Қуръони карим

Ҳофиз Бағавий

Ҳофиз Бағавийнинг тўлиқ исми: Абу Муҳаммад Ал–Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Ал–Фарро Ал–Бағавийдир. “Муҳйис суннаҳ”, “Имом” ва “Шайхул Ислом” деган номлар ила эътироф этилган.

“Фарро” сўзи мўйна билан шуғулланувчиларга нисбатан ишлатилади. Масалан: мўйнафуруш ва мўйнадўз дейилади.

“Бағавий” сўзи эса, Марв ва Ҳирот оралиғида жойлашган Хурасоннинг (Бағ) “Бағшур” шаҳрига нисбатан ишлатилади.

Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжамул булдон” да айтишига қараганда: Ҳусайн ибн Масъуд ҳижрий 433 йили туғилган.

Заркалийнинг сўзига қараганда: ҳижрий 436 йили туғилган.

Ҳусайн ибн Масъуд Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида, Шофиий мазҳабида бўлган.

Илм талабида Ҳурасоннинг турли ҳудудларига сафар қилган. Шофиий мазҳабининг фақиҳларидан бўлиб, улуғ муҳаддис ва мусаввирлар  қаторидан жой олган, диннинг устуни, суннатнинг тирилтирувчиси унвонларига сазовор бўлган.

Ҳусайн ибн Масъуд Бағавий ниҳоятда тақводор, сабрли бўлган. Ривоят қилинишига қараганда бирор дарсни бетаҳорат айтмаган. Асосан унинг таоми нон бўлиб, ундан бошқа таом эмас, кейинчалик кексайган вақтида нонга ёғ суриб таомланган зоҳид инсон эди.

Шофиий уламоларидан Ат–Тож  Ас–субкий Ҳусайн ибн Масъуд Боғавийни шундай таърифлайди : “Ал–Боғавий улуғ имом, тақводор, фақиҳ, илм билан амални жамлаган обид, муфассир ва мухаддис олимдир.

Ҳусайн ибн Масъуд Бағавийнинг тафсири ҳақида “Кашфўз-Зунун” муаллифи шундай дейди: “Беш юз ун олтинчи йилда вафот этган Имом Ҳусайн ибн Масъуд Бағавийнинг “Маъолимут Танзул тафсири” Ўртача тафсирлардан бўлиб, улуғ саҳобалар, тобеийнлар ва кейинги уламолардан нақл қилинган. Уни 805-йилда вафот этган Аш-Шайх Тожуддин Абу Наср Абдулваҳоб ибн Муҳаммад ал–Ҳусайн мухтасар қилган”.

Муфассирлардан Ал–Хозин ўзнинг тафсири муқаддимасида шундай ёзади: “Ҳусайн ибн Масъуд Боғавийнинг тафсири шу илм соҳасидаги  шубҳадан ҳоли, рост сўзларни жамлаган, шариат аҳкомлари баён этилган, ажойиб  хабарлари ва киссалари билан ўралган бебаҳо китобларидандир”.

Устозлари:

  • Абу Али Ҳасайн ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Марзавий.
  • Абу Амр Абдулвоҳид ибн Аҳмад ибн Абу Қосим Малиҳий Ҳиравий.
  • Абул Ҳасан Али ибн Юсуф Жувайний.
  • Абу Бакр Яъқуб ибн Аҳмад Найсобурий.
  • Абу Али Ҳассон ибн Саъид Мунайъий.
  • Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуссомад Туробий Марзавий.
  • Абу Қосим Абдул Карим ибн Абдулмалик ибн Толҳа Найсобурий Қураший, Хурасон шайхи номини олган.
  • Абу Солиҳ Аҳмад ибн Абдул Малик ибн Али ибн Аҳмад Найсобурий.
  • Абу Туроб Абдулбофий ибн Юсуф ибн Али ибн Солиҳ ибн Абдул Малик Мароғий Шофиий.
  • Умар ибн Абдул Азиз Фашшоний.
  • Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Муҳаммад Шурайзий.
  • Абу Саъд Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аббос Хатиб Ҳумайдий.
  • Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдуссомад ибн Аҳмад ибн Мусо Жавзоний.
  • Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Муаллим Тусий.
  • Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Али Заррод.
  • Абу Бакр Аҳмад ибн Абу Наср Кўфоний.
  • Абу Мансур Муҳаммад ибн Абдул Малик Музаффарий Сарахсий.
  • Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Фазл ибн Жаъфар Хирақий.
  • Абу Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Ҳасан Қурайниний.
  • Абу Ҳасан Абдур Раҳмон ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Музаффар Довудий.

Шогирдлари:

  • Абу Мансур Муҳаммад Ибн Асъад ибн Муҳаммад, 571 йили вафот этган.
  • Муҳаддис Абул Футууҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али Тоий Ҳамазоний, 555 йили вафот этган.
  • Абул Макорим Фазлуллоҳ ибн Муҳаммад Навқоний.

Асарлари:

  • “Маолимут танзил фит тафсир”;
  • “Шарҳус суннаҳ”;
  • “Масобииҳ”;
  • “Жамъу байна Саҳиҳайн”;
  • “Анвор фи шамоилил мухтор”;
  • “Арбаъина ҳадисан”;
  • “Мажмуъатул фатово”;
  • “Таҳзиб фил фиқҳ” ва бошқа таълифотлар.

Ҳусайн ибн Масъуд 80 ёшдан ўтиб 516 йили вафот этади.

Манбалар асосида

Абдуссомад Абдулбосит тайёрлади

Read 8064 times
Tagged under

Мақолалар

Top