Дунё янгиликлари

Ал-Франчайз": Тошкент Ислом тараққиёт банки йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда

Саудия Арабистонининг етакчи нашрларидан бири «Ал-Франчайз» газетаси веб-саҳифасида (franchising.sa) «Тошкент Ислом тараққиёт банки йиғилишини қабул қилади» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда, «Дунё» АА.

Мақолада Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари-инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажжар билан виртуал музокараларининг натижалари ўз ифодасини топган.
Нашрда қайд этилганидек, Тошкент Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар Кенгашининг қирқ олтинчи сессиясини жорий йил июль ойида ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

ИТБга аъзо 57 давлат ва халқаро молия ташкилотлари ва муассасаларидан таҳминан 3 минг делегат ИТБ бошқарувчилар Кенгашининг навбатдаги сессиясида иштирок этиши кутилмоқда.

«Мазкур сессия ишига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари-инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажжар билан виртуал музокаралар ўтказди. Унда тадбирга тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди ва тегишли «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳни шакллантириш масаласини тезлаштиришга эътибор қаратилди», деб ёзилади мақолада.

Таъкидланишича, онлайн-суҳбат давомида С.Умурзоқов ва Б.Ҳажжар Ўзбекистон ва ИТБ ўртасидаги қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ва яқин келажакда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Томонлар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни тайёрлаш орқали Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банкининг инвестиция пакетини кенгайтириш имкониятларини батафсил кўриб чиқди.

«Мулоқот якунида Хусусий секторни ривожлантириш исломий корпорацияси, Савдони молиялаштириш халқаро исломий корпорацияси, Инвестицияларни кафолатлаш ва экспортни суғурталаш исломий корпорацияси каби Ислом тараққиёт банки органларининг имкониятлари орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди», деб ёзади «Ал-Франчайз».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1356 times

Янгиликлар

Top