Сийрат ва ислом тарихи

Қосим ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ

У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзандлари бўлиб, 603 йили 1 Январда Маккада туғилганлар. Оналари Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан олдин дунёга келган, У зотнинг аввалги фарзандлари ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Абу Қосим” номи ила куняланган (чақирилган) лар.

 У зот ҳали сутдан чиқмай туриб, бу фоний дунёдан абадийлик ҳаётига сафар қиладилар. Ривоятларга кўра У зотнинг вафот этган ёшлари борасида қуйидаги сўзлар айтилган:

  1. У зот энди юра бошлаганида, 1 ёшдан ўтиб вафот этган.
  2. Икки ёшларида вафот этган.
  3. 17 ойликларида вафот этган.
  4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан олдин вафот этган.
  5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан сўнг вафот этган.

“Муснадул Фирёбий” да ривоят қилинишича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Қосим вафот этган вақтда Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирдилар. Қарасалар У зот розияллоҳу анҳо йиғлаётган эканлар. Ана шунда Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг расули! Қосим ҳали сутдан чиқмаган эди. Агар ҳеч бўлмаганда сутдан чиққанида эди, албатта бу мусибат менга, бунга нисбатан енгил бўлар эди” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотга: “Албатта сиз уни жаннатда ҳам эмизасиз. Агар ҳоҳласангиз Аллоҳ таоло сизга жаннатдаги уни овозини эшиттириши мумкин” дедилар. Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо: “Йўқ! Шарт эмас. Мен Аллоҳ ва Унинг Расулига ишонаман” дедилар.

Юқоридаги ривоятдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзандлари, У зот пайғамбар бўлганларидан сўнг вафот этгани маълум бўлади.

Тошкент ислом институти 4 курс талабаси

Абдус Сомад Абдул Босит

Read 6711 times
Tagged under

Мақолалар

Top