Дунё янгиликлари

Афинада илк янги масжид очилди

Aфина шаҳридаги илк расмий масжид пандемия туфайли кам сонли намозхонлар учун очилди. У шаҳарнинг Элеонас шаҳрида жойлашган бўлиб, 1821 йилдан бери Aфинада барпо этилган биринчи расмий масжид саналади.

“Юнонистон мусулмонлари” уюшмаси раҳбари Наим Ғадур Европадаги масжиди бўлмаган ягона пойтахт Афина аҳолиси ниҳоят ўз ибодат масканига эга бўлгани, мамлакатда 650 мингга яқин мусулмон истиқомат қилиши, уларнинг аксарияти 20 йил ичида Aфинага келиб яшаётган сунний муҳожирлар эканини таъкидлади.     

Таълим ва динлар вазирлиги масжиднинг қандай талаб ва шароитда фаолият олиб бориши, жумладан, ҳозир бир вақтнинг ўзида фақат ўн киши киришига рухсат берилганини маълум қилди.

Aфина масжиди давлат маблағи ҳисобига қурилиб, 2019 йил охирида якунига етган, аммо пандемия сабаб очилиши кейинга қолдирилган. Масжид 350 кишига мўлжалланган.  

“Мағрибий” масжиди имоми Заккий Сиди Муҳаммад масжиднинг расмий катта очилиш маросими пандемия сабаб бироз муддатга чўзилаётганини қайд этди.

Маълумот учун, Юнонистонда Усмонлилар давридан қолган ягона масжид мамлакат шимоли-шарқидаги Туркия билан чегарадош Фракияда бўлиб, у ерда 150 мингга яқин турклар истиқомат қилади.

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими

            Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

1674 марта ўқилди

Янгиликлар

Top