Сийрат ва ислом тарихи

Руқайя бинти Муҳаммад (с.а.в)

Руқайя (розияллоҳу анҳо) Зайнаб (розияллоҳу анҳо) дан кейин дунёга келди. У ҳам ота-онасининг кўз қорачиғи эди. Руқайя (розияллоҳу анҳо) ва Умму Гулсум (розияллоҳу анҳо) икковлари худди эгизаклардек ўсдилар. Бир-бирларини жуда севардилар. Бу севги ва меҳр опалари Зайнаб узатилганидан сўнг янада кучайди. Гўё тақдир уларнинг ҳаётини муштарак бир йўлга чизгандек бир-бирларига қаттиқ боғланиб қолган эдилар.

Зайнаб (розияллоҳу анҳо) Абул Ос ибн Робиъ билан турмуш қурганидан сўнг Руқайя (розияллоҳу анҳо) ва Умму Гулсум (розияллоҳу анҳо) нинг ҳам бўйлари етиб қолди. Абу Толиб уларни биродари Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайбага сўраб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга шундай жавоб бердилар: “Эй амаки, қариндошчиликни сийлайман, бироқ менга бироз муҳлат беринг. Бу масала юзасидан қизларим билан гаплашай”.

Ҳазрати Ҳадича (розияллоҳу анҳо) бу гапларни эшитиб ўйга чўмдилар. Чунки Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил қаҳри қаттиқ, тили аччиқ ва ўйламай иш қиладиган хотин эканини билар эдилар. Шунинг учун қизларининг бу хонадонга келин бўлишларини хоҳламай турардилар. Бироқ фикрларини қайтармаслик учун индамадилар. Қизлари ҳам буни ҳис қилиб жим ўтирардилар. Шундай тарзда, қатий қарор қабул қилинди. Шафқатли ота қизларига баракот тилади. Уларни азиз ва жамил бўлган Аллоҳнинг паноҳига топширди.

Макка осмонида бир нур кўринди. Бутун Маккани ойдинлатиб, қоронғуликни тарқатиб юборди. Бу нур Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг пайғамбарлик нури эди.

Қурайшийлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хусусида аниқ бир тўхтамга келиш учун тўпландилар. Ораларидан бири: “Сиз Муҳаммаднинг ишига ҳалақит бермоқчимисиз? У ҳолда қизларини қайтариб юборинглар, у қизлари билан овора бўлиб қолади”, деди.

Абу Лаҳаб Ҳазрати Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг қизлари билан оила қурган ўғилларига: “Агар Муҳаммаднинг қизларини қўймасангиз, бошим бошингизга ҳаром бўлсин”, деди.

Икки қиз ҳам оталик уйларига қайтиб келдилар.

Умму Жамил ва Абу Лаҳаб бу ишлари билан чекланиб қолмади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га доимий равишда азият етказавердилар.

Абу Лаҳабнинг қўллари қуриган — ҳалок бўлгай! (Аниқки,) у қуриди — ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан (эшилган) арқон бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!” (Масад сураси).

Руқайя (розияллоҳу анҳо) ва Умму Гулсум (розияллоҳу анҳо) уйларидаги муҳит ўзгариб қолганини сездилар. Уйда хурсандчиликдан асар ҳам қолмагандай, ғам-қайғу буткул ҳукмрондек кўринар эди. Бироқ опа-сингил ота-оналари билан бирга бу қийинчиликларга бардош бердилар.

Қурайшийларнинг тахмини бекор бўлди, севинчлари узоққа бормади. Улар ўйлаганидек, қизларининг уйга қайтиб келиши билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюк вазифаларини адо этишдан тўхтаб қолмадилар. Аллоҳ таоло солиҳ, асл бир оилага мансуб, бой ва юмшоқ табиатли куёв берди. Бу киши Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) насаб, мавқе ва бойликда Қурайшнинг энг олди кишиларидан эди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Руқайя (розияллоҳу анҳо) ни Усмон (розияллоҳу анҳо) га никоҳладилар ва уларга баракот тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.

Қурайш мушрикларининг мусулмонларга азиятлари янада ортди. Уларга жуда ёмон муносабатда бўла бошладилар. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитнага дучор бўлишмасин деб саҳобаларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилишларига изн бердилар.

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) билан завжаси Руқайя (розияллоҳу анҳо) ҳам йўл ҳозирлигини кўра бошладилар. Руқайя (розияллоҳу анҳо) нинг кўзлари ёш, калби ғам-алам билан тўла эди.

Усмон (розияллоҳу анҳу) ҳам жуда хафа эдилар. Сабрли мўмина Руқайя (розияллоҳу анҳо) унга юзланиб, таскин бериш учун: “Аллоҳ таоло биз билан ва Шу муборак Байтнинг атрофидаги тупроғимизда қолаётган кишилар билан биргадир”, деди.

Ҳазрати Усмонинг (розияллоҳу анҳу) кайғуси тарқалди. Ҳабашистон томон йўлга тушдилар.

Муҳожирлар кўп икромларга ноил бўлиб, Нажоший ҳимоясида яшадилар. Уларга истаганларидай ҳаракат ва ибодат эркинлиги берилган эди.

Бир кун Макка мушрикларининг мусулмон бўлгани ҳақида ёлғон хабар келди. Буни эшитиб, ҳасрат чекаётган баъзи муҳожирлар оилаларига қовушиш орзуси билан орқага қайтмоқчи бўлдилар.

Бир қисми эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтишга рухсат бергунларига қадар шу ерда қолишга қарор қилдилар.

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ва Руқайя (розияллоҳу анҳо) ҳам Маккага қайтганлар билан бирга эдилар. Ватан тупроқларига оёқ босар-босмас, болалик ва ёшлик йиллари ўтган ерларни кўриб, уларнинг кўзлари севинч ёшларига тўлди.

Руқайя (розияллоҳу анҳо) нинг Маккада қолиши узоққа чўзилмади. Мушрикларнинг тазйиқи кундан-кун ортиб борарди. Мусулмонлар Мадинага ҳижрат этдилар. Ҳазрати Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам улар билан бирга эдилар. Руқайя (розияллоҳу анҳо) га олам-олам қувонч келтирган ўғли Абдуллоҳ Мадинада туғилди. Руқайя (розияллоҳу анҳо) бу фарзандни ўтган кунлардаги мусибатлар бадалига берилган мукофот дея қабул этди.

Лекин мўмин киши имтиҳон қилинади, унга балолар юборилиб, синалади.

الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ

«У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ — яхшироқ амал қилгувчи эканингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир» (Мулк, 2).

Гўдак ухлаётганида нимадур бир нарса юзини чақиб олди. Яраси оғирлиги учун бир неча кундан сўнг жон таслим қилди. Руқайя (розияллоҳу анҳо) бу мусибатнинг оғирлигига чидай олмади, ҳушидан кетди. Иситмаси кўтарилиб, безгакка чалинди.

Суюкли эри Усмон (розияллоҳу анҳу) унинг ёнидан ҳеч айрилмади. Ғам-қайғуни енгиллатиши учун Аллоҳ таолога тинмай дуолар қилди.

Руқайя (розияллоҳу анҳо) нинг аҳволи оғирлашиб борарди. Касаллик кучайди. Ниҳоят, дудок орасидан чиқаётган нафас узилиб қолди. Руҳ танни тарк этган эди.

Севимли ёридан айрилиб қолган Усмон (розияллоҳу анҳу) унинг аста юзини ёпар экан, Бадрдан келган чопар мусулмонларнинг зафарини эълон қилди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бақиъ қабристонига бориб қизлари Руқайя (розияллоҳу анҳо) нинг ҳаққига дуо қилдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг икки ҳижрат соҳиби бўлган қизлари Руқайя (розияллоҳу анҳо) дан Аллоҳ таоло рози бўлсин. 

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

 

Read 7209 times

Мақолалар

Top