Фиқҳ

Фиқҳда луғатга оид биринчи китобни биласизми?

Барчамизга маълумки, қадим Мовароуннаҳр диёридан Ислом тамаддуни учун ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшган етук ва мўътабар алломалар етишиб чиққан. Мисол тариқасида имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридий ва имом Замахшарий ва бошқаларни эсга оламиз. Ислом оламида  турли илмларга оид битилган асарларда Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Балх ва Насаф каби жой номларига дуч келамиз. Бу диёрларда илм мактаблари ривожланган бўлиб, ўзининг ҳосилини бутун дунёга машҳур қилган. Мисол учун, Бухоро имом Бухорий билан, Хоразм имом Замахшарий билан, Самарқанд  имом Мотуридий билан, Балх  имом Термизий билан, Насаф эса  насафийлар билан танилган. Биргина Насаф (ҳозирги Қарши) диёрида юзлаб алломалар яшаб, турли илмларда ижод қилганлар. Улардан бири Имом Абу Ҳафс Умар Насафий ҳазратларидир.

       Имом Абу Ҳафс Насафийниг тўлиқ исмлари Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Луқмон бўлиб, куняси Абу Ҳафсдир. Имом Насафий туғилган йиллари ҳижрий 461 (милодий 1068) бўлиб, Насафда таваллуд топган. У киши юксак ҳифз билан танилган имомлардан бири бўлиб, фозил имом, мутакаллим, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, ҳофиз, адиб ва наҳвшунос бўлганлар. Ислом илмларининг барчасида моҳир бўлиб, шу илмларда ижод қилган, китоблар тасниф этган. Устозлари кўп бўлиб, шулардан бири Садрул ислом Абул Юср Муҳаммад Баздавийдир. Ундан фиқҳни таълим олган. Калом илмини машҳур мутакаллим имом Абу Муин Насафийдан таълим олган. Шогирдлари ҳам кўп бўлиб, машҳурлари: ўғли Абу Лайс Аҳмад Насафий ва “Ҳидоя” соҳиби имом Бурҳониддин Марғинонийдир.

       Имом Абу Ҳафс Нажмиддин Насафий ўзидан ислом меросига кўплаб қимматли ва мўътабар асарлар қолдирган бўлиб, бу асарлар турли фанларга бағишланган. Шулардан бири “Тилбатут талаба” асаридир. Бу китоб фиқҳ илмига бағишланган бўлиб, тўлиқ номи “Тилбатут талаба фил истилаҳатил фиқҳия ъала алфазил кутубил ҳанафия”дир. Яъни, “Ҳанафий фиқҳи китобларида келган фиқҳий истилоҳлар борасида талабаларнинг излаганлари” деган маънони англатади.

       “Тилбатут талаба” асари фиқҳда луғатга оид биринчи китоб бўлиб, замонавий тил билан айтганда энциклопедик китобдир. Муаллиф унда ҳанафий уламолари ўз асарларида қўллаган лафзлар ва сўзларнинг маъноларини тўплаган. Асарда муаллиф фақат ҳанафий фиқҳига доир истилоҳларни келтириб, бошқа мазҳабларга мурожаат қилмаган. Бу ҳақда олим асарнинг таҳорат бобида шундай дейди: “Бу китобни тасниф этишдан мақсадим - ҳанафий машойихларимиз ўз китобларида келтирган лафзларни шарҳлашдир”.

       Асарда имом Насафий илм толибларининг билиши қийин бўлган фиқҳий таърифларни ифода этишга ҳаракат қилади. Биринчи, ҳар бир лафзнинг луғавий маъносини келтириб, изидан фиқҳий истилоҳий маъносини келтиради. Сўнгра ўша лафзга тегишли Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифдан шоҳидларни келтиради.

       Муаллиф асарни фиқҳ боблари тарзида ёритади. Мисол учун, таҳорат бобидан бошлаб, истиҳлоф ва тазкия бобида тугатади. Ҳар бир бобга тегишли истилоҳларни мавзуга бўлмасдан тўғри келтиради. Масалан, таҳорат китобини “таҳур” (طهور) баҳси билан бошлаб, ундан кейин “истинжо” баҳсига ўтади.Чунки, истинжо мавзуси фиқҳий китобларда таҳорат бобининг сўнгида келади.  Бундан билинадики, муаллиф бу борада тартибга эътибор бермаган.        Имом Насафий асарни тасниф қилишда баъзи фиқҳ ва луғатга доир китоблар, тафсир ва ҳадис китобларидан фойдаланади ва уларнинг номларини очиқ зикр қилади. Баьзиларининг номларини  эса зикр қилмайди.

       Имом Насафий асарнинг муқаддимасида китобнинг ёзилиши сабабини келтириб, шундай дейди: “Бир жамоа аҳли илм мендан фиқҳ луғатидағи бегона лафзларни тушунмаган ва машойихларимиз китобларида зикр қилинган араб лафзларини билишда моҳир бўлмаганлар учун мушкил истилоҳларни шарҳлашни сўрашди. Аллоҳдан ёрдам сўраб, бу китобни жамладим”.

       Хулоса ўринда шуни айтамизки, бу китоб илм толиблари фойдаланадиган нодир китоблардан биридир. Келгусида бу китоб борасида илмий иш ва тадқиқотлар олиб борилиб, она тилимизга таржима қилинади,  деган умиддамиз.

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти

талабаси

Халилуллоҳ ЮСУФ

тайёрлади

Read 6998 times
Top