Дунё янгиликлари

Мусулмон олимлари дунёга совға қилган ихтиролар

Университет (олий ўқув юрти)

Дунёдаги биринчи университет 859 йил Африкада, Марокашнинг ўша вақтлардаёқ йирик шаҳарларидан бири саналган Фосда  очилган. Ўн икки аср  бурун ёш малика Фотима ал-Фахрий очдирган университетда ҳозир ҳам ёшлар таълим олмоқда.

IX юзйилликда Тунисдан Марокашга кўчиб келган бадавлат муҳожирнинг қизи Фотима бинт Муҳаммад ал-Фахри отасининг хотирасига атаб Фос шаҳрида Шимолий Африкадаги энг катта масжидни барпо эттиради ҳамда мадраса қурдиради. Ана шу мадраса кейинчалик ал-Қароун университети  мақомини олади. Университет Гиннеснинг рекордлар китобига кирган ҳамда ЮНЕСКО тарафидан энг қадимий университет сифатида рўйхатга олинган. Бошқа манбаларда таъкидланишича, у қадимийлик борасида беллашса, фақат Тунисдаги 737 йил барпо этилган ал-Зайтун университетига бой бериши мумкин.

Ал-Қароун фаолият бошлаган дастлабки кезларданоқ маънавий таълим марказига айланган. Эътиборли жиҳати, бу даргоҳда фақат илоҳиётчилар етиштирилмас эди. Талабалар математика, тиббиёт, грамматика, астрономия, кимё, жўғрофия ва тарих фанларидан ҳам сабоқ олган. риторика ва мусиқадан тез-тез мусобақалар ўтказиб турилган. 

Бу ерда машҳур олимлар ҳам дарс берган: ислом қонуншунослигидан  Абу Бакр Ибн ал-Арабий, жўғрофиядан Ибн Рашид ас-Сабтийлар дарс берган бўлса, номдор тарихчилар  Абдурраҳмон Ибн Халдун ва Лисан-ад-Дин Ибн ал-Хатиб, шунингдек, яҳудий илоҳиётчи файласуфи ва врачи Маймонид ва Герберт Орилякскийлар (кейинчалик Рим папаси бўлган Сильвестр II) таълим олган. Ал-Қароун  деворларига марокашлик тилшунос ибн Ажуррум энг машҳур трактатни (рисола) араб тили грамматикасига асосланиб ёзиб қолдирган. 

Ўтган асрлар давомида масжид ва Ал-Қароун университети бир неча бор қайта таъмирланган ва ҳукмдор сулолалар уларга безаклар солдирган. Арабча услубдаги ўткир қиррали арклари, деворлари  ва сидр дарахти билан ёпилган шифтлари мозаика  қилинган қадимий бино бугун катта майдонни эгаллаган. Мармар фавворалар ва манзарали дарахтлар орасидан ҳордиқ чиқариш ва ибодат қилиш учун ажойиб жой топса бўлади.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА

4984 марта ўқилди

Янгиликлар

Top