muslim.uz

muslim.uz

Номаълум шахснинг бир гуруҳ мусулмон аёлларга нисбатан кутилмаган меҳрибонлиги уларни Крайстчерч шаҳридаги аҳолининг кам таъминланган қатламига ёрдам беришга ундади.

Исломий опа-сингиллар Миллий йиғини (NISA) вакиллари бўлмиш саккиз нафар муслима аёлларнинг бир гуруҳи Крайстчерч шаҳридаги Raspberry Cafe кафесида овқатланиб ўтириб, улар учун тушлик ҳақини кимдир тўлаб қўйганлигини билиб қолишди.

Шундан сўнг аёллар олдиндан яхшилик қилишга қарор қилиб, черковда муҳтож 80 одамни боқиш учун сўров билан Kai for the Community хайрия ташкилотига мурожаат қилишди.

"Бу ҳақиқатда бизга таъсир қилган жуда яхши иш бўлди", - деди унинг ўғли Ота Муҳаммад Ота Элайян 15 мартдаги террорчилик ҳужумларида ҳалок бўлганлар орасида бўлган доктор Мэйсун Салама. "Саккиз киши эдик ва биз бир хайрли ишни 10 маротабага кўпайтириш учун 80 нафар муҳтож бўлганларни озиқ-овқат билан таъминлаймиз".

Islam.ru маълумотларига кўра, таомлар мусулмон ресторани томонидан тақдим этилди. Жамиятнинг барча табақаларига мансуб одамлар марокаш таомларидан баҳраманд бўлди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Зайн ибн Мунир бундай шарҳ­лайди: «Ҳадисда “жаннатда” деб айтилди, “жаннат учун” дейилмади. Сабаби, жаннатдаги мазкур дарвозадан кирганларга роҳат-фароғат борлигини ҳис эттириш, унга нисбатан завқ-шавқни оши­ришдир». .

“Раййон” лафзи ташналикнинг зидди – “чанқоқни қондириш” маъ­носини англатади. Демак, лафз билан маъно ўзаро уйғун. “Раййон” деб номланишига яна бир сабаб шуки, унда жуда кўп дарёларнинг мавжудлигидир. Яъни, дунёда ихлос билан тутилган рўза эва­зига қиёматда рўзадорнинг чан­қоғи қондирилади. Жаннатда эса салқинлик бардавомдир. Бу – очлик ва чанқоқлик азобидан қийналган рўзадорлар учун му­кофот ҳисобланади.

“Раййон” лафзи “чанқоқни қон­дириш”ни ифодаласа-да, тўқлик­ка ҳам ишорадир. Зеро, чанқоқ­нинг бостирилиши тўқликка ҳам далолат қилади. Шундай гап бор: “Рўзадорни кўпроқ очлик қийнай­ди. Чунки кўпчилик сувсизликка чидаши мумкин, лекин очликка эмас”.

Аллоҳ таоло рўзадорларга Рай­йон дарвозасини хосламоқда. Бу эса рўзанинг Парвардигор наз­дида қанчалик юксак мақом­га эга эканини англатади. Набий алайҳиссалом ҳам буни янада ёрқинроқ ифода­лаб: «“Рўзадорлар қаерда?” деб нидо қилинади. Бас, (рўзадорлар) ўрниларидан туришади. (Дарвозадан) улардан бошқа ҳеч ким кирмай­ди. (Барчалари) кириб бўлишгач, дарвоза бер­китилади», деб башорат бермоқдалар. Яъни, қиёмат куни мухлис рўзадорларга нидо қилинади. Баъзи олимларнинг фикрига кўра, бу амал қилган инсонни улуғлаш, ҳурматлаш, эъзозлаш чақириғи бўлиб, амалларининг савоби буюк эканини билдириш учундир.

Рўзадорлар барчаси Парвардигор уларни хос­лаб, икром этган Раййон дарвозасидан кириша­ди. Сўнгра дарвоза қулфланади. Шунингдек, жан­натнинг бошқа дарвозалари ҳам, аҳллари кириб бўлгач, ёпилади. Кейин Набий алай­ҳиссалом зикр эт­ган иккин­чи хур­сандчилик юз беради: «Рўза­дор икки хурсанд­лик би­лан суюна­ди: “Бири ифтор­да­ги хурсандчи­лик, кейин­ги­си Раб­бисига йўлиққанда рў­за­си сабаб топган қу­вончидир”» (Имом Бу­хорий ва Имом Муслим ривояти).

Ўзгалар бошқа дарвозалардан жаннатга киришлари мумкин. Чунки ҳамманинг ўзига яраша тур­ли яхши амаллари бор, жан­натга кириш имтиёз­ларига эга­дирлар. Лекин Рай­йон дарвозаси орқали кирол­майдилар.

Яхши амалларда пешқадам­лар жаннатнинг барча эшикла­ридан чақирилишга ҳақли бў­ли­шади. Фикримизни Набий алай­ҳиссаломнинг Абу Бакр Сид­диқ розийаллоҳу анҳуга башо­ратлари тасдиқлайди. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Ра­сулуллоҳ! Қиёматда нидо қилин­ганлар фақат битта эшикдан киришадими ёки ҳамма эшикдан чақириладиган бирон киши ҳам бўладими?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Ҳа, бўлади. Сиз ўшалардан бўлишингизни умид қиламан”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ихлос билан тутилган ҳар бир рўза – ибодат, қурбатларнинг улуғи, солиҳларнинг одати, мут­тақийларнинг шиорларидир. У нафсни покловчи, хулқни гўзал­лаштирувчи, тақво мадрасаси, ҳи­доят манзилидир. Рўзани ихлос билан, саодат умидида тутган ҳар мўминга дунёда нажот топиш, охиратда эҳтиромга сазоворлар қаторида туриш насиб бўлсин!

Юлдуз КОМИЛОВА

тайёрлади.

 

“Ҳидоят” журнали 3-сонидан олинди

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун оғир касалликдан сўнг вафот этган давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси, таниқли олим ва педагог Рустам Қосимов хонадонига ташриф буюриб, марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати берди.

Рустам Қосимов 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўқиб, меҳнат фаолиятини Тошкент сув хўжалиги институтида араб тили таржимонлигидан бошлаган.

Кўп йиллар олий таълим соҳасида турли вазифаларда ишлаган. 2004-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари сифатида фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалар ривожига ҳисса қўшган.

Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифаларида ишлаб келаётган эди.

Р.Қосимовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, 2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

Давлатимиз раҳбарининг кўнгил сўраши оғир дамда марҳумнинг оиласига ҳамдардлик, катта далда бўлди.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо қилинди.
Президентимиз марҳумнинг эзгу ишларини ёдга олди.
– Жуда қайғудаман. Қўлимиздан келганини қилдик. Худонинг иродаси экан. Ватанга садоқатли, фидойи, ақлли, миллатимизнинг зиёлиларидан бирини йўқотдик. Биз жуда кўп йиллари бирга ишлаганмиз, оғир кунларимиз ҳам бўлган. Ҳозир ҳам менга энг катта ёрдамчи, маслаҳатгўй эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ишларини фарзандлари давом эттирсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Пятница, 07 Май 2021 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси давлат ва жамоат арбоби, шарқшунос олим, раҳбар ва устоз Рустам Қосимовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Пятница, 07 Май 2021 00:00

Минг ойдан фазилатли кеча 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Мана Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги ҳам бошланди. Бу ўн кунликда “минг ой афзал бир” кеча бор. У “Лайлатул-қадр” яъни “Қадр кечаси” деб аталади. “Қадр кечаси” ҳақида фикр юритишдан олдин“Лайлатул-қадр”атамаси нима маънони беради, деган саволга жавоб бериб ўтсак.

Хўш, “Лайлатул-қадр”атамаси нима маънони англатади?

“Лайлатул-қадр” атамаси арабча икки сўздан таркиб топгандир. Атаманинг биринчи сўзи арабча “Лайлатун” сўзи бўлиб, у ўзбек тилида “кеча” деган маънони беради. Бу ҳақда “Ан Наъимул-кабир” (арабча-ўзбекча луғат) да: “ليلة القدر- -(бир) кеча, тун; оқшом[1]”дейилади. Атаманинг иккинчи сўзи эса “Қадрун” сўзи бўлиб, у ўзбек тилида “қадр”, миқдор, деган маъноларни ифодалайди. “Ан Наъимул-кабир” (арабча-ўзбекча луғат)да:“ قدر-миқдор, ҳажм, меъёр; даража; қадр-қиймат; ҳад[2] дейилади.  “Лайлатун” ва “қадрун” сўзларини изофа (қўшиш) қилиш натижасида  “Лайлатул-қадр” сўз бирикмаси ҳосил қилинган. “Лайлатул-қадр” атамаси ўзбек тилида “қадр кечаси” “миқдор кечаси” деган маъноларни англатади.

Биз юқоридаги “Лайлатул-қадр” атамасининг маъноси ҳақида сўз юритдик. Аммо “Лайтул-қадр” нима деб, сўралса, Қуръони каримнинг 97-сураси бўлган “Қадр” сурасига мурожаат қиламиз. Аллоҳ таоло бу сурада “Лайтул-қадр” нима эканлиги ҳақида бундай марҳамат қилади: “Албатта Биз у (Қуроъон)ни Қадр кечаси (Лайлатул-қадр)да нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинидиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушурлар.У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир“ (Қадр сураси 1-5 оятлар).

Ушбу сура тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да: ““Қадр кечаси нимани билдиради?” Эй Пайғамбарим, Қадр кечаси ҳақида сиз қандай маълумотга эгасиз. Бу ҳақда нима биласиз? Аллоҳ таоло бирор нарса ёки ҳолатнинг шаъни улуғ, қадри баланд-юксак, шарафи чегарасиз эканини баён этмоқчи бўлганида Ўз Пайғамбарига шу тарзда хитоб қилади. Қадр кечаси шарофатли, ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиш ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда. Абулқосим Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Қуръонни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган; иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган; учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”.

Қадр кечаси нимани билдиради? деган савол ушбу кечанинг шаънини кўтариш, қадрини улуғлаш, шарафини баён этиш учундир. "Лайлатул-қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир". Яъни Рамазон ойидаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан ҳам яхши ва мўътабардир. Бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир.Оятдаги “минг ой” жумласи маълум вақт ҳажмини кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келган бўлиши мумкин.  Яъни, Қадр кечаси минг ой ва ундан ҳам кўпроқ муддатдан яхшидир, деган маънони ҳам билдиради. Чунки бирор миқдор айнан ўша ададни баён қилиш учун гоҳо у боғланган нарсаинг шарафи ва улуғлигини баён қилиш учун келтирилади[4]” дейилади.  Ҳисобларга кўра, “Лайлатул-қадр” кечаси минг ойдан афзал бўлиб, минг ой 83 йил, 83 йил эса 30295 кундан иборатдир.

“Лайлатул-қадр” нима эканлигига Аллоҳ таолонинг Ўзи илоҳий таъриф берган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни қачон келиши ва қандай ўтказиш ҳақида Ўзларининг тавсияларини берганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лайлатул-қадр”ни қачон келиши тўғрисида деганлар: “Лайлатул-қадр” кечасини Рамазон ойининг охирги ўн (кечаси)нинг тоқ (кеча)ларидан изланглар” (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лайлатул-қадр”ни қандай ўтказиш ҳақида: “Ким “Лайлатул-қадр”ни иймон билан, савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти), деганлар.

Хулоса қилиб шуни айтамизки, “Лайлатул-қадр” кечаси Рамазон ойидаги фазилатли кечадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу кечанинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга муваффақ айласин.

 

Руҳиддин АКБАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими

Страница 1 из 735
Top