Мақолалар

Парвардигори ҳузурида туришдан қўрққан киши учун икки жаннат бордир

"Парвардигори (ҳузурида) туришдан (яъни, Парвардигори олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир" (Раҳмон, 46)

Сўнгра: "У икки (жаннатдан) қуйироқда яна икки жаннат бордир" (Раҳмон, 62), деди.

Абдуллоҳ ибн Аббос "Парвардигори (ҳузурида) туришдан қўрққан киши учун икки жаннат бордир", ояти ҳақида: "Фарзларни (Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини) адо қилганлар учун икки жаннат бўлади", деганлар. Баъзи муфассирлар: "Аллохдан қўрққан ҳар бир банда учун иккитадан жаннат бор", деса, баъзилари: "Ҳамма Аллохдан қўрққан бандалар учун икки жаннат бор", дейдилар.

Аллохдан қўрққан ҳар бир банда учун иккитадан жаннат бор, деган сўз кучлироқ. Муҳаммад ибн Али Термизий айтади: "Жаннатнинг бири Аллоҳдан қўрққани ва буйруқларини бажаргани, иккинчиси қайтариқларидан қайтгани учун".  

Албатга, Аллоҳ ҳар бир жонни амали устида кузатиб турувчи зотдир.

Мужоҳид ва Нахаъий Аллоҳ ҳузурида туришдан қўрққан инсон ҳақида дейдилар: "У шундай кишики, бир гуноҳ ишни қилмоқчи бўлади, ёдига Аллоҳ тушади, шу заҳоти Аллоҳдан қўрқиб, у ишни тарк этади".Икки жаннат ҳақида ҳам турли фикрлар мавжуд. Абдуллоҳ ибн Аббос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: "Икки жаннат — жаннат кенглигидаги икки боғ-бўстон. Ҳар бир бўстоннинг кенглиги юз йиллик масофадир. Ҳар бир бўстоннинг ўртасида устма-уст нур ёғилиб турадиган ҳовли бор, ундаги ҳар бир нарса неъмат ва кўкаламзордан иборат. Унинг туриши абадий ва дарахтлари ўсувчидир" (Буни Ҳаравий ва Саълабийлар Абу Ҳурайрадан ҳам ривоят қилишган).

Баъзилар: "Икки жаннатнинг бири қасрларнинг қуйи қисми, иккинчиси юқориси"; дейдилар.

Муқотил: "У икки жаннат "жаннатун-наъим"дир", деган. "У икки (жаннатдан) қуйироқда яна икки жаннат бордир", ояти хусусида ҳам турли фикрлар билдирилган. Ибн Аббос айтадилар: "Аввалги икки жаннатдан даражаси пастроқ яна икки жаннат бор. Бу жаннатлар Аллохдан қўрққан бандалар учун. Аввалги икки жаннатда хурмо ва мевали дарахтлар ўсади. Кейинги икки жаннатда эса экинзор ва набототлар, ёйилиб тўшалган нарсалар бор". Мавридий: "Эҳтимол, қуйироқдаги икки жаннат — жаннат эгаларидан мартабаси пастроқ бўлган мангу ёш хизматкор болалар учундир. Шунда эркак ва аёл хизматчилар алоҳида бўладилар", дейди.

Ибн Журайж: "Юқоридаги икки жаннат пешқадам, муқарраб бандалар учун, у ерда ҳар бир мевадан икки нав бор ва остларидан булоқлар оқиб туради. Қуйидаги икки жаннат ўнг томон эгалари учун, у ерда мева, хурмо, анорлар ва отилиб турувчи булоқлар бор", дейди.

Ибн Зайд айтади: "Юқоридаги икки жаннат олтиндан бўлиб, муқарраб бандалар учун, қуйидаги икки жаннат кумушдан бўлиб, ўнг томон «эгалари учун". Саид ибн Жубайр ҳам Абдуллоҳ ибн Аббосдан шунга ўхшаш фикрни ривоят қилган, Абу Мусо Ашъарий ҳам шу фикрда. Аллоҳ таоло бу тўрт жаннатни сифатлагач, улар ўртасидаги фарққа ҳам ишора қилган.

Бу изоҳлар, аввалги икки жаннатнинг даражаси юқори, деган
инсонларнинг нисбий қарашлари. Аслида пастдаги жаннат ҳам кўз кўрмаган,
қулоқ эшитмаган неъматларга эга. Балки Аллоҳ таоло зикр қилмаган фарқлари яна ҳам кўпрокдир. "Нима учун аввалги икки жаннат эгаларининг сифатлари келтирилди-ю кейинги иккитасиники келтирилмади?" дейилса,
"Жаннатларнинг умумий сони тўртта, Аллохдан қўрқувчи инсонларнинг
даражалари ҳам ҳар хил. Аввалги иккиси кўпроқ қўрқувчи тақводорларга,
кейинги иккиси улардан пастроқ даражадаги инсонларга", деб жавоб
қилинади. 

Аслида бу гаплар ҳам муфассирларнинг фикрлари, лекин бу ерда бошқа бир фикр ҳам бор, у "кейин зикр қилинган икки жаннат аввалги зикр қилинган икки жаннатдан олий ва афзал", деган фикрдир. Заҳҳок ҳам шуни маъқуллаган. Чунки аввалги икки жаннат олтин ва кумушдан, кейинги икки жаннат ёқут ва зумраддандир. "У икки жаннатдан қуйироқда яна икки жаннат бор", оятига келсак, "қуйироқда" сўзи араб тилида "дуун" калимаси билан ифодаланган. Бу сўз "олдида, яқинида, олд тарафида", деган маъноларни ҳам беради. Худди шу маънони Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳаким Термизий ихтиёр қилиб, "Наводирул усул" китобида айтади: "У икки жаннатнинг олд тарафида аршга яқинрокда яна икки жаннат бор".

Муқотил: "Аввалги икки жаннат "Адн" ва "Наъим" жаннатлари, кейинги иккитаси "Фирдавс" ва "Маъво" жаннатлари", деган. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Агар сўрсангиз, Фирдавс жаннатини сўрангиз..." деган ҳадислари далолат қилади. Бу ҳакда ҳали сўз келади, иншааллоҳ.

Кейинги икки жаннатни аввалги иккитасидан афзалроқ, деб тушунган муфассир уламолар, жумладан, Термизий айтади: "Кейинги икки жаннат ҳақида: "У иккисида тинмай отилиб тургувчи икки чашма бордир" (Раҳмон, 66),дейилган. У ҳар хил мушк, анбар, кофур каби хуш бўйлар билан Аллоҳнинг дўстларига сачраб-отилиб туради. Отилиш оқишдан ях-широқ".

Абдуллоҳ ибн Аббос: "Бу сув билан отилиб турувчи фавворадир"; Саид ибн Жубайр: "Сув ва мевалар билан отилиб туради", деганлар. Кейинги жаннатлар ҳақида: "У иккисида мева, хурмо ва анорлар бордир" (Раҳмон, 68), дейилди.

Баъзи уламолар, хурмо билан анор мева эмас, чунки меваларни зикр қилиб, яна алоҳида хурмо ва анорни зикр қилди, дейдилар. Бу зоҳир каломдир. Жумҳур уламо, у иккиси ҳам мевалар туркумидан, иккисининг алоҳида зикр қилиниши эса, бошқа мевалардан афзаллиги учундир.

Баъзи уламолар, "Хурмо билан анорнинг алоҳида зикр қилинишига сабаб улар худди бизлардаги нон, гуруч каби одатий таом, хурмони ,қорин тўйдириш учун, анорни мева сифатида истеъмол қилар эдилар. Бошқа мевалар эса, улар учун ажиб ва қизиқарли эди. Шунинг учун турфа хил мевалар айтилиб, сўнгидан ўзларингиз еб юрган хурмо ва анорлар ҳам бор, деган маънода алоҳида зикр қилинди", дейди.

Кейинги икки жаннатдаги ҳурлар "хойроотун ҳисан" калимаси билан сифатланган.

Термизии айтади: "Хойротун"дан "Аллоҳ ихтиёр қилган, танлаган", деган маъно чиқади. Аллоҳ ўзи танлаб, ўзи яратди, Аллоҳнинг танлови одамлар танлаганига ўхшамайди. Сўнг "ҳисанун" (гўзал) деб васф қилди. Нарсани яратган зот гўзал деб сифатлаганидан кейин ҳақиқатда гўзал бўлади-да! Яна бир фарқ: аввалги икки жаннатдаги ҳурлар ҳақида "бегона эркакларга қарашдан кўзларини тийгувчи, гўё ёқут ва маржон каби", дейилади. Бу сифатга эга бўлганлар афзал-ми ёки Аллоҳ танлаганими? Албатта, Аллоҳнинг танлагани. Шунингдек, иккинчиси ҳақида: "(Улар) чодирларда асралган ҳурлардир", дейилди, аввалгисида: "(бегона эркакларга қарашдан) кўзларини тийгувчи (қиз)лар бор", дейилди. Чодирларда асралгани кўзларини тийгувчилардан олийроқ ва афзалрокдир".

Ривоятларда келадики: "Аршнинг остида турган булут ёмғир ёғади ва унинг раҳмат томчиларидан ҳурлар яралади, сўнг анҳор бўйида уларнинг ҳар бирига кенглиги қирқ мил бўлган чодир тикилади, унда бирорта эшик бўлмайди. Аллоҳнинг дўсти, яъни, у ҳурларнинг эгаси келиб, чодирни ечади. Бу нарса у ҳурларга фаришта ва хизматчилардан бирор жонзотнинг кўзи тушмаганини билдириш учун қилинади. Улар махлуқларнинг кўзларидан асралганлиги учун ҳам, "чодирларда асралган ҳурлар", дейилди". Аллоҳ билгувчироқ. Сўнгра кейинги иккинчи икки жаннат ҳақида:

"(Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўтирурлар)" (Раҳмон, 76), дейилди.

"Болиш" араб тилида "рофрофун" калимасида келган. Унинг маъноси ҳақида ҳам турли фикрлар билдирилган. Баъзилар, чодирнинг ёпинчиғи ва кийимларнинг этагигача осилиб турадиган қисми, дейди. Баъзилар, у бешик (арғамчи) каби ўнгга, чапга, тепага, пастга тебранади ва унга жуфтлари билан чиққан киши роҳат олади, қушнинг ҳавода қанот қоқиши ҳам "раффа" дейилади, дейишган.

Ҳаким Термизий айтади: "Тебранувчи болиш (рафраф) шойи астарли
кўрпачадан афзал.  Аввалги икки жаннат ҳақида: "Аҳли жаннат астарлари шойидан бўлган кўрпачалар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар)"; кейингиси ҳақида: "(Улар) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар)", дейилди. Яшил болиш шундай нарсаки, Аллоҳнинг дўсти унга ўрнашса, худди арғимчоқ каби у ёқ-буёққа, хоҳлаган тарафига тебраниб учади".     

Меърож ҳақидаги ҳадисда келади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Сидратул мунтаҳо"га етгач, Рафраф келиб, у зотни Жаброилдан қабул қилиб олди ва Аршнинг остонасига учиб олиб чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "У мен билан бир тепага, бир пастга учди, ҳатто мени Аллоҳ таолонинг ҳузурига олиб борди", деганлар. Сўнг қайтиш вақти етгач, яна Рафраф у зотнинг қўлларидан тутиб, бир юқорига, бир пастга учиб, Жаброилга топширди. Шунда Жаброил алайҳиссалом овозларини баланд кўтариб, Аллоҳга ҳамд айтиб йиғлади". Демак, Рафраф Аллоҳ таолонинг хизматчиларидан. Унга энг мўътабар ва хос ишлар топширилган. Худди Бароқ пайғамбарларга улов бўлгани каби. У ҳам махсус вазифадир.

Кейинги икки жаннат аҳлига берилган "рафраф" эса уларнинг болиш ва суянчиқларидир. У эгаларини хохдаган тарафга — анҳор бўйларига, қирғоқлар, боғу-роғлар ва ҳурларнинг чодирларига учириб олиб боради.

Сўнг: "...гўзал гилам устида", деди. Аллоҳ таоло уни гўзал деб таърифлаяптими, демак, ҳақиқатда гўзал.  Нақадар гўзал эканини биз тасаввур қила олмаймиз.

Аллоҳ барчаларимизга жаннат йўлини осон қилсин!

 

Манбаалар асосида Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Исломов Ёрбек тайёрлади.

Read 3259 times

Мақолалар

Top