Версия для печати

Сийрат ва ислом тарихи

Пайғамбар (с.а.в) нинг умумий одоблари

Қуйида Пайғамбар алайҳиссаломнинг умумий одобларини бирма-бир санаб ўтамиз:

  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларини таомланиш, покланиш ва бир нарсани олиш ва беришда ишлатар эдилар.
  • Чап қўлларидан эса, ҳожат ва шу каби ишларда фойдаланар эдилар.
  • Агар акса урсалар юзларини тўсар ва акса уришларини кийимлари билан беркитар эдилар.
  • Агар бирор жойда ўтирмоқчи бўлсалар, кетларини ерга қўйиб тизза ва болдирларини қўллари билан қучоқлаб қоринларига ёпиштириб ўтирар эдилар.
  • Гоҳида чап ёнларига таянардилар.
  • Баъзида масжидда оёқларини биттасини иккинчисининг устига қўйиб чалқанча ётар эдилар.
  • Агар пиёда юрсалар худди тепаликдан тушаётгандек шижоат ва ғайрат билан юрардилар.
  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир жанозада бирга бўлдим. Агар мен оддий ҳолда юрсам, У зот мендан ўтиб кетардилар. Агар югурсам, мен У зотдан ўтиб кетар эдим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан пиёда юриши тез бўлган инсонни кўрмаганман. Гўёки ер У зот учун текис қилиб қўйилгандек. Биз юришда ўзимизни қийнар эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хотиржам юрардилар.
  • У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал тилакли сўзларни яхши кўрардилар. Агар бирор юмушлари учун йўлга чиққанларида, “Эй тўғри йўлда борувчи” ва “Эй муваффақият топувчи”, деган гўзал фоллар эшитишни ёқтирардилар. Бир кун бир сўзни эшитдилар, ўша сўз Расулуллоҳга хуш ёқди. Кейин ўша сўзни айтган кишига: “Биз сени оғзингдан гўзал фолингни олдик”, деб айтдилар.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш хурсанд қилса, ойнинг бир парчасидек юзлари ёришиб кетарди.
  • Агар ғазаблансалар, муборак юзлари қизариб кетарди.
  • Агар бирор нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билинар эди.
  • Агар ўша иш жиддий тус олса, соқолларини кўп ушлар эдилар.
  • Пайғамбар алайҳиссалом хунук бўлган исмларни ёмон кўрар ва уларни чиройли исмларга ўзгартирар эдилар. Бир кун ҳузурларига Осия (Исёнкор) исмли бир аёл келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Сенинг исминг Жамила (Чиройли)”, деб айтдилар. Саҳобаларнинг ҳам Осий исмли бўлган кўпларини Абдуллоҳга ўзгартирган эдилар”.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичсалар: “Йўқ, қалбларни айлантирувчи Зотга қасамки”, дер эдилар. Яна баъзан: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки...”, деб айтардилар. Гоҳида эса: “Йўқ, Аллоҳга истиғфор айтаман”, дер эдилар.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирор жойда йиғилиб ўтиришиб, кейин туришни истасалар шундай дуо ўқирдилар: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду аллаа илааҳа илла анта астағфирука ва атубу илайк” – (маъноси: Эй, Аллоҳ Сен нуқсон сифатларидан буткул пок ва муназзаҳ Зотсан, Сенга ҳамду сано бўлсин! Гувоҳлик бераман сендан бошқа бирор илоҳ йўқ, Сен ягонасан. Сенга истиғфор айтаман ва тавба қиламан) ва “Бу дуо йиғинда бўладиган нарсаларга каффоратдир”, деб айтиб қўярдилар.
  • У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам юнгдан бўлган кийим кияр, ямоқли оёқ кийимда юрардилар.
  • Дағал матоли кийим ҳам кияр эдилар ва “Шабаъ” тановул қилар эдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Биз Ҳасан розияллоҳу анҳудан: “Шабаъ нима?”, деб сўрадик. У: “Арпанинг қаттиқ тури бўлиб, уни фақат бир қултум сув билан томоқдан ўтиши мумкин”, деб айтган эди.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар янги кийим киядиган бўлсалар, уни жумъа куни кияр эдилар ва кияётганда: “Аллоҳумма лакал ҳамду кама касавтанийҳи. Асъалука хойроҳу ва хойро ма суниъа лаҳу ва аъузу бика шарроҳу ва шарро ма суниъа лаҳу” (Аллоҳим, бу кийимни менга кийдирганинг учун Сенга ҳамдлар бўлсин! Сендан унинг яхшилигини ва у учун яратилган яхшиликни сўрайман. Сендан унинг ёмонлигини ва учун яратилган ёмонликдан паноҳ сўрайман” деб дуо ўқирдилар.
  • У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кумушдан бўлган узуклари бор эди. Унга “Муҳаммадур Рсулуллоҳ” деб нақш солинган эди. (“Муҳаммад” сўзи бир қаторга, “Расул” бир қаторга ва “Аллоҳ” лафзи яна бир қаторга ёзилган эди.)
  • Узук аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида, кейин Абу Бакрнинг қўлларида, кейин Умар розияллоҳу анҳунинг қўлларида, сўнгра Усмон розияллоҳу анҳунинг қўлларида, охири Усмон розияллоҳу анҳунинг қўлларидан “Арийс” қудуғига тушиб кетди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам узукни ўнг ёки чап қўлларига таққанлари ҳақида турли фикрлар бор.
  • У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча соч, соқолларини хина билан бўяр эдилар.
  • Сочлари ва соқолларини сув билан кўп тарар эдилар.
  • Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси ухламоқчи бўлсалар У зотнинг олдиларига мисвак, таҳорат суви ва тароқ қўйилар эди. Агар тунда турсалар миқвак ишлатар эдилар ва соч тарардилар. Сочларини кўп ёғлар эдилар. Кўзгуга қарар эдилар ва: “Алҳамдуллиллаҳил лазий ҳассана холқий ва хулуқий ва заана минний  ма шаана мин ғойрий. Алҳамдулиллаҳил лазий савваа холқий  фаадалаҳ, ва каррома суврата важҳий ва ҳассанаҳ ва жаъаланий минал муслимийн” (Яратилишим ва хулқимни чиройли қилган ва мендан бўлмаган ёмон нарсаларни зийнатлаган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Хилқатимни яратиб уни мутаносиб қилган ва юзимнинг суратини шарафлаб, гўзал қилган ва мени мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!)”, деб айтар эдилар.
  • Соқолларини узун ва эн қисмидан олардилар, мўйлабларини қирқар эдилар.
  • У зот хушбўйликни ёқтирардилар ва: “Менга аёллар ва хушбўйликлар севикли қилинди. Кўзимнинг қувончи эса намозда қилинди”, деб айтар эдилар.
  • У зот мушк ва анбар билан хушбўй сурардилар. Лекин “удд” хушбўйлиги Оиша онамиз айтганларидек, У зотга кўпроқ ёқар эди.

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 БАРАТОВ Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади.

7546 марта ўқилди