Версия для печати

Дунё янгиликлари

Европада биринчи эко-масжид очилди

Буюк Британиянинг Кембриж шаҳрида очилган Европадаги биринчи эко-масжид 8 минг кишилик Кембриж мусулмон жамиятига хизмат қилади.

Кембриж масжиди ҳаво иссиқлик насослари, герметик изоляция, қуёш панеллари ва сувни иқтисод қилувчи технологиялар билан жиҳозланган.

Очилиш маросимига таниқли нашидлар ижрочиси Юсуф Ислом ташкилотчилардан бири бўлган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ҳам таклиф этди. Масжид 10 минг атрофидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари ҳисобига бунёд қилинган бўлиб, ҳомийлик ёрдамининг аксари Туркия тарафидан кўрсатилгандир.

Масжидга ҳомийлик қилувчи “Cambridge Mosque Trust” хайрия фонди васийларининг таъкидлашича 70 дан зиёд этник гуруҳ вакилларини ўзида бирлаштирувчи Кембриж мусулмонлар жамияти ўзларининг экологик масжид қуриш ҳақидаги азалий орзулари рўёбга чиққанидан мамнун эканликларини билдирди. Мазкур фондга 2008 йилда Кембриж мусулмон коллежи декани, шайх Абдулкарим Мурод номи билан машҳур бўлган академик Тим Винтер ва Юсуф Ислом томонидан асос солинган.

 

 

Ушбу инновацион масжиднинг айрим хусусиятлари ҳақида масжиднинг имом-хатиби Али Тус қуйидагиларни сўзлаб берди: “Биз масжид томига тушган ёмғир сувларини кўчатларни суғориш ва раковиналарни тозалаш учун йиғамиз. Томга қуёш батареялари ўрнатилган бўлиб, у орқали қиш кунларида масжиднинг 30%, ёзда эса 40% энергия эҳтиёжини қоплаймиз. Масжид томларига ўрнатилган иссиқлик насослари орқали ҳаттоки жуда кичик миқдордаги иссиқлик тўлқинлари ҳам ютилиб, катта идишлардаги сувларни ва масжид ерини иситишда, шунингдек, таҳоратхонада ишлатилади. Масжидга ўрнатилган ҳисоблагичлар туфайли хонақоҳда кислород камайиб кетганда ёки ҳаво исиб кетганда юқорида жойлашган тирқишлар очилиб, у ердан тоза ҳаво кира бошлайди”.

Ҳозирда масжидга ҳатто мусулмон бўлмаганларнинг ҳам ташрифи жуда кўпайган. Улар масжид хусусиятлари билан танишиш билан бирга Ислом тўғрисида ҳам баъзи маълумотларга эга бўлиб қайтмоқдалар. 

 

Саиджамол МАСАЙИТОВ

Халқаро алоқалар бўлими ходими

2087 марта ўқилди