muslim.uz

muslim.uz

Эл. почта: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Четверг, 19 Январь 2017 00:00

“Шайх Эшон” жоме масжиди

Шайх Исҳоқ Эшон масжиди (ҳозирги кунда “Шайх Эшон” жоме масжиди деб юритилади) Наманган шаҳри, Ғишткўприк маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қодир Отамирзаев кўчасида жойлашган.

Масжид тарихда асосан Чуқур кўча йўналишида жойлашиб фаолият олиб борган. 1910–1912 йилларда қайта бунёд этилган. Ушбу  масжид биносини қуришга тамал тоши қўйилганига бир аср бўлгани нишонланмоқда.

Ушбу масжидни ўша даврнинг саховатли кишиларидан бири Эгамбердибой ҳисобидан барпо этилган.

Масжид ён атрофидаги аҳолининг касби пиллачилик ва тўқимачилик бўлган. Шимол томонида Наманган сойнинг ёнида шаҳарнинг нуфузли қорилар тайёрлайдиган мадраса, жануб томонида эса “Муҳаммад Хўжа Амин” мадрасаси ва жомеси, шунингдек, “Баҳодирхон Эшон” масжиди жойлашган эди. Шу сабаб бу даҳада яшовчи аҳолининг кўп қисми илм-фан ва касб-ҳунар борасида ривожланган бўлиб, кўплаб зиёли ва ҳунарманд кишилар етишиб чиққан.

Масжид барпо этилганидан сўнг, Шайх Исҳоқ Эшон имомлик қилади. У кишининг фаолияти, ахлоқ-одоби, комил муршидлик фазилатларидан масжид аҳли мамнун бўлиб, халқнинг хоҳиш-иродаси билан масжид номини имом-хатиб исми билан номлаб “Шайх Исҳоқ Эшон” масжиди деб аташган.

Шўролар даврининг илк пайтида масжиддан тери маҳсулотлари сақланадиган жой – омбор сифатида фойдаланилган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Эшон Бобохон ҳазратларининг ташаббуси билан “Шайх Исҳоқ Эшон” жоме масжиди қайта фаолият кўрсата бошлаган.

Истиқлол туфайли динимиз ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Умумжаҳон маданий меросининг таркибий қисми ҳисобланувчи ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас обидалар, масжид ва мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Аждодларимиздан қолган тарихий меросларимиз қайта тикланди.

Юқоридаги хайрли ва масъулиятли фаолиятларнинг амалий намунаси сифатида “Шайх Исҳоқ Эшон” жоме масжиди фаоллари саъй-ҳаракатлари билан қайта рўйхатдан ўтиб, фаолият кўрсата бошлади.

Мустақиллигимизнинг неъмати ўлароқ, масжиднинг кўрки қайта тикланди. Кўримсиз, пастқам бинолар ўрнига кўркам бинолар қад ростлади. Намозхонларга қулай ва осон бўлиши учун масжидда айвон, намоз ўқиш учун қўшимча бинолар ҳамда маъмурий хоналар ташкил этилган.

Масжиднинг ташқи қисмида 26 метрли икки минора ва дарвозахоналар қурилган. Масжиднинг шарқ томонида қадимий ҳовуз ҳозиргача сақланиб қолган. Уни янада яхши сақлаш ва келажак авлодларга қолдириш мақсадида устига шинам ва шарқона услубда шийпон ҳам барпо этилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Четверг, 19 Январь 2017 00:00

Бола ва чўпон воқеаси

Қадим замонда ўқиш ва ёзишни ёмон кўрадиган бир бола бўлган экан. У турли баҳоналар билан мактабга бормас, борганда ҳам берилган вазифаларни бажармай, фақат ёмон баҳо олар экан. Ота-онасининг танбеҳларига қулоқ солмай, "Мен катта бўлсам, чўпон бўламан, қўй боқиш учун ўқиш керак эмас", дер экан.

Бир куни уйлари яқинидаги ўтлоқдан қўзиқорин териб келиш учун чиқибди. Қўзиқоринларни териб юриб, уйларидан анча узоқлаб кетибди. Юриб-юриб унча чуқур бўлмаган бир дарё соҳилига келибди. Нариги соҳилдан ҳам қўзиқорин термоқчи бўлиб кўприк қидирибди. Яқин атрофдаги кўприк олдига бориб қараса, унинг четидаги тахтачага нимадир ёзиб қўйилган экан. Бола ёзувни ўқий олмабди ва тўғри нариги соҳилга қараб юрибди. Кўприкнинг ўртасига келганда у синиб, бола сувга тушиб кетибди. Овозининг борича ёрдамга чақирибди. Шу орада қўйларини ўтлатиб юрган бир чўпон калтагини узатиб, болани сувдан чиқариб олиб: "Нега бу кўприкдан ўтдинг?! Кўприк устидаги "Бу кўприкдан юрманг, нарироқда янги кўприк бор", деган ёзувни кўрмадингми?" деб сўрабди. Бола унга жавобан: "Кўрдим, лекин ўқий олмадим, чунки мен ўқишни билмайман", дебди. Шунда чўпон унга: "Э болам, ҳатто қўй боқиш учун ҳам ўқиш керак", дебди.

Фараз қилинг, агар чўпон ўқишни билмаганида ўзини ҳам, қўйларини ҳам ҳалок қилган бўлар эди.  

Акбаршоҳ Расулов

Четверг, 19 Январь 2017 00:00

“Аълохон махдум” жоме масжиди

“Аълохон Махдум” жоме масжиди Наманган вилояти, Косонсой тумани марказида жойлашган. Масжид Фарғона водийсида намозгоҳ усулида қурилган ягона меъморий обида бўлиб, XVIII асрда бунёд этилган.

Масжид кўҳна Косонсой туманининг саховатли кишилари томонидан ҳашар йўли билан бунёд этилган. Маълум муддат бу маскан ҳам масжид, ҳам мадраса сифатида фаолият кўрсатган. Собиқ иттифоқ даврида масжид биноларидан маҳаллий саноат корхонаси сифатида фойдаланилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида мамлакатимизга кўчиб келган турли миллат вакилларига бошпана вазифасини ўтаган.

Ўтган асрнинг 80 йилларига қадар масжид бинолари коммунал уй-жой эди. 80- йиллар ўрталарида таъмирланиб, ўлкашунослик музейига айлантирилди. Собиқ иттифоқ даврида масжид биноларидан бошқа мақсадларда фойдаланилгани учун вайрона ҳолга келиб қолган. Бу обидадан фақат жоме хонақоҳи ва кириш пештоқи сақланиб  қолган. Мустақиллик шарофати билан миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Хусусан, меъморий обидаларимизга қайта ҳаёт бахш этишга ва бундай масканларни обод этишга эътибор кучайтирилди.

1992–1998 йилларда хонақоҳ ва дарвозахоналарга ҳамоҳанг уларни ўзаро боғлаб  турадиган  замонавий талабларга жавоб берадиган, миллий услубда янги бино бунёд этилди. Масжид ҳовлисининг жануби-шарқий қисмига эса янгидан улкан пештоқли ва гумбазли  дарвозахона қурилди. Бу ишлар маҳаллий ҳунармандларимиз томонидан ёғоч ўймакорлиги услубида шарқона маданиятимиз ва замонавий биносозлик талабларига мос равишда амалга оширилди.

Ушбу масжидда намозхонлар ибодат қилишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилди. Бу хайрли ишлардан аҳоли мамнун бўлиб, юртимизда тинчлик-осойишталик бардавом бўлишини тилаб дуойи хайрлар қилишмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Четверг, 19 Январь 2017 00:00

Мен бахтлиман

Кунлардан бир куни бир подшоҳ касал бўлиб қолибди. Уни даволаш учун бутун дунёдан табибларни чақиришибди, лекин ҳеч бири подшоҳни даволай олмабди. Шунда улар маслаҳат қилиб бир қарорга келишибди. Агар бахтли одамни топиб, унинг кўйлаги подшоҳга кийдирилса, у тузалади. Бахтли одамни топиш учун дунёнинг ҳамма томонига чопарлар жўнатилибди. Лекин ҳеч ким "Мен бахтлиман", деган одамни топа олмабди. Кимдир бой, лекин касал, яна кимдир соғ, аммо камбағал, бошқаси бой, соғ, бироқ оиласи нотинч – хуллас, ҳамма нимадандир нолир эди.

Бир куни тунда подшоҳнинг ўғли шаҳар кўчаларини айланиб юрса, бир ҳовлидан кимнингдир гапини эшитиб қолибди. У: "Яхши ишладим, пулимни олдим, қорним тўйди, энди маза қилиб ухлайман. Мендан бахтли одам йўқ", дебди. Подшоҳнинг ўғли севиниб кетиб, тезда хизматкорларини жўнатибди. Катта пул эвазига ўша одамнинг кўйлагини олиб келишни тайинлабди. Хизматкорлар ҳовлига кириб шаҳзоданинг буйруғини бажармоқчи бўлишибди, лекин қарашса, ҳалиги "бахтлиман" деган одам шунчалар қашшоқ эканки, ҳатто эгнида кўйлаги ҳам йўқ экан.

Эй инсон, билгинки, бахт келувчи ва кетувчи нарсадир. Одам ўзини бир муддат бахтли ҳисоблаши учун бой бўлиши шарт эмас, балки бор нарсасига шукр қилса кифоя.     

Акбаршоҳ Расулов

2016 йилнинг 18 январь куни Фарғона вилояти имом-хатиблари ва имом-ноибларининг 2016 йил якунига бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Қамариддин Имомов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов,  иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили Турсунали Эрбўтаев вакиллик ходимлари ва имом-хатибларнинг 2016 йилги фаолияти бўйича умумий ҳисобот берди.

Йиғилишда ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.  Жумладан, 2016 йилда иш фаолияти, маънавий-маърифий тадбирлар ва оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар бўйича камчилик ва сусткашликка йўл қўйган ходимларга нисбатан бирма-бир қаттиқ танбеҳ берилиб, келгусида ўз вазифасини суиистеъмол қилган ходимларга қаттиқ  интизомий чора кўриш ва ҳатто вазифасидан озод этилиш тўғрисида огоҳлантирилди.

Имом-хатибларга ОАВларда  ёшларнинг ҳар хил зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган  мақолаларни  газета,  журнал ва интернет сайтларида мунтазам ёритиб бориш, китобхонликни ошириш шу билан бирга вакиллик тасарруфидаги барча масжидларда ободонлаштириш ишларини олиб бориш, намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш бўйича зарурий кўрсатмалар бериб ўтилди.

Йиғилишда келгусида  бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида 2016 йилда самарали меҳнат қилган, диний соҳада намунали хизмат қилган, шунингдек, “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасига обуна бўлишда фаоллик кўрсатган фидоий имом-хатиблар “Мақтов ёрлиғи” ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Страница 1 из 95
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…