Print this page

Рамазон

Рўза ва нафс тарбияси

Рамазон ойи мусулмонни фазилатли қадриятлар, улуғ хулқлар, гўзал ўрнаклар ила тарбиялайдиган ойдир. Шу ойдан бошлаб мусулмон нафсини тийишга, уни бошқаришга ўрганиши лозим. Ҳар қандай разил хулқдан, ёмон йўллардан узоқ бўлиши керак.

Шу билан мусулмон барча ҳолатда мулойимлик, бағрикенглик, кечиримлилик билан сифатланиб, қўполлик ва бузуқликдан тилида ҳам, ишида ҳам узоқ бўлади.

 

Рўзада жоҳиллик, тортишув, фисқ-фужур ва ёмонликдан узоқ бўлинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Биронтангиз рўза тутса, ёмон гапларни гапирмасин, бақириб-чақирмасин. Агар биров уни сўкса ёки уришса, “мен рўзадорман”, десин” (Муттафақун алайҳ).

 

Рўзанинг мусулмонлар учун тарбия мактаби эканини Аллоҳ таоло ундан кўзланган энг олий мақсад тақвога эришиш эканини баён қилганидан ҳам билиб олсак бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183).

 

Тақвонинг энг асосий унсурларидан бири бу одамлар билан яхши муомалада бўлишдир. Одамлардан ўзини юқори олиш, уларга қўполлик қилиш, улар билан ёмон муомалада бўлиш тақвога хилофдир.

 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га “Фалончи аёл кечаси намоз ўқийди, кундузи рўза тутади. Лекин тили ёмон, қўшниларига азият беради, сурбет”, дейишди. У зот: “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда”, дедилар. Яна у кишига: “Фалончи аёл фарз намозларни ўқийди, рамазон рўзасини тутади ва садақа қилади. Лекин унинг бошқа амали йўқ. Қўшниларига азият бермайди”, дейишди. У зот: “У жаннатда”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

 

Рўза бандада тақво сифатини намоён қилади, унинг сўзи, иши, юриш-туришида, дўсту душман, каттаю кичик билан муомаласида Қуръон хулқларини акс эттиради.

 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким ёлғон гапиришни, унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг ейиш ва ичишдан тийилишига Аллоҳ муҳтож эмас” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ибодатлар, хусусан, рўза ибодати нафсларимизни гўзал амалларга, чиройли хулқларга ўргатади. Шунинг учун, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эзгуликни “гўзал хулқдир” деб таърифлаганлар. Яна у киши: “Қиёмат куни банданинг тарозисида гўзал хулқдан оғирроқ нарса йўқдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

У зотдан “Одамларни жаннатга кўпроқ киритадиган нарса нима?” деб сўрашди. У киши: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Яна у зот: “Мўмин гўзал хулқ билан кундузи рўза тутган, кечаси ибодат билан қоим бўладиган кишининг даражасига етади”, деганлар. Шундай экан, бу ой нафсларимизда олижаноблик, чиройли хулқ ва хушмуомалалиликни пайдо қилсин.

 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу кўрсатмалари билан кишилар, жамият саодатга эришади, хотиржамлик топади. Дарҳақиқат, чиройли хулқ жамиятда хотиржамлик ва омонликнинг асосидир. Ёмон хулқ эса, барча кўнгилсизликлар ва бахтсизлик сабабидир.

 

Рамазон ана шундай гўзал хулқлар, саховат ва мурувват шаклланадиган, камол топадиган ойдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда бошқа ойлардагидан-да сахийроқ бўлиб кетар эдилар. Шу боис, бу ойда Аллоҳ таолога яқин қиладиган яхшиликлар ва тоатларимиз кўпайиб, юриш-туришимиз, сўзимиз ва ишларимиз эзгулик ила йўғрилсин.

 

Жамшид Шодиев тайёрлади.

 

Read 84700 times