Версия для печати

Дунё янгиликлари

Абу Даби маданий мерослар фестивалида Ўзбекистон кўргазмаси очилди

БААнинг Абу Даби шаҳрида 2 декабрь куни Шайх Зайид номидаги Абу Даби маданий мерослар фестивали бошланди. Фестивалда энг комбинациялашган ўзбек павильонига ташриф буюрган туристлар сони кўпчиликни ташкил этмоқда.

Фестивалдаги Ўзбек павильони Регистон майдони шаклида қурилган. Ён-атрофидаги ҳужраларда ҳунармандчилик, нақш ўймакорлиги, гиламдўзлик, сўзана тикиш санъати каби ўзбек миллий маданий мерослари экспозициялари, миниатюра рассомлари ўрин эгаллаган. Туристлар ўзбек амалий санъати намуналарини қизиқиш билан томоша қилишмоқда.

Фестивалнинг очилиш маросимида созандалар ўзбек миллий чолғулари: карнай, сурнай, доира ва ноғора билан мусиқий композицияларни ижро этишди. Ташриф буюрувчилар ўзбек мақомчилари ижросида “Тановар”ни тинглашди.

Павильонда ўзбек ошхонаси, мева ва сабзавот маҳсулотлари ҳам намойиш қилинди.

“Абу Даби фестивалидаги павильонлар 2018 йил Шаҳрисабзда ўтказилган Халқаро мақом санъати форумидаги ҳар бир вилоят учун алоҳида тикланган павильонларни ёдга солади, – дейди ўзбек делегацияси вакилларидан бири Сардор Бабаев. – Мақом фестивалида 14 та павильон 14 та ҳудуднинг ўзига хос маданияти, санъати ва анъаналарини намоён этган бўлса, Абу Даби фестивалида ўша павильонлар яхлит бир ҳолда, Ўзбекистон маданияти ва санъатини дунёга таништирмоқда”. Маданий мерослар фестивали 26 январгача давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2233 марта ўқилди