muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 25 Май 2017 00:00

Хуш келдинг, моҳи рамазон!

Шукрона

Тинч-осойишта юртда умргузаронлик қилиб, фарзандлар камолини кўриш инсон учун чинакам бахт. Шукурки, бугун биз ана шундай хотиржамлик ҳукмрон, пок ниятларимиз рўёбга чиқаётган диёрда яшаяпмиз.

Бинобарин, истиқлол мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни тиклаш ҳамда ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маданий меросини ўрганиш, муқаддас қадамжоларни таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш имкониятини берди.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини му­носиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори жамия­тимиздаги эзгу қадриятларни янада юксалтириш, шунингдек, тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби улуғвор муносабатлар юксак эъзозланаётганлигининг яна бир тасдиғи бўлди.

Халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик ҳамда мурувват сингари фазилатлари Муборак айёмда ташкил этиладиган турли маросимларда янада кенг қулоч ёзади. Зотан, ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятида ҳам бу масалалар яққол акс этиб турибди.

Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги ўрни беқиёс. Хусусан, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фа­зилатларни шууримиз, қалбимизга синг­дириб, сайқал беришимизда унинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда, Рамазон ойини жойларда, миллий анъана ҳамда қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш белгилангани бу борадаги аъмолларни самарали бажаришда айни муддао бўлди. Зеро, Рамазон эзгу амаллар ойидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу муборак ойнинг ташрифи ҳақида марҳамат қилиб: “Бу ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари эса беркитилади, шайтонлар кишанла­нади”, деганлар  (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амаллари ўзи учун, аммо рўза Мен учун. Унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳамат қилади (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло бундай амр қи­лади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қи­линди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара, 183, 184).

Ояти каримадан англашиладики, рўза қадимги динларда ҳам бор бўлган ибодатдир. Фақат бошқа динларда рўзанинг тартиби, куни ва қоидаси турлича бўлган. У фақат Ислом динидагина илоҳий маънони касб этади.

Дастлаб рўзани истаган одам тутар ёки бунинг ўрнига бир мискиннинг қорнини тўй­дириши мумкин эди. Бироқ кейинчалик бу ҳукм ўзгарди, ким бу ойда ҳозир бўлса, албатта, рўза тутиши шарт эканлиги амр қилинди: “Рамазон ойи — одам­лар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олма­ган кунларининг) саноғи бош­қа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукур қилишингиз учундир”  (Бақара, 185).

Рамазон ойида ҳар бир мў­мин-мусулмон рўза тутиши лозим. Фақатгина касал инсон, са­фардаги киши, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутмаслиги мумкин. Узрли ҳолатни тарк этгач, қазосини ўтайди. Узрли ҳолатлар борасида тафсир китобларда, суннати набавияда алоҳида тўхталиб ўтилган.

Агар беморнинг тузалишдан умиди бўлса, рўза ойида тутмайди, тузалгач, қазосини тутиб беради. Бироқ ёши улғайган кишилар эса фидя берадилар. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “...Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир...” ояти кекса чол ва кампирга тегишлидир. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берурлар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қачонки қўрқсалар, оғизларини очурлар ва таом берурлар” (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти). Бу ўринда ҳомиладор ва эмизикли аёллар тузаладиган бемор сифатида кўрилади. Яъни ҳомиладорлик ёки эмизиш бартараф бўлгач, бу заифлик аёл кишидан соқит бўлади. Ана шунда аёл тутмаган рўзасининг “...саноғи бошқа кунлардан” ўтайди. Касал одам агар рўза сабабли заифлашса, беморлиги зиёда бўлса, рўзасини тутмайди. Тузалгач, адо этади. 

Рамазони шарифда рўза тутмасликка вақтинча изн берилган яна бир тоифа – бу ойда сафарга чиққанлардир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (сафарда) рўза ҳам тутганлар, оғзилари очиқ ҳам бўлган. Бас, сафарда ким хоҳласа рўза тутсин, ким хоҳласа оғзи очиқ юрсин” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти).

Аввал бошда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига фарз қилинган рўза ҳозиргисидан фарқли бўлган. Ифтор вақти қуёш ботганидан хуфтонгача эди. Рўзадор хуфтон намозигача ифторлик қилиб олмаса, эртасига ифтор вақти киргунича яна рўзадор ҳолида қолиб кетар эди.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларни саҳарлик қилиб рўза тутишга чорлаганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саҳарлик қилинглар. Албатта саҳарликда барака бордир” дедилар” (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Шунингдек, ифтор қилиш, уни тезлатиш лозимлиги суннати набавийда кўп бор такрорланган. Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайр­да бўлурлар, деди” (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти).

Ҳадиси  қудсий: “Аллоҳ азза ва жалла:  “Мен учун бандала­римнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир”, деди” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Яъни, яхшилик хоҳлаган мўмин киши вақти кириши билан ифторлик қилишга чақирилади. Зеро, ифторликни тезлатган киши Холиқи Зулжалолга севимли бўлишдек шарафга ноил бўлади. Шу билан бирга, ифтор чоғида дуо қилиш ҳам фазилатли саналади. Бу пайтдаги дуо тўсиқсиз қабул бўлади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон ифтор қилсалар: “Аллоҳумма лака сумту ва ала ризқика афтарту”, яъни “Эй Аллоҳ, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ билан ифтор қилдим”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Табароний ривояти).

Албатта, Рамазон хайру эҳ­сон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Мамлакатимиздаги жоме масжидлар имом-хатиблари ҳомийлар кўмагида Рамазонда бир қанча савобли ишларни амалга оширадилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ҳудудий Вакиллик ходимлари кам таъминланган оилаларга, кекса, ногирон, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қарияларга ҳомийлар кўмагида ҳар йилгидек Рамазон ҳайити арафасида беминнат ёрдамларини кўрсатади.

Муборак Рамазон ойи барча юртдошларимизга хайрли, баракотли келсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий

2017 йил 24 май 21-сон “Nuroniy” газетаси   

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди.

Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари ҳамда АҚШ Президенти, БМТ, Араб давлатлари лигаси, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши бош котиблари қатнашди.

Саммит экстремизм ва терроризмга қарши ҳамжиҳатликда курашиш, толерантлик, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.

Саммит доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор давлат раҳбарлари билан мулоқотда бўлди.

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп давлатимиз раҳбари билан мулоқотда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Озарбайжон, Қозоғистон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири билан учрашиб, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

 Президентимиз ташриф чоғида Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажар билан ҳам учрашди.

Суҳбат чоғида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ИТБнинг иштироки юзасидан фикр алмашилди.

 Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини тузиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.

Четверг, 25 Май 2017 00:00

Раҳмат ойи Рамазон

“Мовароуннаҳр” нашриёти муборак Рамазон ойи яқинлашиб келаётгани муносабати билан юртдошларимизга туҳфа бўлсин деб “Раҳмат ойи Рамазон” рисоласини нашр этди. Рисоланинг ҳажми ихчам бўлса-да, рўза ва унинг ҳукмларига боғлиқ бўлган муҳим масалаларни қамраб олган. Хусусан, унда рўзанинг фарзлари, вожиблари, макруҳлари, рўзани бузадиган ва бузмайдиган ҳоллар, рўзадорнинг ахлоқи, Таровеҳ намози, Фитр садақаси, Қадр кечаси ҳамда Ҳайит намози каби масалалар аниқ ва равон тарзда баён этилган. Рисоланинг ихчамлиги боис ўқувчи уни ҳар доим ёнида олиб юриши мумкин.

Шунингдек, нафл рўзаларга оид маълумотларнинг ҳам киритилгани рўза ҳақида янада кенгроқ тушунчага эга бўлиш имкониятини беради.

Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойини барчамизга қутлуғ ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровеҳ намозлари, солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин!   

Четверг, 25 Май 2017 00:00

Само ва ер аҳли узра рамазон

Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу ъала Набиййил амийн ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд. 

Рамазон ойи шундай ойки, унинг истиқболига чиқмоқ учун бутун борлиқ: Само ўз аҳли билан, ер ўз аҳли билан тайёргарлик кўради.

Само ва унинг аҳли Рамазон ойи истиқболига  қуйидагича тайёргарлик кўради:

Биринчиси, Само эшиклари Рамазон ойи кириши билан очилади ва ёпилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачонки, Рамазоннинг илк кечаси кирса, Осмон  эшиклари очилади ва Рамазоннинг охирги тунигача улардан битта ҳам эшик ёпилмайди”.

Иккинчиси, Жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачонки, Рамазон келса Жаннат эшиклари очиб юборилади,  Дўзах эшиклари ёпиб ташланади ва шайтонлар занжирбанд қилинади”.

Учинчиси, Жаннат иймон ва рўза аҳли учун зийнатланиб тайёрланади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Менинг умматимга Рамазонда мендан олдин бирор умматга берилмаган беш нарса берилди. Улардан бирида Жаннатга: “Тайёрлан, менинг бандаларим учун безангин, улар яқиндирлар, дунё ҳаётидан толиқиб келиб Менинг ҳузуримда роҳатлансинлар!”  деб амр қилинади;

Тўртинчиси, Рамазонинг ҳар тунида Самодан нидо қилувчи ер аҳлига нидо қилади.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Самодан бир нидо қилувчи ер аҳлига  Рамазоннинг ҳар тунида то тонг отгунига қадар: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради”.

Бу ойда истиғфор айтувчи мағфират қилинади, тавба қилгувчининг тавбаси қабул қилинади, дуо қилгувчининг дуоси ижобат қилинади, сўрагувчининг сўрагани берилади. 

Яъни Само ва аҳли Само Рамазон келишига барча яхшиликлар билан тайёргарлик кўрадилар ва уни кутиб оладилар.

Ер ва унинг аҳли учун эса  Рамазон ойи қуйидаги имкониятлар ойидир.

Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойи, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди. 

Эй биродар. Рўзанинг самараси – тақводир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمْ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

 

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара,183).

Билингки, албатта, Рамазон ойи янги ҳаёт бошлаш учун  улуғ имкониятлар ойидир. Чунки ким бу ойни ғанимат билиб, мағфират сўраса мағифират  қилинади, Аллоҳ ва Унинг Расулига қурбат қиламан деган одам мақсадига эришади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Кимки Рамазон рўзасини иймону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам бундай дейдилар: “Менинг умматимга Рамазонда мендан олдин бирор умматга берилмаган беш нарса берилди:

  1. Рамазон ойининг биринчи туни бўлганида Аллоҳ бандаларига назар солади. Кимга Аллоҳнинг назари тушса, у ҳеч қачон азобланмайди;
  2. Рўзадорнинг оғзидаги нохуш ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушки-анбар ҳидидан ҳам яхшироқ бўлади;
  3. Фаришталар Аллоҳ таолодан туну кун бандалари учун истиғфор сўрайдилар;
  4. Аллоҳ таоло Жаннатга: “Тайёрлан, менинг бандаларим учун безангин, улар яқиндирлар, дунё ҳаётидан толиқиб келиб Менинг ҳузуримда роҳатлансинлар!” – деб амр қилади;
  5. Рамазоннинг охирги куни бўлганида эса уларнинг барча гуноҳлари мағфират этилади!”

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бу Лайлатул-Қадр тунида бўладими?”  деб сўради. У зот алайҳиссалом: “Йўқ, бу худди ишчилар ишини тугатганидан кейин иш ҳақи олишига ўхшайди”,  дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали олдимизда минг ойдан афзал кеча бўлмиш Лайлатул Қадр кечаси ҳам бор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Лайлатул Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза қалқондир», деганлар. Чунки рўза ўз соҳибини шаҳватдан. гуноҳдан тўсади. Унга зарарли бўлган нарсалардан тўсади. Рўза – қалқондир, у ўз соҳибини дўзах оловидан тўсади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Рўза ва Қуръон Қиёмат куни банда учун шафоатчи бўлади. Рўза: “Эй Роббим, буни кундузи таом ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Қуръон: “Эй Роббим, буни тунда уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Шунда улар шафоатчи бўлишади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтадики: Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун фақатгина рўзаси Мен учун ва Мен унинг мукофотини бераман. Рўза қалқондир, агар бирортангиз рўзадор бўлса, ёмон гапларни гапирмасин ва сўкинмасин. Агар бирортаси сўкса ёки урушмоқчи бўлса мен рўзадорман десин. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадорнинг рўзаси сабабли оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг олдида мискдан ҳам хушбўйроқдир. Рўзадорнинг иккита хурсандчилиги бор: Ифтор қилганда хурсанд бўлади ва Роббисига йўлиққанда рўзаси борлигидан хурсанд бўлади», дедилар.

Азиз биродар! Албатта, бу ой ибодат ойидир.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётиб «Омийн», «Омийн», «Омийн» дедилар. У зотга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Нега бундоқ дедингиз?» дейилди.

«Жаброил менга: «Ота-онасини ёки иккисидан бирини топиб, жаннатга кирмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим.

Кейин у: Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим.

Сўнгра у: «Ҳузурида сиз зикр қилинганингизда, сизга саловат айтмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди. Мен: «Омийн», дедим» дедилар».

Шундай экан бу ойни ғанимат билайлик. Бу ойдан онадан туғилгандек гуноҳлардан мағфират ҳолда чиқайлик. Омийн. 

Абдуманнон УСМОНОВ,

ЎМИ кадрлар бўлими мудири

 "Имоми Аъзам" туркум суҳбатлар (3-қисм). Салоҳиддин Абдуғаффор ўғли. Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ҳазрати Али жоме масжиди имом-хатиби


Аудиомаъруза (tas-ix)

Top