Мақолалар

Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай хабар беради:

“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тин сураси, 4-оят).

Инсон шунга мувофиқ ўз даражасига қараб иш тутмоғи лозим бўлади.  Ислом таълимотида инсон жисмини пок тутиши, тоза ва хушбўй бўлишига тарғиб ва ташвиқ   қилиниб, гўзаллик  белгиланган чегарадан чиқмаслиги ҳам алоҳида зикр этилган.

Азалдан аёллар пардоз қилишга мойил бўлганлар. Момоларимизнинг қилган пардозлари ҳам табиий воситалардан бўлган. Айниқса табиий мойлар, гул ва ифор ёғлари, сурма, хина, ўсмадан пардоз учун фойдаланиб келишган. Шунинг учун ҳам улар ҳатто 70-80 ёшларида ҳам ўз гўзалликларини йўқотишмаган.

Аммо кейинги вақтларда нафақат ёшлар,  балки  катта ёшдаги аёлларда ҳам кўз, қош  ва лабларни сунъий бўяш (татуаж,  растушовка) қилдириш, танага расм солдириш (татуировка) русмга кириб бормоқда.  Бу жараёнлар оғриқли бўлсада, аёлларимиз гўзаллик олдида ҳар нарсага тайёр эканликларини намойиш қилмоқдалар. Аслидачи, Аллоҳ таоло манъ қилган бу пардозларни соғлигимизга  жиддий зарар келтиришини ўйлаб кўришармикан?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

Аллоҳ уни (шайтонни) лаънатлади. (У) деди: «Албатта, бандаларингдан белгиланган (маълум) улушимни олурман,  уларни адаштираман, уларни ҳою ҳавасга чўктираман. Уларга буюраман – ҳайвонларнинг қулоқларини кесадилар. Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар». Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди(Нисо сураси, 118-119 оятлар).

“Татуаж”, “Растушовка”  -  жараёни ҳақида соҳа мутахассислари ўз фикрларини билдирганлар. Татуаж — пермамент пардоз, яъни юздаги аъзолар — қош, кўз ва лабни узоқ вақтгача кетмайдиган қилиб бўяб, пардоз бериш. Пермамент пардозда санаб ўтилган аъзоларнинг терисига татуаж учун мўлжалланган игна ёрдамида махсус бўёқ юборилади. Бу пигментларнинг узоқ вақт ушланиб туришини таъминлайди. Пермамент пардоз муолажаси оғриқли бўлиб, бир-икки соатга чўзилади. 
Аммо сохта зебнинг  инсон организми учун зарарлари  тузатиб бўлмас асоратларга олиб келиши ҳам мумкин..

Қош татуаж қилинганда қошлар илдизининг йўқ бўлишига олиб келиб,  уларнинг тўкилишига сабаб бўлади. Кўзларга татуаж қилинганда эса кўзнинг кўриш қобилиятига, қовоқ териларининг сезувчанлигига салбий таъсир этади. Лаблар татуаж қилинганда эса оғиз атрофида шишлар пайдо бўлади.

Бу муолажаларда игна билан тери тешилгани боис организм турли инфекцияларга  берилувчан бўлиб қолади. Тери тешикларига эса турли кимёвий бўёқлар киритилиши натижасида  аллергия касалликларини келтириб чиқаради.

“Татуировка” -  игна билан асаб томирларига зарар етказиб, танага сурат солдиришдир. Бу оғриқли жараён бўлиб, инсон ўз-ўзига шикаст етказади. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича “татуировка” қилдирган инсонларда 20 дан ортиқ касалликка чалиниш кўрсаткичи юқори бўлар экан. Татуировка бўёғи таркибида саратонни юзага келтирадиган омиллар мавжуд. Бўёқлар ўзида  инсон организми учун зарарли бўлган металларни, яъни симоб сульфиди, хром, кадмий, қўрғошин, титан, альюминий, кобальт сақлайди. Татуировка асбоблари билан гепатит Б, С ҳамда ОИВ инфекциясини юқтириб олиш жуда осон. Татуировкаси бор инсонларнинг гепатит С касаллигига чалиниш хавфи, оддий одамларга қараганда, 9 баравар юқори бўлади.  «Mycobacterium haemophilum» бактерияси сил ва мохов касаллигини чақиради, одамларда иммун тизимини сустлаштиради. Бу бактерия эса фақат татуировка чиздиргач юзага келади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳусн учун, игна билан аломатлар чизувчи ва чиздирувчи, қош терувчи, тиш орасини кенгайтирувчи аёлларга (яъни, Аллоҳ таоло яратган аъзоларни ўзгартирувчи аёлларга) Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин!”, - дедилар (Имом Бухорий ривояти, 5948-ҳадис).

Аллоҳ таоло  ато этган ҳар бир неъматнинг қадрига етишимиз, Ўзи қайтарган ҳар бир ишдан қайтишимиз даркор. 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Read 26588 times
Top