Сийрат ва ислом тарихи

Умматнинг “Амийни” Абу Убайда ибн Жарроҳ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи васаллам: “Албатта ҳар бир умматнинг амийни бордир. Албатта, бизнинг амийнимиз, эй уммат, Абу Убайда ибн Жарроҳдир”, дедилар”.

“Амийн” сўзи “Ўта ишончли, оманатли одам” деган манони англатади. Саҳобаларнинг ҳар-бирлари амаийндирлар. Аммо уларнинг ўзларига ҳос сифатлари бор бўлиб бошқалардан ажраб турган. Буни эса Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи васаллам билиб ўша сифат билан сифатлаганлар. Аллоҳнинг энг охирги ва энг мукаммал дини бўлмиш Исломга тобе умматнинг амийни бўлиш шарафига муяссар бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳнинг сифатлари умр йўллари ҳақида малумот берамиз.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг тўлиқ  исмлари Омир ибн Абдуллоҳ ибн Ҳилол ибн Ухайб ибн Зобба ибн ал- Ҳарис ибн Феҳр ибн Моликдир. У кишининг насаблари Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан  Фиҳрда жамланади. У киши ислом оламида кунялари ва  боболари Жарроҳнинг исми билан машҳур бўлганлар. Оталари мусулмон бўлмаган, оналари эса Умму Ғанам  бинти Жобир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Аъло ибн Омир ибн Умайра ибн ал-Вадия ибн ал-Ҳарис ибн Фиҳр мусулмон бўлган.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу илк мусулмонлардан ҳисобланадилар. У киши Суҳайб Румий, Аммор ибн Ёсир, Усмон ибн Мазъун, Арқам ибн Аби ал-Арқамлар мусулмон бўлишларидан аввал мусулмон бўлган эдилар. Ҳабашистонга сафар қилганлар орасида ҳам бўлганлар, аммо у ерда оз муддат туриб Мадинага борганлар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ёнларида туриб, Аллоҳ таолонинг йўлида жон фидолик қилганлар.

У киши Мадинага ҳижрат қилиб борганларида Кулсум ибн Ҳадмнинг уйига тушганар. Сўнгра  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у кишини Муҳаммад ибн Маслама Ансорий розияллоҳу анҳуга биродар қилиб қўйдилар.

Бадрда у киши моҳир чавондоз эканликларини кўрсатганлар, Уҳуд кунини тарих ҳеч қачон унутмайди. У кун қанча йўқотишлар, қанча жон фидоликлар бўлгани ислом оламига маълумдир. Айни шу куни бизнинг қаҳрамонимиз ҳақиқий қаҳрамонликлар кўрсатганлар. Бу ҳақида бизга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу сўзлаб берадилар:

“Уҳуд уриши куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам одамлардан ажраб, ёлғиз қолдилар. Мен биринчилардан бўлиб У зот томон юрдим, қарасам, бир одам У зотнинг олдиларида ҳимоя қилиб, уришмоқда: “Талҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Талҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин”, деб борсам, орқамдан Абу Убайда ҳудди қушдек учиб келди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларда Талҳа йиқилиб ётган экан.

 Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир” дердилар.

Шу пайт Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг яноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳалқасини киритиб юборди. Уни  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда:

“Аллоҳ ҳайрингни берсин, Абу Бакр менга қўйиб бер”- деди ва ўша кирган нарсани оғзи билан чиқара бошлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши синиб тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна:

“Аллоҳ ҳайрингни берсин, Абу Бакр менга қўйиб бер”- деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир олд тиши тушди.” Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни тушган икки тишлари умр бўйи у кишининг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга садоқатлари нишони бўлиб қўлди.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни таърифлаган ҳар бир киши “У  киши узун бўйли, озғин, юзи очиқ, соқоли сийрак ва икки олд тиши тушган одам эди”, деб айтган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у кишини қуйидагича таърифалайдилар: “Қурайшдан уч киши одамлар ичида энг очиқ юзли, энг гўзал ҳулқли, энг собит ҳаёлидир. Улар сен билан гаплашсалар, ёлғон гапирмайдилар. Сен уларга гапирсанг, сени ёлғончи қилмайдилар. Улар- Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда ибн Жарроҳ” дедилар.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бази сарияларга у кишини амр қилиб юборганлар, шу сариялардан бири Зул Қисса номли жойга юборилганларидир. Бу қўшинда 300 киши бор эди. Улар у ерда узоқ қолиб кетишди. Натижада уларда емиш қолмади. Шиддатли очлик етди. Ҳаттоки улар дарахт баргларини ейишди. Аммо Аллоҳ содиқ қулларини шундай ташлаб қўярмиди? Йўқ албатта! Аллоҳ таоло уларга денгиздан Анбар дейилгувчи балиқни отиб чиқариб берди. Улар бу балиқни еб ҳатто семириб ҳам қолишгани айтилган. Улар Мадинага қайтиб воқеани  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга айтиб беришганда У зот ҳазил билан “Бизга ҳам олиб келмабсизда” деган эдилар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу етук одоб эгаси, буйруққа сўзсиз бўйсунувчи ҳодим эдилар. Ҳижрий 8-йили Жумадул аввал ойида  Зотус Салолсил сарияси бўлиб ўтди. Бу сарияга муҳожирлардан Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумлар ҳам чиққан эдилар  уларга бош этиб Абу Убайда ибн Жарроҳни тайин қилгандилар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам. Умуман ўша сарияда мазкур икки улуғ саҳобийлардан ташқари, кўпгина катта муҳожир саҳобалар ҳам бор эдилар. Аммо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларга бош этиб айнан Абу Убайда розияллоҳу анҳуни тайин қилишлари у кишини умматнинг амийни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида  фазли улуғ киши эканликларига яна бир ишора эди.  У киши ҳусни хулқли, юмшоқ табиатли, тортишувни ҳуш кўрмайдиган, кўпчилик ғамини еювчи юксак фазл соҳиби эдилар.

Нажрондан элчилар келиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга бизга талим берувчи бир амийн кишини юборинг деб илтимос қилдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Нажрон аҳли Набий соллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизга бир амийн кишини юборинг”, дедилар. Бас, У зот:

“Албатта, мен сизларга амийн кишини, амийн бўлганда ҳам, ҳақийқий амийнни юборурман”, дедилар.  Одамлар ўша шарафга интилдилар. У зот Абу Убайда ибн Жарроҳни юбордилар”.

Бундан кўринадики  Абу Убайда розияллоҳу анҳуда устозликнинг юксак намунаси бор эди. Бошқа бир ҳолатда ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам устозликка у кишини тавсия этганлар. Ва тарифлаб айтгандиларки “Мен таълимингни ва одобингни яхши қиладиган юбордим” деганлар.

Бир ривоятда келтирилишича Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга ичимлик келтирилганда биринчи Абу Убайда ибн Жарроҳга узатдилар “аввал сен ич деб”. Бундан кўринадики у кишининг фазллари юксак даражада эканки,  у ерда катта саҳобалар ҳам бўлсаларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айнан у кишига аввал бериб “сен ич сендан кейин мен ичаман” деб айтгандилар.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида одамлар кимни ҳалифа қилишни билмай туришганда, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “ Ёки Умарга, ёки Абу Убайдага байъат қилинглар” дедилар. Аммо Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг ўзлари ихтилофни олдини олиб ҳақли ҳалифанинг номзодини ёқлаб чиқдилар.

Ҳалифалар даврида ҳам у киши ўз фазллари ва ҳизматлари билан ислом умматига кўп фойдалар берганлар. Абу Бакр Сидддиқ розияллоҳгу анҳу даврларида у кишига кўп маслаҳатлар берганлар. У киши тақвода собит турган, динга ҳизмат қилишни шараф билган, ҳар ишда Аллоҳга яқинликни аввалга қўйган,  қалби пок саҳий, қўли очиқ, охиратни дунёдан устун қўйган, қўлига тушган нарсани эҳсон қилишни севувчи зоҳид эдилар.

У киши Умар розияллоҳу анҳу даврларида Шомга волий эдилар. Шомга вабо тарқалган бир пайтда Умар розияллоҳу анҳу у кишига мактуб юбориб шундай дегандилар; “ Менинг сенга ҳожатим бор. Сенда бошқа ҳечким уни ҳал қилолмайди. Агар ушбу мактубни олсанг кечаси бўлса, кечаси, кундузи бўлса кундузи йўлга чиқ” дейдилар. Аммо Абу Убайда розияллоҳу анҳу мўминлар амирининг нияти у кишини вабо тарқаган ҳудуддан чақириб олиш эканини билиб қуйидагича жавоб ёзадилар.

“Эй мўминларнинг амири, менга тушган ҳожатингни билдим.  Мен мусулмонлар лашкари ичидаман. Уларга етган нарсадан ўзимни четга олмоқчи эмасман. Аллоҳ менинг ва уларнинг ҳақида Ўз ҳукмини қилмагунча улардан ажрамоқчи эмасман. Қачон мактубим сенга етса, мени талабингдан ҳалол эт. Мени қолишимга изн  бер”, дедилар.

Мактубни олган Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ йиғладилар. Билдиларки вабо энг яқинлари, умматнинг амийни, амирул-умаро, содиқ ҳодим, ҳар лаҳза дин учун яшовчи бўлган маслаҳатчиларига ҳам етмай қолмас экан. Ҳа Умар розияллоҳу анҳуни йиғлатган мактубдан ҳеч қанча ўтмай вабо у кишига етди. Ҳолатлари оғилашиб ётиб қолганларида у киши мусулмонларни чақириб қуйидагича маруза қилдилар.

“Намоз ўқинглар, закотни беринглар, рамазон рўзасизни тутинглар, садақа қилинглар, ҳаж ва умра қилинглар. Бир-бирингизга ва амирларингизга насиҳат қилинглар, уларни алдаманглар. Дунё сизларни ҳалок қилмасин. Ўлим ҳақ, Аллоҳ таоло бани одамга ўлимни ёзгандир. Одамларнинг энг фаросатлиси Ўз Роббисига итоаткорроқ бўлгани, қайтар кун учун кўпроқ амал қилганидир.” дедилар.

Шундан сўнг ҳижрий 18-йили бошларида Урдун шахрида вафот этдилар, қабрлари ҳам ўша  ерда. Бу ҳабарни эшитган Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ йиғладилар ва узоқ дуо қилдилар. Жанозаларини  Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўқидилар. Жаноза олдидан одамларга ҳутба қилиб:

“Эй мусулмонлар, сизлар бир кишида фожеага учрадингиз. Мен ундан кўра қалби яхшироқ, ёмонликдан узоқроқ, кўпчиликка ҳайрни яхши кўрадиганроқ, одамларга насиҳатгўйроқ одамни кўрмаганман”, дея оламан.” дедилар.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида, одамлар ўзларидан кейинги ҳалифа ким бўлишини сўраганларида:

“Агар Абу Убайда ибн Жарроҳ  тирик бўлганида, ўшани ҳалифа қилар эдим. Агар Роббим  мендан у ҳақида сўраса, “Аллоҳнинг амийни, ва Унинг Расулининг амийнини ҳалифа қилиб қўйдим”, дер эдим”, дедилар.

Қаҳрамонимиз  ҳардам бўлсин Аллоҳнинг умматини оғир вазиаятда қолдиришни ёқтирмасликларини  яна бир бор исбот қилганлар. Аллоҳ таоло икковларидан ҳам рози бўлсин. 

 

****

 

Сиз уммат амийни, Расул ишончи,

Сизни  деб Умарлар  йиғлаган  узоқ.

Сиз жаннат аҳлисиз ҳаётлигида,

Амийн сифатини олган йўлбошчи.

 

Фазилатда тенгсиздир, ҳайрда олий,

Абу Бакрлар ҳам тан олган сизни.

Умматга буюк дарс ҳаёт йўлингиз,

Муозлар ҳам йиғлаб қолди ортиздан.

 

Денгиз бўйларида излари қолган,

Анбарлар бахслашган сизга интилиб.

Шомнинг кўчалари ҳамон соғинар,

Адолат, саҳоват, соҳибин излаб.

 

Расулин севгисин қозонган инсон,

Умматнинг амийни бўлолган ўзиз,

Амир-ул умаро барча амирга,

Сиз етук устозсиз шогирдлар учун.

 

Насабда Набийга туташган амийн,

Фазлда Умарга тенглашган амир.

Ҳатто Алоҳ сизни  суйган бир ортиқ,

Сиз уммат амийни, Аллоҳ ишончи.

 

Тишларин йўқотиб шарафлар кўрган,

Расулига сўзсиз итоат этган.

Бу қандай мақомки сизда топилган,

Расулим сизга деб сувлар илинган.

 

Оҳ, қандай фазлки сизда жамланган,

Расулим сизни бир бошқача суйган.

Барча саҳобалар шараф деб кўрган,

Амирсиз, ажиб бир хулқли амийнсиз.

 

 

Манбалар асосида

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институти 

2-В курс талабаси Юнусхўжа Орифахон тайёрлади.

1714 марта ўқилди
Top