Ўзбекистон янгиликлари

Бухорода маданий мерос объектларини таъмирлаш-тиклашда туркиялик реставратор қатнашади

Сўнгги йилларда маданий мерос объектларини асраш, уларни реставрация ва консервация қилиш йўналиши бўйича кўплаб дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур дастурларга асосан Бухоро вилоятидаги юзга яқин моддий маданий мерос объектини таъмирлаш режалаштирилмоқда.  

Бундай кенг кўламли ишларни амалга оширишда хориждаги соҳа мутахассислари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Анъанавий меъморчилиги тарихий обидаларимиз услубига нисбатан яқин бўлган Туркия, Эрон каби давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Юртимиздаги миллий архитектура ёдгорликлари билан танишиш, келажакда уларни реставрация қилиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва асрашга доир ишларни амалга ошириш истиқболларини ўрганиш мақсадида Туркиянинг “HF ARCHITECTURE” компанияси бош архитектори, маданий мерос объектлари бўйича мутахассис Ҳакан Чифки вилоятга ташриф буюрди.  

Ташриф давомида хорижий мутахассис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш Дирекциясининг вилоятдаги вакили Ш.Обидов, Маданий мерос департаменти вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ш.Маҳмудов ва вилоятдаги малакали архитектор З.Кличев, уста-реставратор Б.Бобомуродов билан учрашди.

Меҳмон Бухоро шаҳридаги реставрация қилиниши режалаштирилган йигирмадан ортиқ маданий мерос объектлари билан таништирилди.

 

Зариф Комилов, ЎзА

Read 1174 times

Янгиликлар

Top