Print this page

Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: ҲАСАД ВА УНИНГ САБАБЛАРИ

Ҳасад бошқа бировдаги неъматнинг кетишини орзу қилишдир. Бу хатарли ижтимоий иллат бўлиб, ота-она, тарбиячилар болалар гўдаклигиданоқ унга қарши даволаш чораларини кўриб бормасалар, шубҳасиз, хатарли таъсир ва ёмон натижа намоён бўлади. Ҳасад бир қарашда кўзга ташланавермайди. Шунинг учун одамлар фарзандларини “бундай қусурдан холи” деб, яхши гумон қилади. Шу боис тарбияга масъул кишилар болани зийраклик билан кузатиб, ундаги ҳасад туйғусини тўғри тарбия бериш ва ҳикмат ёрдамида даволашлари, бартараф қилишлари вожиб. Бундай усул салбий натижа, қийинчилик ва руҳий касалликларнинг олдини олади. Ҳасаддан сақланиш, уни даволаш ёки таг-томири билан йўқ қилиш йўлларини баён қилишдан олдин фарзандда ҳасад, қизғаниш, кўролмаслик оловини ёқадиган сабаблар хусусида сўз юритиш тўғрироқ бўлади. Бу сабаблар қуйидаги ҳолатларда мужассам ифодасини топади:

– фарзанднинг ўз оиласида муҳаббат, мулойимлик каби баъзи имтиёзларни йўқотишдан қўрқиши. Хусусан, оилада янги фарзанд туғилганда, катта фарзанд чақалоқ бутун меҳр-муҳаббатни ўзига қаратиб олади, деб тасаввур этади;

– фарзандларнинг бирини зийрак, бошқасини анқов деб сифатлашга ўхшаш нисбатлар бериш;

– фарзанднинг бирига аҳамият бериб, бошқасини эътиборсиз қолдириш. Бир болани кўтариб, ўйин-кулги, ҳадялар билан сийлаб, бошқасини қўрқитиб, ғамхўрлик ва ҳадялардан маҳрум этиш сингари вазиятлар. Севимли фарзанди етказган ёмонлик ва азиятлардан кўз юмиб, бепарво бўлиш ва бошқа фарзанди содир этган озгина хато учун жазолаш;

– ўзи камбағал, етишмовчилик билан яшаётгани ҳолда, фарзандини моддият бобида бекаму кўст, бой-бадавлат қариндошлари ичига қўйиш. Шу сингари яна бошқа кўп сабаблар фарзандга ёмон таъсир кўрсатиб, уни руҳий хасталик, худбинлик ва ижтимоий очкўзлик сари етаклаши мумкин. Уйқусизлик, ўз-ўзига ишонмаслик ва нафратланишга ўхшаш руҳий заифликлар ҳам шундан келиб чиқади.

Ислом дини очиқ ҳасадни ҳикматли тарбия асослари билан муолажа қилади. Тарбиячининг бундай муолажаси, албатта, фарзандларнинг ўзаро дўстлик, иноқлик, муҳаббат ва софликда улғайишларига ёрдам беради. Қалбларида бошқаларга ёрдам бериш, яхшилик қилиш ва меҳрибон бўлиш туйғуларини жамлашларига олиб келади. Ҳасадни даволашдаги тарбиявий усуллар қуйидаги ишларда мужассамлангандир:

 

Ҳасадни даволаш йўллари

  1. Фарзандга муҳаббатини сездириб туриш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилар эдилар ва асҳобларини ҳам шунга буюриб, қизиқтириб, амал қилишларини назорат этардилар. Мана, баъзи мисоллар:

Имом Термизий ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Бариддан, у киши оталаридан ривоят қилади. У киши айтадилар: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба ўқиётганларида Ҳасан ва Ҳусан (розияллоҳу анҳум) иккалалари қизил кўйлак кийган ҳолда юриб келиб, қоқилиб йиқилдилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тушиб икковини кўтариб олдилар ва олдиларига қўйиб:

وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّمَآ أَمۡوَٰلُكُمۡ وَأَوۡلَٰدُكُمۡ فِتۡنَةٞ

«...мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитна (гуноҳ, азоб ва машаққат манбаи)дир», деб (Анфол, 28) ўқидилар-да, сўнгра: “Бу икки гўдакнинг юриб келиб, қоқилиб йиқилганини кўриб, сабр қилолмадим ва сўзимни кесиб (тугатмай) уларни кўтардим”, дедилар».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо) билан бирга ўйнаб, қўллари ва тиззалари билан юрдилар, улар эса икки томонидан осилиб олишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юриб: “Қандай яхши сизларнинг туяларингиз ва сизлар қандай яхши тенгсизлар”, деб айтдилар. Яъни, сизлар менга тенгсизлар, сизларни мен тенг кўраман, деган маънода.

Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-Муфрад”да Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади. У киши айтади: «Бир аъробий Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб: “Гўдакларингизни ўпасизларми, биз ўпмаймиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ қалбингдан раҳматини олиб қўйган бўлса, мен нима ҳам қила олардим”, дедилар».

Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда у: “Менинг ўнта болам бор, улардан бирортасини ўпганим йўқ”, деди. Бас, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга қарадилар ва: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас”, дедилар. Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-Муф­рад” китобида Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Бир аёл Ойша (розияллоҳу анҳо) ҳузурига келди. Ойша (розияллоҳу анҳо) унга уч дона хурмо берди. У ҳар бир боласига бир донадан хурмо бериб, ўзига бир дона олиб қолди, иккала боласи хурмони еб бўлиб онасига қарашди. Шунда аёл хурмони иккига бўлиб, болаларига яримтадан берди. Ойша (розияллоҳу анҳо) воқеани Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлаб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нимага бу сени ажаблантиради? Батаҳқиқ, аёлнинг фарзандларига меҳрибонлигидан Аллоҳ унга ҳам меҳрибон бўлади”, дедилар.

Янги фарзанд дунёга келган вақтда унинг акаси ёки опасида ҳасад уйғонишининг олдини олиши лозим бўлган эҳтиёт чораларига доим эътибор қаратмоқ керак. Хусусан, буни тарбиячилар ва оналар унутмасликлари лозим. Эҳтиёт чорасини янги фарзанд туғилишидан бир неча ой олдиндан кўриб бориш лозим.

Янги гўдакни кийинтириш, чўмилтириш, таом едиришда акаси (ёки опаси) ёрдам беришига имконият яратишда зарар йўқ. У гўдак билан бирга ўйнашига рухсат бериш ҳам фойдали бўлиши мумкин, лекин у гўдакка озор бериб қўймаслиги учун доим назорат қилиш керак. Она янги фарзандини эмизиш учун қўлга олганида, ота гўдакнинг акаси билан ўйнаб туриши ёки у билан суҳбатлашиб, меҳр-муҳаббатини билдириши мустаҳабдир. Мақсад севимлилик, маҳбублик, меҳр улашиш бобида ака гўдак билан тенг эканини билдиришдир. Буларни улуғ тарбиячи (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юқорида айтиб ўтганимиз бир неча ҳадисларда баён қилганлар. Шундай экан, тарбиячилар фарзандлари ўзаро муҳаббатли, бир-бирига ёрдам берувчи ва очкўзлик, нафрат, худбинликдан холи бўлишларини хоҳласалар, улуғ муаллим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўлларидан юрсинлар.

  1. Фарзандлар ўртасида одил бўлиш. Маълумки, ота-она фарзандлар ўртасида муомалада тенг, ҳадялар улашишда одил бўлса, улар ҳасадни билмайди, қалбида очкўзлик ва адоват офатларига ҳам ўрин қолмайди, ака-укалар ўзаро муҳаббатда ва бир-бирини тушуниб яшайдилар.
  2. Ҳасад уйғотувчи сабабларни бартараф қи­лиш. Ота-она, мураббий фарзанд тарбиясида доно бўлиши керак. Бу ёш қалбдаги очиқ ҳасадни йўқ қилишда энг фойдали воситадир. Оилада янги меҳмон дунёга келгач, катта фарзанд ўзини ота-онанинг эътибори, меҳр-муҳаббатидан четда қолгандек ҳис этмаслиги керак. Агар шундай ҳолат юз берса, бас, ота-она бор кучини фарзандини аввалгидек яхши кўришларини билдиришга сарфлаши лозим. Ота-она фарзандларидан бирини аҳмоқликда айбласа ёки ҳақорат сўзлари билан нафсониятига тегса, унинг қалбида ҳасад ва очкўзлик учқунини пайдо қилади. Шундай экан, мураббийлар озорли, аччиқ сўзлардан тилини сақлашлари лозим. Ота-оналар доимо огоҳ бўлишсин, фарзандни ҳасадчи бўлиб қолишдан сақлашсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳасад борасида бундай дейдилар: “Ҳасаддан сақланинг, чунки ҳасад яхшиликларни олов ўтинни егандек ейди”.

Табароний ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонлар доим яхшиликда бўладилар, модомики ҳасад қилмасалар”, дедилар. Сўнг яна: “Ҳасадчи мендан эмас”, дедилар. Фарзанддаги ҳасадни муолажа қилишда ота-оналар ва мураббийлар бу тарбия қонун(асос)ларига муҳтождир. Шубҳасиз, агар улар ўзларига шу қоидани дастуруламал деб билсалар ва ўша қоидаларни турмушга татбиқ этсалар, фарзандлар софдил, беғараз ва ихлосда вояга етадилар.

  1. Очиқ ғазаб. Ғазаб – руҳий ҳолат. Гўдак очиқ ғазабни ҳаётининг аввалидаёқ сезади ва умрининг охиригача унга ҳамроҳ бўлади. Очиқ ғазаб инсонга туғилганиданоқ ҳамроҳ экан, унинг ҳар қандай кўринишини жирканч ва ёмон иллат деб баҳолаш хатодир. Чунки Аллоҳ таоло инсонни яратганида унга сезги ва ҳис-туйғу ато этди. Бу етук ҳикмат ва ижтимоий манфаат учундир.

 

Ғазабнинг фойдалари

Инсон ўзини ҳимоя қилиши, динини ва обрў-эътиборини муҳофаза қилиши, Ватанини душманлардан ва фитналардан муҳофаза этиши керак. Агар инсонда очиқ ғазаб бўлмаса, у Аллоҳ ҳаром қилган ҳукмларга амал қилмаётганларга ёки Ислом динини ҳақоратлаётганларга, Ватан душманларига қарши ғазаб ва нафрат қилмаган бўларди. Шубҳасиз, бундай нафрат ўз ўрнидаги ғазабдир. Баъзи ҳолларда бундай ғазаб Расулуллоҳда (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам кузатилган.

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобида келтирилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига Аллоҳ ҳаддини қоим қилишдан қайтариш учун бир киши шафоатчи бўлиб келганида, у зот ғазабландилар ва юзларида ғазаб чизиқлари пайдо бўлди. Сўнгра қуйидаги сўзларни айтдилар: “Сизлардан аввалги қавм улуғлари ўғрилик қилганида жазоламай, заифлари ўғрилик қилганида уларга жазо (ҳад) қоим қилиб, ҳалок бўлди. Аллоҳга қасам, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса, албатта унинг қўлини кестираман”».

Табароний Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари учун ўч олганларини кўрмаганман. Фақат Аллоҳга ҳурматсизлик қилганлардан ўч олганлар. Агар Аллоҳга бирон киши осий бўлса, унга қаттик ғазаб қилардилар. У кишига иккита иш тўғри келса, енгилроғини танлардилар. Агар унда Аллоҳнинг ғазаби, норизолиги бўлса, ундан энг узоқ одамлардан бўлар эдилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табиий, очиқ ғазабини яхши мақсадга йўналтирганларни ва ғазабини ютганларни, ғазабланганида ўзини тута олганларни мақтаганлар.

Имом Бухорий ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот (алайҳиссалом): “Ғазаб қилма”, дедилар ва шу сўзни бир неча бор қайтардилар».

Имом Аҳмад “Муснад” китобида келтиради: «Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўрадилар: “Азиз ва улуғ Аллоҳ ғазабидан мени нима узоқ қилади?” У зот (алайҳиссалом): “Ғазаб қилма!” дедилар».

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким қодир бўлатуриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ халойиқ олдида уни чақириб, “ҳури айн”дан бирини танлаш ихтиёрини беради”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар қандай кишини паҳлавон биласизлар?” дедилар. Улар: “Ҳеч бир киши ундан ғолиб келмаганни”, дедилар. У зот (алайҳиссалом): “Йўқ, ғазабланганида ўзини тута оладиган киши паҳлавондир”, дедилар».

Шубҳасиз, Қуръони карим мўмин ва мўминаларни ғазабни ютишга ва ундан чиройли қайтаришга, жоҳиллардан юз ўгиришга ундайди. Чунки жамиятда муҳаббат ва дўстлик мукаммал бўлиши керак.

وَلَا تَسۡتَوِي ٱلۡحَسَنَةُ وَلَا ٱلسَّيِّئَةُۚ ٱدۡفَعۡ بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُ فَإِذَا ٱلَّذِي بَيۡنَكَ وَبَيۡنَهُۥ عَدَٰوَةٞ كَأَنَّهُۥ وَلِيٌّ حَمِيمٞ٣٤

«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур» (Фуссилат, 34).

وَعِبَادُ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلَّذِينَ يَمۡشُونَ عَلَى ٱلۡأَرۡضِ هَوۡنٗا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ ٱلۡجَٰهِلُونَ قَالُواْ سَلَٰمٗا٦٣

«Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганида “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон, 63).

ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي ٱلسَّرَّآءِ وَٱلضَّرَّآءِ وَٱلۡكَٰظِمِينَ ٱلۡغَيۡظَ وَٱلۡعَافِينَ عَنِ ٱلنَّاسِۗ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُحۡسِنِينَ١٣٤

«Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134).

Ёмон ғазабнинг кўриниши инсонга, унинг ақлига салбий таъсир кўрсатиб, жамият аҳиллигига ва бирдамлигига путур етказади. Ота-оналар, мураббийлар фарзанднинг илк болалик вақтидан то ўсмирлик ва балоғат ёшига етгунича бунга аҳамият беришлари керак. Боладаги ғазабни даволашнинг яхши йўли уни бу иллат сабабларидан йироқ қилиб, ўзида гўзал хулқ ва яхши одатлар пайдо қилишига шароит яратишдир. “Олдини олувчи бир дирҳам даволовчи кўп дирҳамдан яхши”, деган донолар.

Агар ғазабнинг сабаби очлик бўлса, мураббий болани ўз вақтида овқатлантиришга ҳаракат қилмоғи шарт. Чунки овқатни кечиктириш жисмоний ва руҳий касалликларга олиб боради. Қанчалаб мураббийлар қарамоғидаги болани вақтида тўйдирмай, гуноҳкор бўлишади.

Агар ғазабнинг сабаби касаллик бўлса, мураббий боланинг тиббий муолажаси тўғрисида жон куйдириб, унинг соғлигини тиклаш чораларини кўриши лозим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига мурожаат қилайлик.

Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилади: “Ҳар бир даврнинг давоси бор, агар даво етса, азиз ва улуғ Аллоҳ изни билан тузалар”.

Агар ғазабнинг сабаблари боланинг ҳақоратланиши ва хорланиши бўлса, мураббий тилини оғир ботадиган сўзлардан тиймоғи лозим, токи болада руҳий касаллик ва ғазаб ўрнашиб қолмасин. Шубҳасиз, бундай йўл тутиш гўзал тарбия ва яхшиликка ёрдамлашишдир.

Ибн Можа ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизга чиройли одоб беринг”, дедилар. Ибн Ҳиббон ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзанднинг яхши бўлишига ёрдам кўрсатган отага Аллоҳ раҳм қилсин”, дедилар.

Агар бола ғазабининг сабаби ота-онага тақлид бўлса, ҳалимликда ва ғазабни ютишда, бардошлиликда ота-она фарзандга тўғри ўрнак бўлиши лозим. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига мувофиқ:

وَٱلۡكَٰظِمِينَ ٱلۡغَيۡظَ وَٱلۡعَافِينَ عَنِ ٱلنَّاسِۗ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُحۡسِنِينَ١٣٤

«...ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134).

Юқорида айтиб ўтилганидек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) насиҳатларига мувофиқ: “...лекин ғазабланган вақтида ўзини тута олган паҳлавондир”.

Агар ғазабнинг сабаби фарзанд ҳузурида исрофгарчилик қилиш ва ҳаддан зиёд эркалаш бўлса, мураббийлар фарзандларга муҳаббатда тенг бўлишлари ва меҳрибонликда, нафақада ўртача бўлишлари керак.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтганларига мувофиқ: “Яхши кўрганингни ўртача яхши кўр, бир кун ёмон кўрганингга айланиши; ёмон кўрганингни ҳам ўртача ёмон кўр, бир куни яхши кўрганингга айланиши мумкин”.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эрка қилиб ўстиришдан сақланинглар, чунки Аллоҳнинг бандалари эрка қилиб ўстирувчи эмас”, деб огоҳлантирганлар.

Агар бола ғазабининг сабаблари ҳазил-мазах ва лақаб тақиш сингари ярамас одатлар бўлса, мураббийлар бундай сабаблардан сақлансинлар, фарзандда ғазаб туйғуси илдиз отмаслиги жуда муҳим. Ёмон гумон қилиш, жосуслик, лақаб билан чақиришдан қайтаришда Қуръони карим энг улуғ тарбиячидир. Ҳужурот сурасида бундай дейилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا يَسۡخَرۡ قَوۡمٞ مِّن قَوۡمٍ عَسَىٰٓ أَن يَكُونُواْ خَيۡرٗا مِّنۡهُمۡ وَلَا نِسَآءٞ مِّن نِّسَآءٍ عَسَىٰٓ أَن يَكُنَّ خَيۡرٗا مِّنۡهُنَّۖ وَلَا تَلۡمِزُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ وَلَا تَنَابَزُواْ بِٱلۡأَلۡقَٰبِۖ بِئۡسَ ٱلِٱسۡمُ ٱلۡفُسُوقُ بَعۡدَ ٱلۡإِيمَٰنِۚ وَمَن لَّمۡ يَتُبۡ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلظَّٰلِمُونَ١١

“Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимол, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизўни лақаблар билан атамангиз! Иймондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир” (11-оят).

Фарзандга Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алаҳи васаллам) гўзал ахлоқларидан таълим бериш ундаги ғазабни даволашда энг яхши таъсир қиладиган доридир. Ғазабни босишда қуйидагилар тавсия этилади:

Ғазаб келганида ҳолатни ўзгартириш. Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Биронтангиз ғазаблансангиз, тик турган бўлса, ўтирсин, агар ундан ғазаб кетмаса, ётиб олсин”, дедилар.

Ғазаб келганида таҳорат олиш. Имом Абу Довуд ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ғазаб шайтондан, шайтон оловдан яратилган. Албатта, сув оловни ўчиради. Агар бирортангиз ғазаб қилса, бас, таҳорат олсин”, дедилар.

Ғазаб келганида сукут сақлаш. Имом Аҳмад ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бирортангиз ғазабланса, бас, сукут сақласин”, дедилар.

Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” (таъаввуз)ни айтиш. “Саҳиҳи Муслим” китобида келтирилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида икки киши ўзаро ҳақоратлашиб қолди. Бирининг юзлари қизариб, ғазаб билан соҳибини ҳақорат қилди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Мен бир сўзни биламан, агар уни – “аъузубиллаҳи минаш шайтонир рожим”ни айтса, ғазаби кетади», дедилар.

Шундай экан, ота-оналар, мураббийлар фарзандларга ва шогирдларга Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғазабни кетказиш ва енгиллатиш борасидаги шу васиятларига кўра одоб беришлари лозим, токи улар тезда ҳалимлик, бардошлилик касб этсинлар, ғазабланганида ўзини тутишга одатлансинлар. Мураббийлар ғазабланган кишининг кўзлари чақчайиб, қон томирлари шишиб, ҳунук қиёфага кириши ва овози баланд кўтарилишини тасвирлаш билан фарзандларга ғазабнинг ёқимсизлигини, жирканчлигини билдиришлари зарур. Шунингдек, болаларни ғазабнинг офатлари, хатарлари ва жирканч оқибатларидан ҳам огоҳ этиш керак.

Ғазабнинг кўринишларидан огоҳ этиш ва ёмонлигини тушунтириш жамият тарбияси ва нафс муолажаси учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатган йўлдир.

Имом Аҳмад Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. У зот: “Огоҳ бўлинг, албатта, ғазаб одам фарзанди қалбида ёнадиган чўғдир, унинг қон томири шишганига ва кўзлари қизарганига қарамайсизми? Ким шуларнинг бирини (ўзида) сезса, бас, ерга (ўтирсин)”, дедилар.

Хулоса қилиб айтсак, ота-она, мураббийлар фарзандларини ёшлигиданоқ ғазабнинг турли сабабларидан узоқлаштириб, уни даволаш ва тинчлантиришда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўлларини тутсалар, шубҳасиз, фарзандлар ҳалим, бардошли, нафсини тиядиган бўлиб улғаядилар.

Ота-она, тарбиячилар болаларни уятчанлик, қўрқув, онгсизлик, ҳасад ва ғазабдан қутқарсалар, уларнинг нафсларида собитлик, журъатлилик, шижоат, пешқадамлик ва бардошлилик уруғини эккан бўладилар. Бундай тозалаш ва безатиш болаларни келажакка муносиб кишилар қилиб тайёрлайди. Уларда ҳаётга ишонч, ғайрат, пок ва олийжаноб хулқларни пайдо қилади. Хуллас, нафсни тарбиялаш ва тўғрилашда мураббийлар Ислом йўлини, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларини билишлари, зиммаларидаги масъулиятни адо қилишлари керак.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ИЖТИОМИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ:

Тақво;

Қалб илдизи.

ХУЛОСА

Read 2483 times