Дунё янгиликлари

Жазоирда ўтказилган XVI халқаро Қуръон мусобақаси ғолиблари аниқланди

Жазоир Халқ Демократик Республикасида жорий йилнинг 25-31 май кунлари бўлиб ўтган XVI халқаро Қуръон мусобақасида 48 давлатдан 48 нафар ҳофизи Қуръонлар иштирок этишди. Улар Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш бўйича рақобатлашди. Бу ҳақда IQNA хабар беради. Мусобақа якунига кўра мутлақ ғолиб Жазоирлик Аҳмад қори Ҳаракатга насиб этди.

Мазкур мусобақада иккинчи ўринни фаластинлик Васим Жадуллоҳ, учинчи ўринни ливиялик Содиқ Али Мифтаҳ эгаллашди.

Эслатиб ўтамиз, Жазоир шаҳридаги “ал-Жомеъ ал-Кабир” жоме масжидида бўлиб ўтган XVI халқаро Жазоир Қуръон мусобақаси ғолибларини тақдирлаш маросимига Жазоирда вақтинчалик Президент вазифасини бажарувчиси Абдулқодир бин Солиҳ ташриф буюрди. Тадбирда Жазоир Миллий Халқ Кенгаши раиси Маоз Бушариф, Диний ишлар вазири Юсуф Билмаҳдий, бир қатор вазирлар ҳамда хорижий дипломатик ваколатхоналар масъуллари ҳам қатнашди.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, дастлабки саралашдан муваффақиятли ўтганлар орасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган ҳофизул Қуръон “Кўкалдош” мадрасаси талабаси Нажмиддин қори Самадов ҳам бор эди. Иштирокчимизга мусобақада қатнашгани ҳақида ташаккурнома тақдим этилди. Иштирокчи қорилар учун мусобақа ташкилий ҳайъати томонидан Жазоирнинг диққатга сазовор бўлган жойларга зиёрат уюштирилди.


ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

2031 марта ўқилди

Янгиликлар

Top