Сийрат ва ислом тарихи

Саҳобаларни ҳақоратлаш оқибати

Саҳоба ўзи ким? Саҳоба Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кўришиб, у зоти бобаракотга имон келтириб, мўмин ҳолда вафот этган кишидир. Саҳобалар пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсонлар ҳисобланади. Шундай эътиқодда бўлиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Саҳобаларнинг саъй-ҳаракатлари билан Ислом дини кенг ёйилди. Улар бу йўлда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётлик чоғларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам жону молларини аямадилар. Дин аҳкомларини таълим бериб, уларни софлигича етказишда жасорат кўрсатишди. Агар улар бўлишмаганда эди, диннинг асли бизга етиб келмаган бўлар эди. Шунда, аҳволимиз қандай кечарди? Бошимизга қандай кулфатлар тушарди? Алҳамдулиллоҳ, Аллоҳ бизларни бундай ҳолатлардан асради. Бизга у зотлар туфайли дин аҳкомлари соф ҳолда етиб келишини таъминлади. Унинг натижаси ўлароқ, тўғри йўлни топиб, ўзлигимизни, кимнинг уммати эканлигимизни англадик. Шу боис, саҳобаларни яхши кўришимиз, улар ҳақида доимо яхши сўзлар гапиришимиз лозим.

У зотларнинг фазилатлари ва даражалари шундай улуғлигидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни сўкиш, ҳақорат қилиш, уларга азият беришдан қаттиқ қайтардилар. Шунингдек, бирор саҳобани яхши ёки ёмон кўриш у зоти бобаракотнинг ўзларини яхши ёки ёмон кўриш билан баробар эканини таъкидлаб бундай дедилар: «Саҳобаларим борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Мендан кейин уларни (сўкиш ва ҳақорат қилиш учун) нишон қилиб олманглар. Ким уларни яхши кўрса, мени яхши кўргани учун яхши кўрибди. Ким уларни ёмон кўрса, мени ёмон кўргани учун ёмон кўрибди. Ким уларга озор берса, батаҳқиқ, менга озор берибди. Ким менга азият  етказса, батаҳқиқ, Аллоҳга азият етказибди. Ким Аллоҳга озор берса, ҳеч қанча вақт ўтмай, албатта, Аллоҳ уни жазолайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ асрасин, саҳобаларни ёмон отлиқ қилган ёки ҳақорат этган киши диндан чиқади. Зотан, шундай эътиқоддаги кимса ўзини уларга тенг деб билган, уларга нисбатан дилида кек сақлаган ҳисобланади. Шунингдек, Аллоҳ таоло Китобида уларни мақтаб, суйиб келтирган мартабалари, фазилатларини инкор қилган бўлади. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларни динни етказишда, унга воситачилик қилишга муносиб кўрди. Шу боис, уларга таъна қилиш, динга таъна қилиш, уларни менсимаслик динни менсимаслик билан баробардир.

Саҳиҳ ҳадисда бундай келади: «Ансорларни яхши кўриш – имон аломати, уларни ёмон кўриш – мунофиқлик белгиси» (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти). Зеро, ансорлар дин йўлида молу жонларини фидо қилдилар.

Бу Али (розияллоҳу анҳу)га ҳам тегишли. Зеро, у зот бундай деганлар: «Уруғни ёриб чиқарган, жонни яратган Зотга қасамки, менга уммий Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени фақатгина имонли киши яхши кўришини ва фақатгина мунофиқ кимса ёмон кўришини билдирганлар».

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гарчи бу гапни Али (розияллоҳу анҳу) ҳақида айтган бўлсалар-да, у барча саҳобаларга тааллуқлидир. Зеро, Абу Бакр, Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳум) бу мартабага Алидан кўра лойиқроқ ва ҳақлироқдирлар. Чунки Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсондирлар. У зотдан кейин Умар, сўнг Усмон, сўнгра Али башариятнинг энг афзали ҳисобланади. Бунга барча уламолар ижмо қилишган. Бундан фақатгина мунофиқ, бидъатчи ва қалбида маразлик бор кимсагина шубҳаланади.

Умар ва Али (розияллоҳу анҳумо) бундай дейишган: “Ким бирор кишини Абу Бакрдан афзал деб билса, у туҳматчидир, унга дарра урилади”.

Айюб Сахтиёний бундай деганлар: «Ким Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)ни яхши кўрса, ҳақиқатда у диннинг устунини барпо қилибди. Ким Умар (розияллоҳу анҳу)ни яхши кўрса, ҳақиқатда у йўлни равшан қилиб олибди. Ким Усмон (розияллоҳу анҳу)ни яхши кўрса, ҳақиқатда у Аллоҳнинг нури билан нурланибди. Ким Али (розияллоҳу анҳу)ни яхши кўрса, ҳақиқатда у мустаҳкам ҳалқани тутибди. Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг асҳоблари ҳақида яхши сўзларни гапирса, ҳақиқатда у мунофиқликдан халос бўлибди».

Саҳобаларни ҳақорат қилган киши лаънатга учрайди. Зотан, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай огоҳлантирганлар: «Аллоҳ таборака ва таоло мени танлаб олди ва мен учун саҳобаларимни сайлаб, улардан менга вазирлар, ёрдамчилар ва қариндошлар қилди. Бас, ким уларни ҳақорат қилса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни унинг на фарз, на нафл ибодатлари қабул қилинади» (Имом Ҳоким ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар саҳобаларим зикр қилинса, жим бўлинглар. Агар юлдузлар зикр қилинса, жим бўлинглар. Агар тақдир зикр қилинса, жим бўлинглар», деганлар» (Имом Табароний ривояти).

Тақдирнинг сири ҳақида фикр юритишдан тийилиш ҳам имон аломати, ҳам Аллоҳнинг амрига таслим бўлишдир. Юлдузлар Аллоҳнинг иродасидан ташқари ҳам таъсир кўрсатади, деб эътиқод қилган киши мушрикка айланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобаларини сўккан, камчиликларини қидириб, ўрганиб, уларни айбдор деб билган кимса мунофиқдир. Зеро, ҳақиқий мусулмон Аллоҳни, Расулини, у зот келтирган нарсаларга ишониб, буйруқларини бажарган, қайтариқларидан қайтган яқинларию саҳобалари, аҳли аёлларию фарзандлари ва ходимларини яхши кўриш ҳамда уларни яхши кўрган кишиларни дўст тутиши, ёмон кўрганларни ёмон кўриши вожиб бўлади. Зеро, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир, имондандир.

Уламолар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўриб имон келтирган ва мўмин ҳолида вафот этган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланишини айтганлар.

Аллоҳ саҳобалардан рози бўлсин! Уларга берган фазлу мартабага бизларни ҳам насиб эриштирсин. Омин!

 

Толибжон ҚОДИРОВ

тайёрлади.

 

Read 7046 times
Tagged under
Top