Сийрат ва ислом тарихи

Асҳабус-суффа кимлар бўлган?

Асҳабус-суффа луғатда: Тепаси соябонли қилинган жой эгалари маъносини англатади. Истилоҳда эса асҳобус-суффа деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қоладиган бирор бошпанаси ҳам, мол-мулки ҳам бўлмаган фақир саҳобалар тушунилган.  

“Асҳабус-суффа” баъзи ривоятларда “Аҳли суффа” деб ҳам аталган.

“Асҳабус-суффа” ва уларнинг яшаш тарзлари ҳақида жуда кўплаб ривоятлар келган:

Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қуйидаги қавлини ривоят қилган: "Асҳабус-суффа"дан етмиш кишини кўрганман. Уларнинг эгниларида фақатгина ридо (баданнинг фақат тепа қисмини тўсадиган кийим) ёки изор (баданнинг пастки қисмини тўсадиган кийим) ё бўйинларига ўраб олишган бирор кийим бўларди. Баъзилариники болдирларининг яримига етса, баъзилариники тўпиқларигача етарди. Аврати кўриниб кетишидан хавфсираб кийимини қўли билан чангаллаб турарди”.

– Бадриддин Айний “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий” асарида шундай ёзган: “Баъзилар “Асҳабус-суффа” деб номланиш сабаби ҳақида шундай дейишган: Бошпаналари йўқ ғариб кишилар масжид эшиги ёнида саф бўлиб туришар эди. Шу сабабли улар “Асҳабус-суффа” (сафланиб турувчилар) деб номланган”.

  • Имом Нававий “Шарҳу саҳиҳи Муслим” асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидан бошпана топган фақир кишилар бўлиб, улар масжид ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қолишар эди”.
  • Имом Термизий “Сунану Термизий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: “Аҳли суффа Ислом аҳлининг меҳмонлари эдилар” деган қавлини ривоят қилган.
  • Имом Байҳақий Усмон ибн Ямон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: “Мадинада муҳожирлар кўпайиб кетди. Уларнинг туришлари учун бирор ҳовли жой ҳам, бошпана ҳам йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга жойлаштирдилар ва “Асҳабус-суффа” деб атадилар. У зот улар билан бирга ўтирар ва уларга дўстона муносабатда бўлар эдилар”.
  • Муҳаммад Абдурраҳмон Муборакфурий "Туҳфатул Аҳвазий би шарҳи жомеит-Термизий" асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа етмиш нафар атрофидаги уй-жойи ҳам, мол-мулки ҳам, бола-чақаси ҳам бўлмаган фақир зоҳид саҳобалар бўлган. Уларнинг сони гоҳ камайиб гоҳ ортиб турган. Улар асосан ўзларига садақа қилинган нарсалар билан кун кечиришган”.
  • Муновий "Файзул Қодийр шарҳу Жомеис-соғир"да қуйидагиларни ёзган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга намоз ўқиб берганларида очликдан намозда тик тура олмай қоладиган кишилар ҳам бўларди. Улар "Асҳабус-суффа" эдилар. Ҳаттоки араблар: “Анавилар мажнунлардир”, дейишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларидан сўнг уларга юзланиб шундай деган эдилар: Агар Аллоҳ ҳузурида сизларга қандай яхши нарсалар борлигини билганларингизда, албатта янада фақир ва эҳтиёжманд бўлишни яхши кўрган бўлар эдиларингиз”.

Ҳа, саҳобаи киромларнинг ҳаётлари билан яқиндан танишган сайин уларнинг улуғ мақомлари ҳақида айтилган сўзларнинг ҳақиқати янада яққол намоён бўлиб бораверади. Ҳадиси шарифда саҳобаларнинг мамақомлари шундай баён қилинган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ » رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг “муд” (544 грамга тенг ўлчов бирлиги)ига ҳам, унинг (муднинг) ярмига ҳам эриша олмайди”.  Термизий ривоят қилган.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

807 марта ўқилди
Top