга келиб, татарлар орасидан Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилган олимлар етишиб чиқди. Бу соҳадаги илк уринишни таниқли аллома Абдунносир Курсавий (1776-1812) амалга оширди.
Ўша даврда Иван Николаевич Харитонов босмахонаси ном чиқарган эди. Татар ноширларининг ҳар қандай буюртмасини уддалашга қодир бўлган бу босмахонада ҳам Қуръони карим чоп этилди.

Қуръони каримнинг босма нусхасини Харитоновдан аввал Қозондаги “Сабоҳ” ва “Умид” босмахоналари эгаси Ҳабибраҳмон Забиров ҳам кўп нусхада чоп этган ва бу нусхалар Татаристондан ташқари Русия ҳамда Ўрта Осиёдаги бошқа мусулмон ўлкаларда ҳам кенг тарқалган эди.

Қуръони каримнинг Қозон босмаси тарихи бу билан тугамайди. Ҳозир у дунёнинг кўпгина мусулмон ўлкаларида қайта-қайта чоп этилмоқда ва минглаб-миллиёнлаб мусулмонларнинг Аллоҳ каломи билан ошно бўлишларига имкон яратмоқда. Русия диёридаги илк босма китоблардан бўлган Қозон босма Қуръоннинг турк-татарларни Ислом асослари билан таништиришдаги аҳамиятини, бу соҳада татар матбаачилари ва ноширларининг хизматларини муносиб баҳолашга эса сўз бойлигимиз камлик қилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пятница, 09 Декабрь 2022 00:00

Тилимизга эҳтиёт бўлайлик

Аксарият давраларда бўлиб қолсак, шу даврада бўлмаган кимнингдир ҳаётига доир мавзуда гап очилади. Бировнинг кийган кийими борми, минган автомашинасими ёки қилганданғиллама тўйими қизғин муҳокама қилинади. Билиб, билмай кимлардандир эшитган гапларимиз аосида ўзганинг ҳаётини муҳокама қиламиз. Яна ўзимизга таскин бериш мақсадида “Ғийбати эмас, сифати”, - деб, гапирган гапларимизни оқламоқчи бўламиз.

Икки кишининг боши бирикса албатта, гап мавзуси “эшитдингизми?.....”  деган сўзлар билан ўзгалар ҳаёти тўғрисида гап кетади. Гуёки, суҳбатлашишга  бошқа мавзу йўқдек.Аслида биз гапирган гапларимиз ғийбат эканлигини биламиз, лекин  буни  тан олгимиз келмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғийбатга шундай таъриф  берганлар: “Биродаринг эшитса, хафа бўладиган хислатларни айтишинг ғийбатдир”. Саҳобалар: “Агар биз айтган хислат унда бўлса-чи?”, деб  сўрашганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Бор  хислатларни айтсанг, ғийбат, йўқ  хислатларни айтсанг,  бўҳтондир”, деганлар.

Кишининг жисмидаги нуқсон билан айблаш ёки насл насабини, ҳаракатини, сўзларини, дину-диёнатини, дунёсини, кийимларини, яшаш жойлари, уловини камситиш ғийбат бўлади.

Қўл ҳаракати, кўз қисиш, ишора қилиш каби ҳоллар билан хам кишини  масҳара қилишмумкин эмас. Қуръони каримнинг “Ҳумаза” сураси 1-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:“Ҳар бир обрўтўкувчи ва айбловчига “вайл” бўлсин”.

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар,мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчиликларини қидирса, Аллоҳ таоло ўзинингкамчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади”, дедилар.

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам айтдилар: “Меърож кечаси баъзи инсонларнинг  олдидан ўтдим, улар темир тирноқлари билан юзларини ва кўкракларини юлиб  турганларини кўрдим. Жаброил алайҳиссалломдан уларнинг кимлигини  сўраганимда, Жаброил: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган, уларнинг иффат-номусларини тўкадиган одамлардир(яъни ғийбатчилардир)”,деди”.

Ғийбат қилган ё ғийбатга қулоқ солган киши гуноҳданфориғ бўлиши учун Аллоҳ таолога чин дилдан тавба-истиғфор айтиб пушаймон бўлиши, қайта ғийбат қилмасликка аҳд қилиши зарур. Ғийбат қилган одамидан эса кечирим сўраб, унинг розилигини олиши, агар у оламдан ўтган бўлса, камбағал, етим-есирларга хайр-эҳсон улашиб, савобини унинг руҳониятига ҳадя қилиши керак.

Хулоса ўрнида шоирнинг:

“Мен  хеч  кимни  демайман ёмон,

Ўз кунларига бўлсинлар омон.

Фақат  дейман адашиб кетманг,

Жаннат  қолиб, жаҳаннам томон”, деган сўзларини келтирмоқчиман.

Б.Қўчқарова- Жомбой туман бош имом-хатибининг

Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.

Мақолалар

Top