Мақолалар

Муносабат: Воқеликни билатуриб,  бузиб талқин қилиш – адолатсизлик

АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонни яна “виждон эркинлиги ва диний эркинлик соҳасида бузилишлар туфайли алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган” мамлакатлар рўйхатига киритгани мўмин-мусулмонларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. 2018 йил 4 январь куни Департамент томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, бу рўйхатдан Эрон, Хитой, Шимолий Корея, Мьянма, Эритрея, Судан ва Саудия Арабистони ҳам жой олган.

Бугунги Ўзбекистонни ушбу рўйхатга киритилишини янглиш иш, деб ҳисоблаймиз. Чунки ўтган бир йил давомида диний соҳада энг кўп ўзгариш ва енгилликлар бўлди. Эзгулик ва хушхабарларга лиммо-лим бўлди. Шукрки, ҳаётимиз бутунлай жонланиб кетди. Ҳар куни бир янгилик, ажойиб туҳфа бўлмоқдаки, халқимиз бундан жуда ҳам мамнун. Улуғ неъматлар кетма-кетлиги тўхтовсиз давом этмоқда.

Ҳақиқатан, эътиқод борасида тўпланиб қолган масалалар ечимини топиш, ушалмас орзу бўлиб турган истакларнинг рўёби борасида жуда ҳам катта ишлар қилинди. Шахсан Президентимизнинг саъй-ҳаракати билан Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, диний саводхонликни ошириш ва динимизнинг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш мақсадида, улкан ишлар қилинди. Буни аниқ мисолларда баён қиладиган бўлсак, жумладан:

Ислом цивилизацияси маркази ва 2 та халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослашган 5 та илмий мактаб иш бошлади.

Исломий таълим муассасалари сони 11 тага етказилди. Бухорода Олий мадраса ташкил этилди. Тошкент ислом институтида 3 йиллик махсус сиртқи бўлим очилди, диний ўқув юртлари қошида ўқув курслари юритилди, Қуръони карим қироати бўйича “Таҳфизул Қуръон” гуруҳлари фаолият бошлади, қабул квоталари 150 фоизга оширилди.

Мамлакатимиз бўйича 15 та масжид қайтадан барпо этилди, 55 та масжид капитал таъмирланди. Биргина Сурхондарё вилоятининг олис ҳудудларида 4 та янги масжид иш бошлади, яна 4 тасини очиш режага киритилди.

Интернет сайтларида диний фанлардан онлайн дарслар ташкил этилди, тўғридан-тўғри саволлар-жавоблар рукни мунтазам ишлаб турибди, сайтлар ва ижтимоий тармоқларда диний-маърифий тарғибот жадал олиб борилмоқда.

Президентимизнинг юксак ташаббуси ва оталарча раҳнамоликларида ўлкамизнинг туман-шаҳарларида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қори ва қориялар мусобақалари кенг миқёсда бўлиб ўтмоқда.

Ўтган йил охирида Президентимиз “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар. Унга кўра, академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий-педагог кадрлар тайёрланади.

Мана шундай кенг имконият ва қулайликлар бўлган юртни, бугунги дунёда топиш кийин бўлса керак? Аксинча шундай мамлакатни “виждон эркинлиги ва диний эркинлик соҳасида бузилишлар туфайли алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган” давлатлар рўйхатига киритиш адолатдан бўлмайди.

Яна шуни қайд этиш керакки, оммавий ахборот воситаларида диний ходимлар чиқишлари кескин кўпайтирилди. “Ҳидоят сари” ва “Зиё” кўрсатувлари эфир сони икки бараварга оширилди. “Ўзбекистон-24” телеканалида имом-хатиблар иштирокида давра суҳбати қилинмоқда. “Маданият ва маърифат” телеканалида уламолар иштирокида кўрсатувлар эфирга узатилмоқда. Шунингдек, “Зиё чашмаси” номли радио эшиттириш ва 50 га яқин диний маърифий веб-сайтлар иш олиб бормоқда.

“Ҳидоят” журнали жами 1 миллион 145 минг нусхада, “Ислом нури” газетаси жами 820 минг нусхада нашр этилди. Шунингдек, 200 га яқин номдаги диний адабиётлар бир неча юз минг ададда чоп этилди. Қуръони карим маънолари таржимаси, ҳадислар тўплами, буюк муҳаддис, олим ва фиқҳ илми пешволарининг асарлари таржима қилиниб, халқимизга туҳфа қилинди.

Яна фахр билан айтиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлиги остида Мисрдаги “Дорус-салом” нашриёти ва Азҳари шариф ҳузуридаги илмий академия билан Қуръони каримни чоп этиш бўйича келишувга эришилиб, ўзимизда Қуръони карим чоп этилмоқда. Шу ўриндан қайд этиш керакки, кўзи ожиз мўмин-мусулмонлар учун брайль ёзувидаги Қуръони карим нусхасини чоп этиш бўйича Ўзбекистон дунёдаги учинчи давлат ҳисобланади.

Ҳаж квотаси икки мингтага, умра квотаси 4 мингтага ошди, биринчи марта Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бир гуруҳи бепул ҳажга юборилди. Шу кунга қадар жами 120 мингдан зиёд фуқаро ҳаж ибодатини, 92 мингдан ортиғи умра амалини адо этди.

Яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш зарур. Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан турли диний оқимларга аъзолар рўйхатида бўлган 16 минг нафардан зиёд киши рўйхатдан чиқарилди. Ушбу фуқароларнинг дарди ва мақсадини ўрганиш, уларни камситилишига мутлақо йўл қўймаслик, қўллаб-қувватлаш, жамиятга киришиб кетишларини таъминлаш бўйича жуда катта ишлар қилинди. Биргина Шайхонтаҳур туманининг ўзида шундай 118 нафар шахс амбулатор ва стационар шароитда соғломлаштирилди, 352 нафар бола ўз хоҳишига кўра, тўгаракларга жалб этилди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган 12 нафар шахсга кредит олишда кўмаклашилди, 3 нафар оиланинг уй-жой шароитини яхшилаш учун Сергели туманидаги янги кўп қаватли уйлардан олишга ёрдам берилди.

Тарихда илк бор Ўзбекистон Президенти томонидан 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш, жумладан, турли жиноят содир этган, қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлган ва тўғри йўлга кирган, ижобий тавсиф олган 956 шахсни жазони ўташ колонияларидан озод қилиш тўғрисида фармони минглаб ўксик қалбларга малҳам бўлди. Афв этиш тўғрисидаги ҳужжатга мувофиқ судланганлар оиласи бағрига ва ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиши учун жамиятга қайтиш имконига эга бўлди.

Бундай кишиларни жамиятга қайтариш, уларнинг одамлардан ажраб қолмасликлари чорасини кўриш, тасалли бериб, ҳаётда ўз ўринларини топиб олишларига кўмаклашиш ишлари олиб борилмоқда. Зеро, улар бизнинг юртдошларимиз, қўни-қўшниларимиз, оға-иниларимиздир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:  “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот, 10).

Демак, ўзимизнинг миллатдошимизни, маслакдошимизни, диндошимизни, қолаверса, бир мўмин-мусулмон бандани ҳаётда ўз йўлини топишига ёрдам қўлини чўзиш, хато ва камчиликларини афв этиш, унга тўғри йўл кўрсатиш динимиз талабларидандир. Аллоҳ таоло “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг”, деб хитоб қилади.

Шу ўринда айтиш керакки, динимизнинг шиддат билан тараққий этиб бораётгани ва олийжанобликда устун эканини кўролмайдиган дин душманларининг кирдикорлари дунё мусулмонлари ғазабини қўзғамоқда. Жаҳоннинг турли минтақалари, хусусан, араб-мусулмон мамлакатларида содир бўлаётган даҳшатли воқеалар ортида қора кучлар турганини англаш лозим. Муҳтарам Президентимиз БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деб юксак журъат билан айтган мана шу чиқишлари катта жасорат бўлди.

Ҳақиқатан, турли фитналарнинг ортида қандайдир кучлар турганига теран кўз билан қараш керак. Инсон ҳар қандай кучларнинг фитналарига алданмаслиги ва ниҳоятда ҳушёр бўлиши кераклиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини чуқур тушуниш лозим.

Хулоса қилиб айтиш керакки, бугун Ўзбекистонда кечаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар кўп миллатли халқимиз томонидан катта қувонч билан кутиб олинмоқда. Одамларимиз турмуш тарзида, айниқса, диний-эътиқодий масалаларида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар юртимизда яшаб келаётган барча дин вакиллари томонидан эътироф этилаётганига ҳамма гувоҳ бўлмоқда. Бу муҳим жиҳатларни инобатга олиб, Ўзбекистонни бу йўналишдаги “алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган” мамлакатлар рўйхатига киритилгани бир замонлар эскича қарашлар асосида қабул қилинган нохолис хулосалар эканидан далолат беради. Шу маънода, бу фикрлар АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон ҳақида тарқатилган ахборотни бирёқлама, нохолис маълумотларга таянган ҳолда тайёрланган, ҳақиқий воқеликдан анча йироқ ҳисобот деб айтишга асос бўла олади.

Юқорида қайд этилган асослар ва юртимизнинг кўп сонли мўмин-мусулмонлари мурожаатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонни мазкур рўйхатдан чиқариш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

 

Read 5474 times
Tagged under

Мақолалар

Top