МАҚОЛА

КЕЛАЖАКНИ ТЕРРОРСИЗ ҚУРАМИЗ

Мустақиллик сабаб барча жабҳалар қаторида Ислом маърифатининг ривожи, мусулмонларнинг диний ибодат ва маросимларини эмин-эркин адо этишлари учун қулай шароитлар бўлди. Ана шундай имкониятларни, Ўзбекистондаги тинчлик ва осоишталикни кўролмаётган ҳасадгўй кимсалар аҳоли орасида норозилик кайфиятини уйғотиш, фитна чиқариш мақсадида, «бу диёрда диний эркинлик йўқ, ибодат қилувчилар таъқиб остида, исломий билим олиш чекланган” деган уйдирмаларни интернет сайтларида тарқатишмоқда.

 Терроризм ва экстремизм инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқий фазилатларга қарши қаратилгани учун энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Энг ачинарлиси, бундай ғоялар таъсирига ёшларнинг жалб этилиши ташвишланарли ҳолдир. Фарзандларимизни турли ҳил оқимларнинг ғояларига алданмасликлари, фитналарга берилмасликларини олдини олиш, уларни муҳофаза қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

 Фуқаҳоларимиз, сигир соғаётганда тирноқни олиб, соғмоқлик лозим, дея ҳатто ҳайвонот оламига ҳам озор бермасликка тарғиб қилганлар. Ислом дини инсониятга, жамодот ва ҳайвонотга ҳам озор бермасликка чоралаган. Қуръони карим меҳр-мурувват, ўзаро ҳамкорлик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувликка чорлаб, кишиларни жамиятда доимо тинч ва тотув яшашга ундагандир. Мана шуни халқимизга етказиш, тушунтириш барчамизга вожибдир. Ёшлар онгини бундай зарарли иллатлардан муҳофаза қилиш учун самарали усуллар ишлаб чиқиш бугунги кун таълим соҳасининг долзарб вазифасига айланган.

2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унинг 5-моддасида: “Террорчилик фаолиятининг олдини олиш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа профилактик чоралар мажмуини ўтказиш орқали амалга оширилади” дея таъкидланган. Шу қонуннинг 6-моддасида эса “давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашадилар ва зарур ёрдам берадилар” деб белгиланган. “Муассасалар” деганда биз таълим муассасаларини кўзда тутишимиз лозим. Демак, бундан террорчилик фаолиятининг олдини олиш таълим муассасаларида педагогик профилактик чоралар мажмуини кучайтириш орқали амалга ошириш даркор. Бугунги кунда таълим муассасалари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири келажак авлодни комил шахс сифатида шаклланишини таъминлашдан иборат.

 Энг нозик балоғат даврида бола таълим муассасасига ўқишга келади. Ана шу пайтда ёш навниҳолни онгидаги дунёқарашни нимага ёки қайси жиҳатга мойиллигини аниқлаб, шу муайян мақсад йўлида ривожлантириш ўқитувчи-педагогларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Айниқса ёшлар онгида ғоявий бўшлиқнинг олдини олишнинг педагогик профилактикасини яратиш лозим. Бунинг учун таълим муассасаларида психологик таъсир ўтказишнинг аҳамиятини ошириш, ёшлар онгида ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш талаб қилинади. Шунингдек, таълим муассасаларида психологик ўрганиш хизматини жорий этиб, турли хил қизиқишга мойил талаба-ёшларни аниқлаб, уларнинг дунёқарашларини илмий, диний, ахлоқий томондан асослаб, жамият тараққиётини белгиловчи бунёдкор ғояга йўналтиришга эришмоқ зарур. Таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва жойлардаги вакилликлари билан ҳамкорликда талаба-ёшлар онгига терроризмнинг мудҳиш оқибатлари, унинг домига тушиб қолганларнинг аянчли ҳаёти, ғаразли ниятларини амалга оширишга уринаётган “сохта салафийлар”, “ҳизбут-таҳрир”, “акромийлар”, “нурчилар”, “жиҳодчилар” каби бузғунчи оқимларининг асл мақсадларини акс эттирувчи кинофильмлар намойишини ўқувчи-ёшлар ўртасида мунтазам кўрсатиб бориш орқали, маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини янада ошириш лозим.  Бу борада А.Тулеповнинг “Интернетга ин қурган “ўргимчаклар”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “ИШИД фитнаси” ва “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли ўқув қўлланма ва асарларидан фойдаланиш шарт. Ушбу муҳим қўлланмалар, кучли воситалар, ўқувчи-ёшларда вайронкор ғояларга қарши маънавий куч пайдо қилишда жуда қўл келади. Бугунги глобаллашув жараёнида ахборот технологиялари, айниқса интернет ёшлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Шу жараёнда таълим даргоҳи раҳбарлари ўқувчи-ёшларнинг дарсга келиш давомати, тартиб-интизомини назоратга олишиб, уларнинг шахсий техника воситалардан оқилона фойдаланишлари учун ноутбук ва нетбук компьютерлари, замонавий телефон аппаратлари, флешка каби турли ускуналардаги маълумотларни мунтазам равишда текширувдан ўтказиб боришлари мақсадга мувофиқдир.

«Ахборот асри» деб аталаётган ҳозирги замонда маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси интернетдир. Бироқ бу тармоқда ҳамма нарса аралаш-қуралаш — оқ билан қора, эзгулик билан ёвузлик ўрин олган. Маълумот тарқатиш, бизнес ва реклама учун катта майдонга айланган глобал тармоқни назорат қилишнинг имкони йўқ.

 Халқимизда «Огоҳ бўлган абгор бўлмас!» деган нақл бор. «Ўргимчак тўри»да ақидапарастликни тарғиб қилувчи сайтлар тобора кўпайиб бормоқда. Бундай таҳликали замонда ёшларга фақат «uz» доменидаги сайтлардан фойдаланиш тавсия қилинади.

 

Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш бугунги кунда ҳар қачонгидан-да муҳимдир.

 

Ф.Матякубов

Хонқа туман “Бобо хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Read 3377 times
Top