Мақолалар

Ажр олмайдиган имтиҳондан сақланайлик!

قُلْ إِن كَانَ آبَاؤُكُمْ وَأَبْنَآؤُكُمْ وَإِخْوَانُكُمْ وَأَزْوَاجُكُمْ وَعَشِيرَتُكُمْ وَأَمْوَالٌ اقْتَرَفْتُمُوهَا وَتِجَارَةٌ تَخْشَوْنَ كَسَادَهَا وَمَسَاكِنُ تَرْضَوْنَهَا أَحَبَّ إِلَيْكُم مِّنَ اللّهِ وَرَسُولِهِ وَجِهَادٍ فِي سَبِيلِهِ فَتَرَبَّصُواْ حَتَّى يَأْتِيَ اللّهُ بِأَمْرِهِ وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ

“Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтургунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас. (Ояти каримада инсон учун бу дунёда энг қадрли саккиз нарса эслатилиб, улардан ҳам маҳбуброқ нарса Аллоҳ, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилиш бўлмоғи лозимлиги уқтирилмоқда. Мазкур саккиз нарсанинг ҳаммаси ёки бирортаси инсонга Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуб бўлса, унда у инсоннинг иймони нуқсонга учрайди. Бу дунёда ота-она инсонлар учун жуда қадрдон ҳисобланадилар. Ислом дини уларга яхшилик қилишни, уларни ҳурматлаш ва эъзозлашни қаттиқ тайинлаган. Аммо шундай бўлса-да, уларнинг муҳаббати Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва жиҳоддан устун бўла олмайди. Мусулмон одам бу ҳақиқатни билмоғи лозим.)” (Тавба сурасининг 24-ояти).

Бу ояти каримага бугунги кунимизда мисоллар кўп бўлгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давридаёқ Раббимизнинг Ўзи Каломининг исботини кўрсатиб қўйган эди.

Маълумингизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ этганларидан сўнг ўн икки минг аскардан таркиб топган қўшин билан Тоифдаги Ҳавозон ва Сакиф қабилалари устига юриш қиладилар.

Ислом қўшинининг кўплигини кўрган баъзи мусулмонлар йўл-йўлакай: “Бу қўшин энди ҳеч қачон енгилмайди”, дея мағрурланиб борар эди.

Аммо Ҳунайн водийсида ўзларидан жуда ҳам озчилик бўлган мушрикларнинг қўшини билан тўқнашганда жиддий талофатга учраб парокандаликка юз тутди. Чунки улар саноқда кўплигига ишонган эдилар. Аллоҳ таолонинг ёрдамига суянишни унутган эдилар.

Ана шу воқеа мазкур ояти кариманинг шарҳи бўлиб хизмат қилади. Кўплик, кўпликка ишониб мағрурланмоқ, устунликни ўзларида деб ҳисобламоқ нақадар янглиш туйғулар. Қуйидаги ояти каримада эса масала янада аниқроқ баён этилган.

اعْلَمُوا أَنَّمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا لَعِبٌ وَلَهْوٌ وَزِينَةٌ وَتَفَاخُرٌ بَيْنَكُمْ وَتَكَاثُرٌ فِي الْأَمْوَالِ وَالْأَوْلَادِ كَمَثَلِ غَيْثٍ أَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرّاً ثُمَّ يَكُونُ حُطَاماً وَفِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ شَدِيدٌ وَمَغْفِرَةٌ مِّنَ اللَّهِ وَرِضْوَانٌ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ

“Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. Худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийдир ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас. (Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса бу ҳол ўткинчидир. Яъни, ўсимликлар тезда қурийди. ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади. Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак. Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор. Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъват, холос.)” (Ҳадид сурасининг 20-ояти).

Қуръони каримнинг ушбу ояти каримаси дунё ҳаёти, ўйин-кулгуси, зеб-зийнати, мол-мулклари аслида нима эканини батафсил таърифлаган. Дунё ва охират ҳаёти муқояса қилинган ушбу оятда, хусусан, дунё ҳаётининг ёлғончи тарафлари изоҳ этилган, улардан қочиш кераклиги, уларга сиғинмаслик зарурлиги тавсия қилинган.

Дунё ва дунё матоҳларининг ҳеч қайсиси бир ҳикматсиз яратилмагани ўрни-ўрни билан бошқа оятларда ҳам баён этилган.

Аслида дунё ҳаёти ёмон эмас. Чунки ҳақиқий дунёга бориш учун эзгу амаллар  қилиб ажру савоблар ана шу дунёда тўпланади. Дунё ҳаёти қачон ёмон бўлади? Ўлим унутилганда, охират кейинги ўринларга ўтиб қолганда, дунё ҳаётида амалсизлик,  эътиқодсизлик яшалганда ёмон ва барбод бўлади.

Энг даҳшатлиси эса умрни Аллоҳ таолога ва Пайғамбар алайҳиссаломга итоатда ўтказмай, илоҳиятни ва инсонийликни унутиб, Қуръонни четга суриб фиръавинлашмоқ – дунёга, дунёнинг ўткинчи нарсаларига қалбан ва жисман боғланиб қолмоқдир.

Исломнинг дунё ҳаётига муносабатини ҳеч бир нарса ана шу ояти карималар англатгани қадар чиройли тушунтира олмайди. Ушбу оятларда хабари берилган дунёвийлашмоқ буюк хатар ва имон-эътиқодга жиддий таҳдиддир.  

Мазкур оятларда мусулмонларнинг Аллоҳ таолони ва охиратни унутиб ёки бир чеккага суриб қўйиб дунё ҳаёти ва лаззатига берилиб кетмаслигини, охират дунёсидан айрилиб қолмаслигини, дунё ҳаётига масофа сақлашни унутмаслигини, охират қаршисида дунё ҳаётини танлаб хато қилмаслигини тушуниши зарурлиги айтилмоқда.

Бинобарин, капиталистик жамиятнинг истеъмол маданияти ва телбаликнинг “бўлмоқ”дан зиёда “соҳиб бўлмоқ” ва  кўнгилхушликка ружу қўйишнинг кенг оммалашуви бугун ислом дунёсининг келажаги нуқтаи назаридан, албатта, жуда ҳам катта аҳамиятга эга.

Сўз юритаётганимиз ушбу масала – Қуръони каримнинг юқоридаги оятларда ифодаланган таълимотини унутиб ёки унга эътиборсизлик қилиб; дунё ҳаёти, мақом-мавқеи, мол-давлати, куч-қуввати, шуҳратининг ортидан қувлаб “шуҳрат-сарват-ришват” қилиб шайтонинг измида кетмаслик ҳақида бормоқда.  

Дунё ҳаётига тутилмоқ, унинг асири бўлиб, қулига айланмоқ, оқибатда Аллоҳни, охиратни ва ҳисоб-китобни унуттирадики, Бугун Ислом дунёсини ва мусулмонларни кутаётган энг катта хатар, таҳдид шу эканини асло унутмаслигимиз, шу масалани ҳар доим кун тартибига қўймоғимиз даркор. 

Бу масалада диндош биродарларимизга Қуръони каримнинг юқоридаги оятларини доимо хотирлатмоғимиз ва  шу суратда дунё ҳаётига қарши мувозанат ва масофани онгимизда шакллантиришга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Илло, айни шу масала бугунги кунда дунё мусулмонлари учун энг аҳамиятлисидир. 

Акс ҳолда келажакда дунёвийлашган, тажрибасиз бир мусулмонлар жамоаси пайдо бўладики, у Аллоҳ ва Расулининг Исломи бўлмасдан, бошқа динларнинг мустамлакасига ўхшаган бир амал бўлади.

Не-не дўпписи ерга тушса, пул бериб олдирадиган “бақувват” одамларни кўряпмиз, гувоҳ бўлаётирмизки, улар тўйларда, туғилган кунларда карнай-сурнай қилиб, моддий жиҳатдан қийналган, кўнгли ярим одамларга озорни кучайтирмоқда, харажатлари, исрофгарчиликлари кўпайиб рақамлар ортмоқда ва ниҳоят ана шу оғзи полвонларнинг қилмишлари фош бўлиб қамоқхоналарга тушмоқда.

Динимизга талабларига кўра яшашни мақсад қилган эканмиз, биринчи ўринда қиладиган ишимиз риёкорликдан қочиб самимиятга юз тутмоғимиз даркор. Кўплаб мусулмон давлатлари аҳолиси бир қултум сувга, бир бурда нонга, биргина оёқ кийимига зор бўлиб турган чоқда ёнгинасидаги мусулмон давлатларидаги серҳашам тўй-у тантаналарни, исрофгарчиликларни, ҳатто бу исрофгарчиликлар ҳадди аълосига чиқиб, уч тийинга қиммат картиналарни  фалон миллион долларга сотиб олишгача бормоқда. Ўша фалон миллион доллар билан бир мусулмон давлати аҳолисининг қорнини бир неча кун туйдириш мумкин. Сафарга самолётлар карвонида чиқиш. Борган шаҳридаги жамики беш юлдузли меҳмонхоналарни банд этиш... Афу этасиз-у, бошқа бирорта дин вакили бу дабдабанинг юздан бирини ҳам қилмайди. Аммо мўмин-мусулмонларнинг бир-бирига ёрдам бериб ҳаёт кечириши, қўшниси оч қолган мусулмоннинг имони шубҳали экани айнан бизнинг динимизда айтилган.

Мана бу иккита ҳадис ва шу мавзудаги юзлаб ҳадиси шарифлар гапимизнинг ёрқин исботи. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Ҳасан ибн Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси банда мусулмон биродарини иши тушганда ёрдамсиз қолдирса, Аллоҳ таоло уни гуноҳкор ва ажр олмайдиганлар билан имтиҳон қилиб қўяди”, дедилар».

Ислом оламининг бугунги кундаги асосий муаммоси худди ана шунда эмасми! Қашшоқлик, нотинчлик, мусулмон давлатлари ўртасидаги бир-бирига мушт дўлайтиришлар, ҳатто бир мусулмон давлати иккинчисига ёрдам бериш ўрнига унга янада кўпроқ зарар етказиш учун ғайридинлардан ёрдам сўраётганлари ана шу ҳадиси шарифга амал қилмаётганимиз сабабидандир.

Дунёвийлашув, дунё салтанатига сиғинмоқ – даҳшатли ҳодиса. Майхоналарда, казиноларда, павилионларда тугатилган ичкиликлар, синган идишлар, ёқилган кийимлар инсонларни жиркантириб нафратини қўзғамоқда.

Умид қиламизки, шаҳват, ришват, шуҳрат касалликлари тамоман йўқ бўлиб динимиз даъват этган эзгуликларга ошно бўлиб ҳаёт кечирамиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Read 3130 times

Мақолалар

Top