Дунё янгиликлари

“Санжаклар” масжиди Истанбулда (Buyukçekmece) жойлашган. Масжид қурилиши 2011 йилда бошланган ва тўлиқ 33 ойда битказилган.

Қурилиш Усмонли ва Салжуқийлар султонлиги меъморчилиги ҳамда замонавий услуб ва анъаналарни бирлаштирган меъмор Эмре Аролат томонидан ишлаб чиқилган.

Таъкидлаш жоизки, 2013 йилда Сингапурда ўтказилган жаҳон меъморчилиги фестивалида масжид «Энг яхши диний бино» унвонига сазовор бўлган.

Масжиднинг асосий қисми ер остидан 7 метр чуқурликда жойлашган. Ибодатгоҳнинг умумий майдони 7400 квадрат метр, ички майдони - 1200 квадрат метр. Бир вақтда масжидда тахминан 650 киши ибодат қилиши мумкин.

 

 

Эмре Аролат бу ноёб лойиҳани яратишда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлган жой - Ҳиро ғоридан илҳомланганлигини билдирган.

 Шинамлик ва оддийлик - бу Санжаклар масжидини бошқа масжидлардан ажратиб турадиган асосий омил. Бу ерда баланд миноралар ва анъанавий ҳилол рамзини кўрмайсиз. Масжид минораси тўртбурчак шаклида қурилган. Вулқон тошларидан ясалганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Юқори қисмга зинапоя ёки лифт орқали кўтарилишингиз мумкин.

 

 

Оддийлик ички қисмга ҳам хос: бу ерда ҳашаматли қандиллар ёки гиламлар йўқ, фақат бир неча нафис хаттотлик безак намуналари мавжуд.

Ушбу масжиднинг очилиши журналистлар ва жамоатчилик орасида кўплаб ўзига хос фикр-мулоҳазаларни пайдо қилди. Кимгадир масжиднинг ўта оддийлиги ёққан бўлса, яна кимдир меъморга услубни такомиллаштириш учун тавсиялар берган. Эмре Аролат бу лойиҳаси билан масжидларда мўмин кишига хос бўлган ёлғизлик ва хотиржамлик муҳитини уйғотишни, ҳамда бу жойда банда Роббисига қалбан боғланишида ҳеч бир нарса чалғитмаслиги, ҳалақит қилмаслигини истаганини айтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

424 марта ўқилди

Янгиликлар

Top