Кутубхона

Қуръон илмлари: ВАҲИЙНИ ТУШУНИБ ЕТМАСЛИК

Юқорида баён қилинган ваҳий ҳолатини тушуниб етмаслик кўп нарсаларга тўсиқ бўлиши турган гап. Бу улкан ҳақиқатни ўрганмай туриб, ўзича «хулоса чиқариш» ва бу хулосани бошқаларга «илмий ҳақиқат» дея тақдим қилиш энг ёмон нарса эканини мактабда ўқиб юрган чоғимда англаб етган эдим. Бир куни бўш қолган дарс соатида мактабимизнинг мудири синфимизга кириб, бизга «таълим» бера бошлади. Мудир Қуръони Карим ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни айтди: «Муҳаммад Пайғамбар бир тўп илмли одамларни тўплаб, уйга қамаган. «Битта китоб ёзасанлар», деган. Китоб ёзиб бўлингандан сўнг ҳалиги одамларни қатл қилган. Сўнгра китобни бедапояга қўйиб, одамларни чақирган ва «Менга осмондан китоб тушди», деб ҳалиги китобни кўрсатган. Шунинг учун кексалар «Бедапояга бавл қилиб бўлмайди», дейишади...»

Мудир синф хонасидан чиқиб кетиши билан болалар орасида муҳокама бошланди. Ҳамма мудирнинг гапига ишониб бўлмаслигини таъкидлади-ю, аммо бирор киши бор ҳақиқатни айта олмади. Ҳақиқатни муллалар билишини таъкидлашди. Мен уйга боргаиимда отамизга бўлиб ўтган ҳодисани айтган эдим, у киши менга керакли нарсани қисқача тушунтириб бердилар.

Ваҳийнинг ҳақиқатини тушуниб етмаслик фақатгина мактабимиз мудири каби даҳрийлик тузуми одамларига тегишли эмас. Бундан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамаср бўлган мушриклар ҳам бу ҳақиқатни инкор қилиб, Қуръони Карим ҳақида ўзларича турли уйдирмалар ва бўҳтонлар тўқиган эдилар.

Мазкур бўҳтонлар турли-туман тахминлардан бошқа нарса эмас эди. Минг афсуски, уларнинг барчаси Қуръони Каримга қарши айтилган эди. Энг ёмони, ҳозиргача айтилиб келмокда. Шу билан бирга, бу нарса Аллоҳ таолонинг инояти ила қайсидир маънода Қуръони Каримнинг ҳақ эканига хизмат ҳам қилмоқда. Мазкур бўҳтонлар асоссиз экани ўз исботини топган сайин, кишилар Қуръони Каримиинг ҳақ эканига яна ҳам қатъийрок ишонч ҳосил қилмоқдалар.

Қуръон илми машойихлари бу мавзуга алоҳида эътибор билан қарайдилар. Қуръоии Каримга қарши тўқилган бўҳтонларга эринмасдан раддиялар қиладилар. Чунки бунда Қуръони Каримнинг ҳақ эканини англатиш, Қуръон душманларининг бўҳтонлари ноҳақ эканини баён қилиш учун қулай фурсат бор.

Қуйида мазкур бўҳтонлардан ҳамда уларга қарши Қуръони Каримнинг ўзи ва машойихларимиз тақдим қилган раддиялардан баъзиларини ўрганамиз.

  1. «Қуръон алғов-далғов туш кўраётган мажнуннинг гапидир» деган даъво.

Араблар назарида алғов-далғов тушлар жиннилик жунбушидан бўлади, деган тушунча бор эди. Шунинг учун ҳам улар ўзларига ваҳий нозил бўлаётганини айтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳакдарида «Бу алғов-далғов туш кўраётган мажнун» деган гап тарқатишди.

Аллоҳ таоло Духон сурасида марҳамат қилади:

ثُمَّ تَوَلَّوۡاْ عَنۡهُ وَقَالُواْ مُعَلَّمٞ مَّجۡنُونٌ١٤

«...ва: «Бу ўргатилган мажнун», дедилар» (14-оят).

Қалам сурасида шундай деб марҳамат қилади:

وَإِن يَكَادُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ لَيُزۡلِقُونَكَ بِأَبۡصَٰرِهِمۡ لَمَّا سَمِعُواْ ٱلذِّكۡرَ وَيَقُولُونَ إِنَّهُۥ لَمَجۡنُونٞ٥١

«Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлурлар ва: «Албатта, у мажнундир», дерлар» (51-оят).

Аллоҳ таоло уларнинг бу бўҳтонларини рад қилиб, Ўз Набийсига тасалли бериб, Қалам сурасининг аввалида шундай деган эди:

نٓۚ وَٱلۡقَلَمِ وَمَا يَسۡطُرُونَ١ مَآ أَنتَ بِنِعۡمَةِ رَبِّكَ بِمَجۡنُونٖ٢

«Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам. Сен Роббинг неъмати ила мажнун эмассан» (1-2-оятлар).

Араблар дастлаб у зотга нозил бўлаётган ваҳийнинг ҳолатини тушуна олмай, турли гапларни айтиб кўришди. Лекин ўзлари қилаётган туҳматларга уларнинг ўзлари ҳам ишонмае эдилар. Аллоҳ таоло уларнинг бу масхараомуз ҳолатларини тасвирлаб, Анбиё сурасида қуйидагиларни айтади:

بَلۡ قَالُوٓاْ أَضۡغَٰثُ أَحۡلَٰمِۢ بَلِ ٱفۡتَرَىٰهُ بَلۡ هُوَ شَاعِرٞ فَلۡيَأۡتِنَا بِ‍َٔايَةٖ كَمَآ أُرۡسِلَ ٱلۡأَوَّلُونَ٥

«Улар: «Балки, алғов-далғов тушлардир, балки, ўзи уйдириб олгандир, балки, у шоирдир. Бас, бизга аввалгиларга юборилганидек, мўъжиза келтирсин», дедилар» (5-оят).

Улар Қуръоннинг содир бўлишини ухлаган кишининг туши, мажнуннинг довдираши, тўқиб чиқарилган нарса, ёлғончининг уйдирмаси, шоирнинг илҳоми каби алланималарга ўхшатмоқчи бўлишди. Ояти каримадаги «балки» сўзининг уч бор келиши уларнинг ўзлари айтаётган гапларига ўзлари ишонмаётганларини билдиради. Соддагина қилиб, «Аллоҳнинг ояти» дейиш ўрнига шунчалик тубанлик, маккорлик ботқоғига ботишди.

Қуръон ваҳийсини «туш» дейдиганларнинг гумонлари ҳақиқатдан мутлақо йироқ тушунчадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари ҳар қандай ҳолатда уйғоқ бўлиши, кўзлари ухласа ҳам, қалблари ухламаслиги маълум ва аниқ бўлиши билан бирга, Қуръони Каримнинг бирор ояти тушда нозил бўлган эмас. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳийни тушуниб, ўзларига сингдириб олиш хусусиятлари дастлабки «Иқроъ» сураси ваҳий бўлганидан то Қуръоннинг охирги ояти нозил бўлиб, Рафиқи Аълога риҳлат қилгунларига қадар бардавом бўлган. Бу ҳақикат кўплаб саҳиҳ, ишончли хабарларда такрор-такрор келган.

Шу ўринда баъзи муфассирлар ва замондош ёзувчиларнинг, яхши ният билан бўлса-да, «Ҳиро ғорида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дастлабки ваҳий нозил бўлга нида, у зот ухлаган бўлганлар», деб тасаввур қилишлари хато эканини таъкидлаб қўймоғимиз лозим.

Балки Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари ҳамда бошқа ишончли манбаларда келганки, илк ваҳий но­зил бўлган пайтда ҳам у зот уйғоқ ҳолда ҳақиқатни излаб, Аллоҳ таоло ҳақида тафаккур қилиб ўтирган бўлганлар. Шунинг учун ҳам қўрқиб, қалблари изтиробга тушган, баданлари титраган ҳолда Хадижа розияллоҳу анҳонинг олдига келганлар. Агар бу иш уйқуларида содир бўлганида, уйғонганларидан кейин қўрқинчлари кетган бўларди. Балки иш Қуръони Карим Нажм сурасида айтганидек бўлган:

مَا كَذَبَ ٱلۡفُؤَادُ مَا رَأَىٰٓ١١ أَفَتُمَٰرُونَهُۥ عَلَىٰ مَا يَرَىٰ١٢

«Қалб (кўз) кўрганини ёлғонга чиқармади. У билан ўзи кўрган нарса устида тортишасизларми?!» (11-12-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, қилган тасарруфлари ҳозиргача энг тўғри сўз, энг одил ечим бўлиб келаётир. У кишининг инсоният учун қилган хизматлари, келтирган манфаатлари башарият тарихида бирор инсондан содир бўлмаганига тарихнинг ўзи гувоҳ. Буни нафақат мусулмонлар, балки кофирлар ҳам баралла айтишмоқда. Бу нарса ҳатто исбот талаб қилмас ҳақиқатга айланиб бўлди.

Ана шундай зотга қадимги мушриклар турли алғов-далғов гапларни айтадиган «жинни» дея туҳмат қилишган бўлса, бугунги Қуръон душманлари бу гапни «илмий» асосда таржима қилиб, «Муҳаммад истерия хасталигига мубтало бўлган, касали тутган пайтдаги ҳар хил гапларни одамларга Қуръон деб айтган», дея бонг уришмоқда. Юқорида келтирилган мисолларда айтилган гапларни истерия хастали­гига учраган одам гапира олмаслигини мазкур хасталикдан кўра оғирроқ дардга учраганлар ҳам айтмаса керак...

  1. «Қуръонни Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзи тўқиб олган», деган даъво.

Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончиликда айблар, «Қуръонни ўзи тўқиб олган, «Аллоҳдан тушяпти», дегани ёлғон», дейишган. «Уйдирмачининг бўҳтонлари» ёки «ёлғончининг териб олган гаплари» каби бундай даъволарни арабларнинг ўзлари Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида берган гувоҳликлари рад қилади. Чунки улар у зотни содиқлик ва омонатдорлик сифатлари билан сифатлашар эди. Уйдирмачи ва ёлғончиларнинг асл башаралари тез кунда очилиб қолади.

Хўш, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси нарсада ёлғон гапирдилар? Ғайб маълумотларидами, ўтган замон хабарларидами ёки келаси замон даракларидами?

Чегараланган араб маданияти ўша даврда ушбу соҳада ким ёлғончи-ю, ким ростгўй эканини ажратиб берадиган даражадаги ҳакамлик имкониятини бера олармиди?!

Дарҳақиқат, Қуръони Карим борлиқ ва ундаги мавжудотларнинг дастлабки яратилиши, уларнинг муқаррар бориш жойининг васфини қилган. Охиратнинг неъматлари ва унинг аламли азобларининг тафсилотини айтгаи. Жаҳаннам эшикларининг ададини ва ҳар бир эшик олдида вакил қилинган фаришталарнинг ададини санаган. Шуларнинг барчасини Китоб берилган илм аҳлларининг кўз ўнгида араблар олдига кўндаланг қўйган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда ушбу кенг ғайбий маърифат қаердан пайдо бўлиб қолди?! Ваҳоланки, у зот бутпараст, саводсиз қавмлар орасида яшар эдилар. Ёки бу маърифат ушбу қавмга осмондаги юлдузлардан тушдими ёхуд Шеърою Миррих юлдузларидан келдими?! У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлиқдан олдин улар орасида қирқ йил яшамадиларми?! Қирқ ёшга етганда энди адашиб, иғвога тушдиларми?! Уларнинг ўзлари у зот­ни «Ростгўй», «Ишончли» деб номламаганмидилар?!

Аллоҳ таолонинг ўша ростгўй ва ишончли зотга уларни жим қилиб қўядиган илмни бериши ажабланадиган нарсами?!

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

قُل لَّوۡ شَآءَ ٱللَّهُ مَا تَلَوۡتُهُۥ عَلَيۡكُمۡ وَلَآ أَدۡرَىٰكُم بِهِۦۖ فَقَدۡ لَبِثۡتُ فِيكُمۡ عُمُرٗا مِّن قَبۡلِهِۦٓۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ١٦

«Сен: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл юритиб кўрмайсизларми?» деб айт» (16-оят).

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келгунича ҳам қирқ йил давомида уларнинг ичида яшаган эдилар. Яхши сифатлари билан уларнинг орасида машҳур бўлган эдилар. Хусусан, ўта ростгўй бўлганларидан Амин деган лақабни олган эдилар. Араблар у зотнинг исмларига қўшимча қилиб, «Муҳаммад ал-Амин» - «Ишончли Муҳаммад», деб қўйишар эди. Ана шундай сифатларга эга бўлган одам қирқ ёшга кирганида бирдан ёлғон гапириб қолиши, хусусан, Аллоҳнинг номидан ёлғон гапириши ҳеч бир ақлга сиғадими?! Ўзини билган ҳар бир одам, ҳатто душман, кофир бўлса ҳам, бу ҳақиқатни дарҳол англаб етарди. Рум императори Ҳирақл билан Абу Суфён ва унинг шериклари ўртасида бўлиб ўтган машҳур суҳбатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳам тилга олинган эди.

Ўшанда Ҳирақл Абу Суфёндан: «Гапларини айтишидан олдин уни ёлғонда айблар эдингизми?» деб сўради. Ўша пайтда куфрнинг боши, мушрикларнинг раҳнамоси бўлган Абу Суфён: «Йўқ», деб жавоб берди. Шунда Ҳирақл: «Аниқ биламанки, одамлар шаънига ёлғон гапирмабдими, Аллоҳ шаънида ёлғон тўқиши мумкин эмас», деди.

Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етгунларича Қуръон ва Ислом ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган эдилар. Чунки у киши бундай ишлар бўлиб кетишини ўйламаган ҳам эдилар. Қирқ ёшга кирганларида, Аллоҳдан ваҳий келди ва у киши амри илоҳийга итоат этиб, ўша ваҳийни одамларга етказа бошладилар. У зот Аллоҳ ҳақида ёлғон гапиришлари мумкин эмас эди. Агар шундай қиладиган бўлсалар, Аллоҳ у зотни ўз ҳолларига ташлаб қўймасди, балки жазолар эди. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайбий илмларга оид айтган сўзларини аввалги илоҳий китоблардан хабардор инсофли шахслар ҳам тан олишар эди.

Энди Қуръонда келган тарихий маълумотлар, келажакка оид хабарлар ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Қуръони Карим ўтган замон хабарларидан қай бирини келтирган бўлса, энг ибратлисини, ўтган умматлар қиссаларидан энг гўзалларини ҳақиқат асосида келтирди ва олдинги китоблардаги хатоларни тўғрилади. Улардаги анбиёларнинг маъсумлигига футур етказадиган янглиш тушунчаларни ислоҳ қилди. Баъзи та­рихий адашишларни рад этди. У тарихий қиссаларни баён қилар экан, тингловчи ўша воқеаларнинг шоҳиди ва кузатув-чиси сифатида ўзини гўё ўша воқеъликнинг эгалари орасида, уларнинг асрида яшагандек ҳис этадиган қилиб тасвирлади.

Масалан, Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг хабарини Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, у кишининг қавмлари – Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар. Ана шу одамларга улар учун номаълум бўлган илм – Нуҳ алайҳиссалом ва қавмларининг хабари ваҳий йўли билан келди.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида Ўз Набийсига Нуҳ қиссасини айтиб бериб, сўнгра қуйидагиларни айтади:

«Булар ғайб хабарларидан бўлиб, уларни сенга ва­хни қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам бил­мас эдинг ва сенинг қавминг ҳам. Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир» (49-оят).

Аллоҳ таоло Қосос сурасида Мусо алайҳиссаломнинг Мадян ва Мисрда ўтказган кунлари, у ердаги ҳодисаларнинг узун тафсилотларини келтирар экан, сўнгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дейди:

وَمَا كُنتَ بِجَانِبِ ٱلۡغَرۡبِيِّ إِذۡ قَضَيۡنَآ إِلَىٰ مُوسَى ٱلۡأَمۡرَ وَمَا كُنتَ مِنَ ٱلشَّٰهِدِينَ٤٤

«Биз Мусога ишни ҳукм қилган пайтимизда, сен ғарбий томонда эмас эдинг ва гувоҳлардан ҳам бўлмагансан» (44-оят).

Яъни «Биз Мусога пайғамбарликни, Таврот ва унинг ҳукмини берган пайтимизда, сен Тур тоғининг ғарбий томонида эмасдинг. Бу ишга гувоҳ ҳам бўлмагансан».

Қуръон нозил бўлгунига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссалом ва қавмлари ҳақида ҳеч нарса билмаганларидан, бу тўғрида бир оғиз ҳам сўз гапир­маган эдилар. Акс ҳолда душманлар дарҳол юзларига солар эди. Шундай бўлишига қарамай, Қуръонда Мусо алайҳиссаломнинг қиссаси батафсил келиши, ҳатто яҳудий ва насронийларнинг бу борадаги хатоларини тўгрилаши Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканига ёрқин далилдир.

وَلَٰكِنَّآ أَنشَأۡنَا قُرُونٗا فَتَطَاوَلَ عَلَيۡهِمُ ٱلۡعُمُرُۚ وَمَا كُنتَ ثَاوِيٗا فِيٓ أَهۡلِ مَدۡيَنَ تَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِنَا وَلَٰكِنَّا كُنَّا مُرۡسِلِينَ٤٥

«Лекин Биз бир неча авлодларни пайдо қилдик, бас, уларнинг умри чўзилди. Сен Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганинг йўқ. Аммо Биз Расул юборувчи бўлдик» (45-оят).

Мусо алайҳиссаломнинг даврларидан кейин бир неча асрлар, қанчадан-қанча авлодлар ўтиб кетди. Бу орада Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари унутилди ёки бузилди. Сен ҳозир Маккада туриб, Мадян хабарларини қавмингга тиловат қилиб бермоқдасан. Бироқ қавминг бунга ишонмаяпти. Мадян қаёқда-ю, Макка қаёқда. Сен тиловат қилаётган Мадяндаги ҳодисалар қачон ўтган-у, ҳозир қайси замон. У ердаги ва у вақтдаги ишлар унутилиб кетган, ҳеч ким билмайди.

«Аммо Биз Расул юборувчи бўлдик».

Ана ўша юборган Пайгамбаримиз сенсан. Сенга мазкур хабарларни Қуръон оятлари орқали етказдик. Фақат сен Пайғамбар бўлганинг учун бу ишлардан энг тўғри хабар­ларни одамларга етказмоқдасан. Шунинг ўзи ҳам сенинг ҳақ Пайғамбар эканингга далилдир.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида саййида Марямнинг Ийсо алайҳиссаломни дунёга келтиришлари, уни кафилликка олишга қуръа ташлашгани, Закариё алайҳиссаломнинг Марямни уз кафилликларига олганларини баён қилиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата шундай дейди:

ذَٰلِكَ مِنۡ أَنۢبَآءِ ٱلۡغَيۡبِ نُوحِيهِ إِلَيۡكَۚ وَمَا كُنتَ لَدَيۡهِمۡ إِذۡ يُلۡقُونَ أَقۡلَٰمَهُمۡ أَيُّهُمۡ يَكۡفُلُ مَرۡيَمَ وَمَا كُنتَ لَدَيۡهِمۡ إِذۡ يَخۡتَصِمُونَ٤٤

«Бу ғайб хабарларидан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Марямни қай бирлари кафилликка олишга қаламларини ташлашаётганларида олдиларида эмасдинг ва тортишаёттанларида ҳам олдиларида эмасдинг» (44-оят).

Шунингдек, Аллоҳ таоло Юсуф сурасида Юсуф алайҳиссалом ва ака-укаларининг ҳаётий қиссаларини узоқ зикр қилиб, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата шундай дейди:

ذَٰلِكَ مِنۡ أَنۢبَآءِ ٱلۡغَيۡبِ نُوحِيهِ إِلَيۡكَۖ وَمَا كُنتَ لَدَيۡهِمۡ إِذۡ أَجۡمَعُوٓاْ أَمۡرَهُمۡ وَهُمۡ يَمۡكُرُونَ١٠٢

«Бу ғайб хабарлардан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар макр қилиб, ишлари ҳақида келишаётганларида, олдиларида бўлмаган эдинг» (102-оят).

Улар ҳасад қилиб, Юсуфни йўқотиш учун макр-ҳийла ишлатиб, маслаҳатлашаётганларида уларнинг олдиларида бўлсанг эканки, бу гаплардан хабардор бўлсанг. Одамлар ибрат олиб, ўзларини ўнгласинлар, тўғри йўлга тушсинлар, деган мақсадда Биз сенга бу қиссани ваҳий қилмоқдамиз.

Юқорида келган мисоллар Қуръони Каримнинг ўтмиш воқеалари, тарихий ҳодисалар хусусида келтирган маълумотларига мисоллар эди. Уларнинг тарихий воқеъликка тўгри келиши, Қуръони Каримнинг тарихий хабарлари ўша даврда қадимги илмларга соҳиб бўлганлар томонидан ҳам, ҳозирда замонавий илм эгалари тарафидан ҳам қайта-қайта ўз исботини тониши бу маълумотларнинг ростлиги, уни етказган зот ростгўй экани, бу хабарларни у зотга Оламларнинг Робби нозил қилганининг энг ёрқин далилидир.

Энди келажак ҳақида берган хабарлари ва уларнинг натижалари ҳақида ҳам бир-икки мисол келтирсак.

Қуръони Карим келажак хабарларидан бир нечтасининг пардасини очди. Улар мушриклар ҳаётида рўёбга чиқиб, уларни ўз кўзлари билан кўришди.

Румнинг Форс давлатидан учраган мағлубиятидан сўнг, Аллоҳ таоло айтганидек, саноқли йиллар ичида қайтадан ғалаба қозониши содир бўлди.

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

الٓمٓ١ غُلِبَتِ ٱلرُّومُ٢ فِيٓ أَدۡنَى ٱلۡأَرۡضِ وَهُم مِّنۢ بَعۡدِ غَلَبِهِمۡ سَيَغۡلِبُونَ٣ فِي بِضۡعِ سِنِينَۗ لِلَّهِ ٱلۡأَمۡرُ مِن قَبۡلُ وَمِنۢ بَعۡدُۚ وَيَوۡمَئِذٖ يَفۡرَحُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ٤ بِنَصۡرِ ٱللَّهِۚ يَنصُرُ مَن يَشَآءُۖ وَهُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلرَّحِيمُ٥

«Алиф лаам миим. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар... Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У ўта иззатлидир, ўта раҳмлидир» (1-5-оятлар).

Рум Форсдан енгилди. Бу ҳодиса арабларга яқин ерда бўлди. Рум ва Форс ерлари Арабистон ярим оролига бевосита чегарадошдир. Румликлар бу мағлубиятларидан кейин тезда, саноқли йиллар ичида қайтадан ғолиб бўлажаклар. Румликлар ғолиб бўладиган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланадилар. Аллоҳ хоҳлаганига нусрат беради. Ва У Зот ўта иззатли (барчадан ғолиб) ва ўта раҳмлидир.

Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамнинг хаёлига, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган ran эди. Шундай бўлди ҳам. Мушриклар Қуръоний хабарни масхара қилиб, кула бошлашди. Улар манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, Аллоҳ таолонинг ўлчови эса бошқа экани хаёлларига келмас эди.

Ушбу ҳодиса ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Шулардан бири улуғ муфассир ва тарихчи имом Ибн Жарир Табарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятидир:

«Мушриклар форсликларнинг румликлардан устун бўлишини орзу қилишар эди. Мусулмонлар эса румликларнинг форслардан устун бўлишини орзу қилишарди. Чунки улар аҳли китоб эдилар. Уларнинг динлари ўзаро яқин эди.

«Алиф лаам миим. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда» оятлари нозил бўлганида, мушриклар:

«Эй Абу Бакр! Сенинг оғайнинг «Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади», демоқда-я?!» дейишди. Абу Бакр:

«Тўғри айтади», дедилар. Улар:

«Биз билан гаров ўйнайсанми?» дейишди. Еттй йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнашди. Етти йил ўтди. Ҳеч нарса бўлмади. Бундан мушриклар шодланишди. Мусулмонлар маҳзун бўлишди. Абу Бакр бўлиб ўтган гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизнингча, «бизъу» (саноқли йиллар) қанча?» деб сўрадилар. Абу Бакр:

«Ўндан оз», деб жавоб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бор, гаровнинг устига яна қўшимча қил ва муддатни икки йилга ошир», дедилар. Икки йил ўтмай туриб, отлиқлар келиб, Румнинг Форс устидан ғолиб келганининг хабарини беришди. Мўминлар бундан шодландилар».

Ояти каримада Румнинг «бизъу», яъни «саноқли йиллар»да ғолиб келиши айтилган эди. Бу ўн йилдан оз муддатда, деганидир. Шунинг учун ҳам мушриклар етти йил ўтса ҳам бирор ran бўлмаганидан хурсанд бўлишди. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом ояти каримада айтилган нарса бўлишига тўла ишончда эдилар. Шунинг учун ҳам у зот ҳазрати Абу Бакрга гаров қийматини оширипши иршод қилдилар. Аллоҳнинг айтгани содир бўлди.

Аллоҳ Азиз, ҳамманинг устидан Ғолиб ва барчага меҳрибондир. Маълумки, Аллоҳ таоло вақти-соати келиб, румликларни форсдан, мусулмонларни мушриклардан устун қилди. Бу оятлар нозил бўлган пайтда ҳеч бир одам боласи румликларнинг форсдан, мусулмонларнинг мушриклардан ғолиб келишини тасаввурига сиғдира олган эмас. Лекин орадан оятда айтилган саноқли йиллар – тўққиз йил ўтиб, румликлар форсликлар устидан ғолиб келди.

Мушриклар Маккада нозил бўлган Қамар сурасида келган оятнинг тасдиғи ўлароқ, ҳижратнинг иккинчи йили Катта Бадрда мағлубиятга учрадилар. Ваҳоланки, бу икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви содир бўлишини Маккада бўлган вақтларида на мушриклар, ва на мусулмонлар асло тасаввур қилмаган эдилар.

Аллоҳ таоло Қамар сурасида деди:

سَيُهۡزَمُ ٱلۡجَمۡعُ وَيُوَلُّونَ ٱلدُّبُرَ٤٥

«У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» (45-оят).

Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда Икрима айтадиларки, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» ояти нозил бўлганда, ҳазрати Умар: «Қайси жамоат енгилади?! Қайси жамоат ғолиб бўлади?!» деган эди. Кейинроқ ҳазрати Умар: «Бадр уруши куни Пайғамбар алайҳиссалом-нинг совутга дам уриб, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» оятини ўқиётганларини кўрганимда, ушбу оятнинг маъносини тушундим», деган».

Имом Бухорийнинг ривоятларида Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни чодир ичида туриб: «Аллоҳим! Сендан Ўзинг берган ахдинг ва ваъдангни сўрайман! Аллоҳим! Истасанг, бугундан кейин Сенга ибодат қилинмайди!» дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ у зотнинг кўлларидан тутиб: «Етар, эй Аллоҳнинг Расули, Роббингизга кўп ёлвордингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совутларининг ичида сакрар эканлар, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» оятини ўқиб чиқдилар».

Бадр урушида сон ва қурол жиҳатидан катта устунликка эга бўлган кофирлар шармандаларча енгилдилар. Уларда тўққиз юз эллик нафар жангчи, етти юзта туя, юзта от, етарлича қурол ва бошка зарур ашёлар бор эди. Мусулмонлар уч юз ўн уч кишидан иборат эдилар, холос. Аллоҳнинг мадади билан мусулмонлар ғолиб келишди. Мушриклардан етмиш киши ўлди, етмиш киши асирга тушди. Мусулмонлардан эса ўн тўрт киши шаҳид бўлди. Аллоҳнинг ваъдаси юзага чиқди.

Ушбу ояти карима улкан мўъжиза ҳисобланади. У Маккада нозил бўлган пайтда мусулмонлар оз сонли ва кучсиз эдилар. Ҳеч ким уларнинг мушриклар устидан ғалаба қозонишларига ишонмас эди. Лекин кўп вақт ўтмай, бу оят ҳаётда – Мадинаи Мунавварада, Бадр урушида ўз ифодасини топди.

Аллоҳ таоло Ҳудайбия йилида мўминларга Масжидул-Ҳаромга киришлари тўгрисидаги берган ваъдасига – хавфдан кейин омонлик ваъдасига хилоф килмади. Сочларини олиб ва қисқартириб, ибодатларининг қазосини бажаришларига берган ваъдасига ҳам хилоф қилмади.

Воқеа бундай бўлган эди: бир куни саҳобаи киромлар тўпланиб ўтирган эдилар, ҳузурларига Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом келдилар ва уларга тушларида ҳаммалари сочларини олдирган ҳолда, эминликда, қўрқинчсиз Масжидул Ҳаромга кириб бораётганларини кўрганларини айтдилар. Ҳамма бу башоратдан хурсанд бўлди.

Ҳижратнинг олтинчи йили Зулқаъда ойининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрани ният қилиб, сафарга чиқдилар. У зот билан бирга муҳожир ва ансорий мусулмонлар, мадиналик араблар – ҳаммаси бўлиб, бир минг тўрт юз киши умрага чиқди. Аммо мушриклар уларнинг йўлларини тўсишди. Охири Ҳудайбияда икки тараф сулҳ тузиб, мусулмонлар ортга қайтишди. Қайтаётганларида, Маккаи Мукаррама билан Мадинаи Мунаввара орасидаги йўлда кечаси Фатҳ сураси нозил бўлди. Унда Аллоҳ таоло жумладан, шундай деган эди:

لَّقَدۡ صَدَقَ ٱللَّهُ رَسُولَهُ ٱلرُّءۡيَا بِٱلۡحَقِّۖ لَتَدۡخُلُنَّ ٱلۡمَسۡجِدَ ٱلۡحَرَامَ إِن شَآءَ ٱللَّهُ ءَامِنِينَ مُحَلِّقِينَ رُءُوسَكُمۡ وَمُقَصِّرِينَ لَا تَخَافُونَۖ فَعَلِمَ مَا لَمۡ تَعۡلَمُواْ فَجَعَلَ مِن دُونِ ذَٰلِكَ فَتۡحٗا قَرِيبًا٢٧

«Батаҳқиқ, Аллоҳ Расулининг тушини ҳақ ила тасдиқлади. Албатта, Масжидул Ҳаромга, иншааллох, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда, қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани билади ва (сизга) бундан бошқа яқин фатҳни қилди» (27-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло мўминларга бир нечта хушхабарни етказмоқда. Аввало, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларини тасдиқламоқда. Қолаверса, Масжидул Ҳаромга кириш албатта насиб этишининг хабарини бермоқда. Ушбу хабарини Аллоҳнинг Узи таъкидлаб бераётганига қарамай, яна Ўзи «иншааллоҳ» - «Аллоҳ хоҳласа» деган иборани ишлатмоқда. Бундай дейиш иймон одобларидан бўлиб, дунёдаги ҳар бир ишни ва воқеани Аллоҳ таолонинг хоҳишига боглашдан иборатдир. Ҳудайбия сулҳидан кейин кўп ўтмай, бу ваъда амалга ошди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тушлари тасдиқланиб, Маккаи Мукаррама фатҳ бўлди. У ердаги барча аҳоли Исломга кирди. Ислом Арабистон ярим оролининг бошқа тарафларига ҳам тарқалди.

Бундан ҳам ажабланарлиси, Аллоҳ таоло Набийсининг шахсини ва обрўсини инсонлардан сақлашни Ўз зиммасига олишидир. Ваҳоланки, ўша даврда у зотни қатл қилишга рағбатлилар атрофларида тўлиб-тошар эди. Шундай таҳликали бир пайтда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни одамлардан Ўзи сақлашини баралла эълон қилди.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلرَّسُولُ بَلِّغۡ مَآ أُنزِلَ إِلَيۡكَ مِن رَّبِّكَۖ وَإِن لَّمۡ تَفۡعَلۡ فَمَا بَلَّغۡتَ رِسَالَتَهُۥۚ وَٱللَّهُ يَعۡصِمُكَ مِنَ ٱلنَّاسِۗ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلۡكَٰفِرِينَ٦٧

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (67-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, ҳар қандай шароитда, одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муносбатларига қарамай, даъват қилавериш лозимлигини буюрмоқда. Зотан, пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. «Агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан. Аммо етказиш осон иш эмас. Ислом даъва-ти йўлида тўсиқлар кўп бўлади. Мусулмон даъватчининг душманлари кўп бўлади. Унга қарши тур ли иғво-бўҳтонлар уюштирилади, маломатлар тошлари отилади, обрўсига, молига ва жонига суиқасд қилинади. Аммо бу нарсалардан қўрқма. Чунки сени одамларнинг ёмонликларидан Аллоҳнинг Ўзи асрайди».

Ривоятларда келишича, ушбу ояти карима нозил бўлишидан олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турар жойларини саҳобалардан баъзилари қўриқлаб туришар экан. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг, у зот алайҳиссалом муборак бошларини чодирдан чиқариб, эшик олдида қўриқчилик қилаётган саҳобалар гуруҳига: «Эй одамлар, кетаверинглар, Аллоҳ мени Ўз ҳимоясига олди», деган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни душманга энг яқин масофада турдилар. Ўшанда ўлим у зотга кавушларининг боғичидан ҳам яқинроқ эди, ҳатто Алий каррамаллоҳу важҳаҳу: «Агар уруш қизиб кетса, биз Расулуллоҳнинг ҳимояларига ўтиб олардик, натижада бирор киши душманга у зотдан яқинроқ бўлмай қолар эди», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазотида хачирларини душман томонга ҳайдаб бордилар. Мушриклар юзланиб, у зотни ўраб олишганда, қочмадилар, балки хачирларидан тушиб, гўё ўзларини уларнинг ўқларига тутган ҳолда:

«Мен ҳақ Набийдирман, эмасдир ёлғон!

Абдулмутталибга эрурман ўғлон!» дедилар.

Зотурриқоъда Пайғамбар алайҳиссалом дарахт остига тушдилар ва қиличларини унга осдилару, ёнбошлаб, ухлаб қолдилар. Ёнларида ҳеч ким қолмаган эди. Шунда мушриклардан бир киши келиб, қилични олди-да, у зот­га ўқталиб: «Мендан қўрқасанми?» деди. «Йўқ», дедилар. «Мендан сени нима тўса олади?» деди. «Аллоҳ», деди­лар. У: «Мендан сени нима тўса олади?» деди. «Аллоҳ», дедилар. Учинчи марта ҳам сўраган эди, «Аллоҳ», деди­лар. Ҳалиги одамнинг қўлидан қилич тушиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични олиб: «Энди сени мендан ким тўса олади?» дедилар. У киши ўтириб қолди. Сўнгра Исломини эълон қилди. Ғайб хабарларини бу қадар кескин тарзда айтиш учун ё беҳуда тахминлар ёки ўта ишончли ваҳий бўлиши лозим. Бирор киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда тахминчининг хаёлотларини, уйдирмачилик аломатларини кўрмаган. У зотнинг ростгўй, соғлом ва баркамол инсон бўлганларини дўст ҳам, душман ҳам билган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажак ҳақида Аллоҳдан деб айтган хабарлари воқеъликда содир бўлганининг ўзи у кишининг ҳақ пайғамбар эканлари, ростгўй ва ишончли зот бўлганларининг исботидир. У зотни ёлғончи дейиш иймон келтиришдан қочиш учун ўйлаб топилган бўҳтондан бошқа нарса эмас.

  1. «Мухаммад Қуръонни одамлардан ўрганган», де­ган даъво.

Араб мушрикларидан бир гуруҳи Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга инсонлардан бири ўргатишини фараз қилишди. Ваҳийнинг манбасини Муҳаммад алайҳиссалом шахсларининг атрофидан излай бошлашди. Ўз қабилаларининг одамлари саводсиз бўлгани учун, унга улардан бири таълим берган, деган даъвони қилишга журъатлари етмади. Воқеъликдан маълумки, жоҳил инсон одамларга би­рор нарсани ўргата олмайди. Улар буни яхши билишарди.

Улар тўсатдан хаёлларидаги ўша «муаллим»ни топгандай бўлишди. Бу улкан муаллим ким бўлди экан? Ушбу муҳим илм манбаи ким экан? Бу – румлик гулом, ажам, насроний одам. Маккада темирчилик қилиб, килич ясайдиган шахс. Ўз шевасига кўра ўқиш ва ёзишдан хабардор киши. «Китоб»дан фақат хомхаёлларнигина билади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзан унинг ҳунарини томо­ша қилгани келар эдилар. Бу ҳол саводсиз арабларнинг «Бу унинг муаллими» дейишлари учун қулай фурсат бўлди.

Қуръони Карим уларнинг мазкур пуч хаёлларига ўринли, таъсирли ва қаноатли раддияни берди. Аллоҳ таоло Наҳл сурасида шундай дейди:

وَلَقَدۡ نَعۡلَمُ أَنَّهُمۡ يَقُولُونَ إِنَّمَا يُعَلِّمُهُۥ بَشَرٞۗ لِّسَانُ ٱلَّذِي يُلۡحِدُونَ إِلَيۡهِ أَعۡجَمِيّٞ وَهَٰذَا لِسَانٌ عَرَبِيّٞ مُّبِينٌ١٠٣

 

«Батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга бирорта башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар ишора қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса очиқ-ойдин араб тилидадир» (103-оят).

Муҳаммад ибн Исҳоқнинг Набий алайҳиссалом ҳақларидаги сийрат китобида шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом Марва тепалигидаги Субайда деган жойда Жабр исмли бир насроний ғулом билан ўтирар эдилар. Шундан сўнг Аллоҳ «Батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга бирорта башар таълим бермоқца, холос», дерлар. Улар ишора қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса очиқ-ойдин араб тилидадир» оятини нозил қилди».

Шунга ўхшаш бошқа бир неча ривоятлар ҳам бор. Умумий маъно шуки, мушриклар Қуръоннинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан келаётганини тан олмасдан, «Уни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб чиқармоқда», деган туҳматни қилиб кўрдилар. Аммо ўйлаб кўришса, умрида таълим кўрмаган, ўқиш-ёзишни билмаган одам Қуръонга ўхшаш нарсани тўқиб чиқариши мумкин эмаслигини тушунишлари қийин эмас эди. Шунинг учун ҳам «Унга Қуръонни бирорта одам ўргатмоқда», «Фалончи ўргатмоқда», деган бошқа уйдирма – ёлғонни тўқидилар.

Кофирлик, мушриклик одамларни ана шундай жоҳил қилиб қўяди. Аввал бошда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уйдирмачилиқда айблаётганлар бирпас туриб, ўзлари уйдирмачилик билан туҳмат этишга ўтиб олдилар. Уларнинг жоҳилликлари шу даражага етдики, қандай қилиб бўлса ҳам, Қуръоннинг илоҳий Китоб эканини инкор этиш мақсадида тўқиётган уйдирмалари ғоятда мантиқсиз ва ўзларига қарши далил бўлаётганини ҳам унутиб қўйишди. Ҳа, озгина ўйлаган одам Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тўқиб олишлари мумкин эмаслигини тушунади. Буни турли замон кофирлари ҳам англаб етади. Аммо куфр жаҳолати сабабли «Қуръонни Муҳаммад ўзи тўқиши мумкин эмас, уни Аллоҳ нозил қилган», дея олмайди. Бунинг ўрнига, бошқа аҳмоқона уйдирмаларни айтади.

Қадимги Қурайш кофирлари: «Муҳаммадга Қуръонни Жабр, Балзот ёки Яъийш ўргатди», деб ажам қулларнинг исмларини айтганлар. Улардан бир минг тўрт юз йил кейинги кофирлар: «Муҳаммад катта олимларни тўплаб, Қуръонни ёздирди, сўнгра уларнинг ҳаммасини ўлдириб юбориб, Китобни бедапояга ташлаб қўйди-да, одамларни чақириб келиб, «Мана, менга осмондан Китоб тушди», деб даъво қилди», дейишди. Уялмай-нетмай, ушбу уйдирмани дарс қилиб ўтишди. Уларнинг бу уйдирмалари ўзларининг ақлсизликларига далолат эканини тушуниб етишмас эди.

 

Давоми бор...

Read 2866 times
Top