Мақолалар

Эгнингиздаги нима?

Бисмиллаҳҳир роҳманир роҳим

 يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنْزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْآتِكُمْ وَرِيشًا ۖ وَلِبَاسُ التَّقْوَىٰ ذَٰلِكَ خَيْرٌ ۚ ذَٰلِكَ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُون

“Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратларингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидир. Шоядки, эсласалар” (Аъроф сураси, 26-оят), деб марҳамат қилган Раббимизга;

Мўминнинг либоси Аллоҳ ва Расули хоҳлагандек чиройли, ўзига мос ва лойиқ бўлмоғи лозимлигини ўргатган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

Яратганга шукрки, фасли навбаҳор келиб, атроф чароғон бўлди, дарахтлар гулга бурканди, майсалар бўй чўза бошлади. Ана энди эгнимиздаги кийимларимиз ҳам ўзгаради. Айниқса, ёшларимиз баҳорий либослар кийиб гулга монанд бўлади. Ушбу ҳодиса муносабати билан кийиниш одоби ҳақида икки оғиз сўз юритишни ният қилдик.

Кийим инсон танасини бегона назардан, совуқдан, иссиқдан тўсиш учун кийилади. Ҳарҳолда, оломон маданияти кийиниш маданиятини чилпарчин қилиб ташлагунга қадар шу тушунча асосида кийинилар эди.  Инсонларнинг қайси динга мансуб экани ибодатида кўрингани каби қайси миллатга мансублиги кийимида ўз ифодасини топарди. Масалан, ҳеч қайси миллатнинг бош кийими ўзбекнинг дўпписига ўхшамайди. Шунинг учун бошига дўппи кийган одамни дунёнинг қайси томонида учратсангиз ҳам “бу ўзбек” дейсиз. Марҳум шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, “Қайга борсанг бошда дўппи ғоз юрарсан, гердайиб,/ Бошида тоғлар кўтарган кўкси осмон ўзбегим”.

Миллатларнинг кийимларидаги ўзига хосликлардан яна бири, миллатлар яшаётган маконлар иқлимига ҳам боғлиқ. Иссиқ ўлкалар халқлари юпқа ва кенг-мўл кийимлар кийса, совуқ ўлкалар аҳолиси қалин ва қават-қават кийинади. Кийимнинг узун-калталиги масаласига келсак, мусулмонлар ва славян халқлари одми ва узун кийинган, аёллар бошига рўмол ўраб юрган.

Аммо дунё мамлакатларининг интеграциялашуви кучайиб, маданиятлар тўқнашуви бошлангач, одамларнинг кийимлари ҳам ўзгара бошлади. Катта ва ёш авлод ўртасидаги фикрлаш доирасининг фарқи ушбу жараёнда ҳам кўзга ташланади. Катта авлодга, хусусан, собиқ шўро давридаги ёшларнинг кийиниши ёқмаган. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Ҳозирги ёшлар” деган шеърида бу ҳол қуйидагича тасвирланган:

Кийимлар-чи…

Қизиқ буларнинг диди.

Ола-чипор кўйлак…

Нимаси кўркам?

Рост айтсам, унчалик ёқмаган эди

Оталарга бизнинг чарм камзул ҳам…

Халқимиз ҳар доим чиройли ва орасита кийинишни одат қилган. Кийими янги бўлмаса ҳам озода ва дазмолланган бўлган. Кийими доғ-дуғ ёки кир-чир бўлган кишини учратса унга: “Анди бўлсанг ҳам ганди бўлма”, дея дакки берган. Кейинги вақтларга келиб одамларнинг турмуш шароити фаровонлашиб бориши, маданиятлар қоришуви натижасида миллий кийимлар деярли миллий байрамларда тўйу тантаналарда кийиладиган бўлиб қолди. Инсонлар янги-янги модалар яратиб, ўша модалар бўйича кийинадиган бўлди.  Бу борада моддий жиҳатдан тараққий этган давлатларда яратилган модаларга, таниқли шахслар, “юлдуз”ларга, фильм қаҳрамонларига тақлидан кийиниш урф бўлди.

Замондошларимиз қимматбаҳо брендлар, чет элда ишлаб чиқарилган кийимларни кийишга ружу қўйди. Бошқалардан ажралиб туриш учун кийим танлаш, айниқса, ёшлар ва аёллар орасида шу даражага келдики, улар танасини бегона кўзлардан яшириш учун эмас, бегона кўзларга бўрттириб кўрсатиш учун кийим танлай бошладилар...

Нафсиламри, кийим одамнинг аввало танасини ёпиш, қолаверса, иссиқдан, совуқдан асраш учун кийилиши лозимлигига кейинги йилларда айрим ёшлар жуда енгил қараяпти. Чунки қизларнинг енг ўрнига боғичли, елкалари очиқ кўйлак, эркакларнинг ҳам енгсиз футболка, тиззасидан юқори "шортик”лар кийиб юрганига кўзимиз тушади.

Тўғрисини айтганда, ўшалар ўзлари бу ишларини қулайлик, гўзаллик ва нималар деб ўйласа, ўйлаб юришар-у, аммо униси ҳам, буниси ҳам бошқа одамларнинг кўзига тасқарадек кўринади, Айниқса, эркак ёки аёл кишининг энгашган чоғида бели очилиб кетганига кўзи тушиб қолса, одамнинг кўнгли беҳузур бўлиб қайт қилиб  юборишига бир баҳя қолади. Бундай ҳолатлар кўпчиликнинг назаридан четда қолмаслиги, ёқимсиз одатларга чек қўйишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Ҳозир, ўзи бировга ундай кийин, бундай кийин, дейишга журъат ҳам қилмайди одам. Бир дўстимиз айтади. “Автобусда кетаётсам қаршимда бир ёши олтмишлардан ошган киши ўтириб қолди. Қарасам, кепкасини тескари кийиб олган экан. Мен намоз-памоз ўқиганда орқасига ўгириб олиб кейин эсидан чиқиб қолган бўлса керак деб ўйлаб, “Ака, кепкангиз тескари бўлиб қолибди”, деган эдим. Менга чақчайиб, бутун нафратини башарасига йиғиб туриб: “Сенинг нима ишинг бор, қандай хоҳласам, шундай кияман, тушундингми?”  деди. Бундай муомалани кутмаганим учун нима дейишимни билмай мулзам бўлиб қолдим”.

Бироқ, индамай турсангиз ҳам ярашмайди. Ёшларга ярим яланғоч кийиниш, ўта тор кийимлар аввало инсон соғлиғига зарарлигини, қолаверса, миллийлигимизга зид эканини тушунтириш, тўғри йўл кўрсатишнинг таъсирчан усулини топиш керак, жилла қурса, шунга уринсак ҳам ёмон бўлмайди. Гапларимиз улардан бирортасига таъсир қилиб қолса, шунинг ўзи ҳам катта гап.

Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир урфлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди. Хусусан, кийимлар баданни ёт нигоҳлардан асраши учун кийилади ва уйга, тўй-маъракага, ишга кийишга мўлжалланиб сотиб олинади. Шунингдек, кийимни тоза, яхши сақлашга ҳам эътибор қаратилади. Бош кийим ҳеч қачон ерга қўйилмайди, кийимни босиб ўтиш одобсизлик саналади.

Бизнинг кийимларимиз тури бошқа кўплаб миллат вакиллариникидан кўп. Масалан, доимий иссиқ ўлкаларда яшовчилар биз кийган қишки либосларимизни киймайди; доимий совуқ бўладиган ўлкалар аҳолисида эса бизнинг ёзги кийимларимиз бўлмайди. Биз эса йилнинг тўрт фаслига мўлжаллаб кийим киямиз. Шунинг ўзи кифоя эмасми!

Одатда кийимларимиз иқлимга мос, ярашиқли ва табиий матолардан тикилса, ҳар ким ўз гавда тузилишига қараб бичим танласа, қандай яхши. Қисқа қилиб айтганда, ҳар бир шахснинг кийиниш маданиятига қай тарзда амал қилиши – унинг маънавиятини кўрсатиб турувчи кўзгудир. Ҳар ҳолда остона ҳатлаб кўчага чиқаётган одам ўзи ҳақида одамларда ёмон таассуротлар қолдирмасликка, кийиниш одобига риоя этишга ҳаракат қилгани маъқул.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 4102 times

Мақолалар

Top