Сийрат ва ислом тарихи

Пайғамбарим ҳаққида сизга сўзлаб берай

Бир ғайри дин одам келиб менга: пайғамбаринг ҳақида сўзлаб бер деганда, унга қуйидаги сўзларни айтган бўлар эдим:

Оддий ва содда бўлган муҳитда туғилган, ёшлигиданоқ бошидан қийинчиликларни кечирган яъни ота ва онадан етим қолган улуғ инсон эдилар. Умрида ёлғон гапирмаганликларидан содиқул масдуқ яъни ростгўй, сўзи тасдиқланган, деган унвонни олган эдилар. Умри давомида бир марта бўлса ҳам аҳдга ва омонатга хиёнат қилмаганлари учун Муҳаммад Амин яъни ишончли деган унвонни олган эдилар.

Қариндошлари билан алоқани ўрнатган, бечора ва мискинларнинг ҳолидан хабар оладиган, қийналиб қолганга ёрдам берадиган мисли йўқ инсон эдилар.

 Оилада уй юмушларини бажариб  аёлларига ёрдам берадиган камтар зот эдилар. Ўзлари сут соғар, ўзлари кийимларига ямоқ қўяр ва бошқа уй ишларида муҳтарама оналаримизга кўмаклашар эдилар ва: «Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли олиасига яхшилик қиладиганларингиздир», деб бизларни ҳам аҳли аёлларимизни оғирини енгиллатишга тарғиб қилар эдилар.

Баъзилардек овқатни танламас эдилар. яхши кўрган овқатлари тортиқ қилинса ер эдилар. Бирор марта овқатни ёмонламаганлар. Соддароқ қилиб айтганда инжиқ эмасдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек камтарин зот тарихда ўтмаган. У зот тўғри келган уловни миниб кетар эдилар. Баъзида хачир, баъзи эшак. Менга эшак эмас отни ҳозирланг, демаганлар.

Бирор марта ўзлари учун яъни нафсониятлари учун бировдан ўч олмаганлар ва бировдан хафа бўлмаганлар. Яъни нимага мен ёқтирган овқатни қилмадинг, деб нафсониятлари учун хафа бўлмаганлар. Аллоҳни норози қиладиган иш бўлса, хафа бўлар, Аллоҳни рози қиладиган ишларга хурсанд бўлардилар.

Айтган сўзига биринчи бўлиб ўзи амал қиладиган зот эдилар. Тарихнинг бирор саҳифасида айтган сўзига хилоф иш қилди, деган жумлани топа олмайсиз.

Дунёнинг бойлиги таклиф қилинганда ўз ҳохишлари билан ундан воз кечиб оддий ва камтарона ҳаётни ихтиёр қилганлар. Умрлари давомида қоринлари буғдой нонига тўйиб овқатланмаганлар.

Яшаган уйларини кўрсангиз қандай қилиб бу кичик уйда яшаш мумкин, деб ҳайрон қоласиз. Мана шу кичик уйдан бутун дунёга нур таралди, бу кичик уйнинг соҳиби инсониятни ботқоқдан қуруқликка олиб чиқди. Камтарона ҳаётни танлаган ва бизларни ҳам камтарин бўлишга чақирган улуғ зот эдилар.

Ҳузурларида бир киши ҳаяжондан титраганда, қўрқма мен подшоҳ эмасман, мен оддий бандаман, деб уни тинчлантирганлар.

Баъзи зодагон инсонларга ўхшаб фақат бой ва мансабдор шахслар билан юриб муҳтож ва камбағаллардан узоқда бўлмаганлар. Аксинча муҳтож ва камбағаллар билан бирга бўлиб, «Ким бировни бойлиги учун унга тавозе қилса, динининг учдан икки қисми кетади», дер эдилар. 

Бу дунёда яшашдан асосий мақсадлари Аллоҳнинг топшириғини адо қилиш яъни инсониятни зулматдан нурга олиб чиқиш эди ва бу ишни жуда гўзал тарзда бажардилар.  

 Йигирма уч йил давомида мисли кўрилмаган ишни қилиб кетдилар.

Мана менинг пайғамбарим, жоним у кишига фидо бўлсин мана шундай зот эдилар. Шунинг учун ҳозирги кундаги бутун дунё одамлари яъни 6-7 милиард инсонлар жамланиб қила олмаган ишни якка ўзлари Аллоҳнинг ёрдамида гўзал ахлоқ билан бажариб қўйганлар.

 

Нурмуҳаммедова Васила

1602 марта ўқилди
Top