Дунё янгиликлари

Жанубий Корея ҳалол туризмни ривожлантиради

Хитой мамлакатидан сайёҳлар оқими кескин пасая бошлаганидан сўнг Жанубий Корея ҳалол туризмни ривожлантиришга катта эътибор қарата бошлади.

Religion News Service нашрининг хабар беришича, гарчи маҳаллий аҳолининг эътирозига сабаб бўлсада, мамлакат раҳбарияти мусулмонларни жалб қилишда янги қадамларни ташламоқда.

Мамлакат пойтахти Сеулда ҳалол ресторанлар жойлашган мусулмонларнинг алоҳида кўчаси борлиги кўпчиликка номаълум. Бундай муассасаларнинг кираверишига махсус яшил ёрлиқ осилган бўлиб, у Корея Республикаси мусулмонлар федерациясидан “ҳалол” сертификатини олганлиги ёки унга амал қиладиган мусулмонларга тегишли эканлигини билдиради. Бошқа ҳудудларда бинафша рангдаги ёрлиқни учратасиз, бу – ушбу муассасада ҳалол емак борлиги, аммо бугун сиз бу ерда тановвул қила олишингизга кафолат йўқлигини билдиради.

Бундай ёрлиқлар Жанубий Корея ҳукуматининг мамлакатга кўпроқ мусулмон сайёҳларни жалб қилишга қаратилган ташаббусидир. Бундан ташқари, яқинда Кореяда кенг миқёсдаги Ҳалол таомлар фестивали ўтказилди. Унда мусулмонлар учун ҳалол ошхонаси бўлган 100 та умумий овқатланиш муассасаси тақдим этилди. Давлат оммабоп сайёҳлар келадиган ҳудудларга намозхоналар қуриш учун 175 000 АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарф қилди.

Сайёҳлик агентликлари ҳам мусулмонларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, туристик пакетларни уларнинг талабларига мослаштиришмоқда.

АҚШ билан муносабатлардаги инқироз мусулмонларга мўлжалланган туризмнинг ривожланишига илк сабаб бўлди. Хитой ҳукумати ўз фуқароларига Жанубий Кореяга боришни тақиқлашга мажбур бўлган эди. Бундан мамлакат иқтисодиёти 6,8 млрд. АҚШ доллари йўқотди, бу Жанубий Корея ҳукуматини Шарқдаги мусулмонларга ўз эътиборини қайта йўналтиришга мажбур этди.

Бироқ бир қарашда рисоладагидек кўринган мамлакат ичидаги вазият анча мураккаб. 2018 йилдаги Пхёнчхандаги Олимпия ўйинлари пайтида маҳаллий аҳолининг норозилиги сабаб, мусулмонлар учун намозхоналар қуришдаги сайёҳлик ташкилотларнинг ташаббуслари амалга ошмай қолганди. Кореянинг собиқ президенти Парк Гюн-ги ислом қонун-қоидаларига мувофиқ равишда фаолият юритадиган кушхоналар қуришга уринган эди, аммо бу ғоя ҳам оммавий намойишлар туфайли амалга ошмади.

Сеул масжидларидан бирининг уламоси Бо Ра Оланинг айтишича, христианлар минтақада аҳолининг исломлашиб бораётганидан қаттиқ ташвишда, шу сабабдан ҳам улар оммавий намойишлар уюштиришмоқда. Мамлакатдаги мусулмонларнинг сони аслида эса бор-йўғи 0,2 фоизни ташкил этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

2303 марта ўқилди

Янгиликлар

Top