Версия для печати

Дунё янгиликлари

Офелия бўрони:  Дублиндаги Ислом  маданияти маркази ёрдам эшикларини очди.

Ирландия пойтахти Дублин шаҳридаги Ислом маданияти маркази Офелия бўронидан азият чеккан барча уйсиз одамлар ва жабрланувчиларга ўз эшикларини очди.

Эллик йилдан бери бундай кучли бўронни кўрмаган Ирландия аҳолисини 80 км/соат тезликда ҳаракат қиладиган Офелия бўронининг шамол қолдиқлари ҳамон безовта қилишда давом этмоқда. Атлантика океанидан кириб келган 3-даражали бўрон шу ҳафтанинг душанба куни оролга “ҳужум” қилишни бошлади.

Ўша куни барча мактаблар ёпилди, хайдовчилар учун кўчага автомашинада чиқмаслиги тавсия қилинди, 1200 га яқин  ҳарбийлар бўрондан жабрланган жойларни тиклаш учун жалб қилинди. Маълумотларга кўра, бўрон туфайли бир аёл автомашинасига дарахт келиб урилгани оқибатида оламдан ўтган.

“Aer Lingus” авиакомпаниясига тегишли 100га яқин рейслар, темир йўллар ва автобус қатновлари вақтинча кечиктирилди.

“Ислом маркази эшиклари ҳамма учун 24 соат очиқ” – дейди  “The Independent” нашрига берган хабарида марказ ҳодими Малик Маданий.

Яна у сўзида шундай деди: “Айни  пайтда биз бўрондан жабрланганларни иссиқ овқат билан таъминлаяпмиз. Гуманитар ишчилар сифатида энг камида шу ишни амалга оширишимиз зарур.  Бизга ётоқ жойларни етказиб берган бошқа ташкилотлар билан меҳнат қилишда давом этамиз” .

Хабарлардан маълум бўлишича, Офелия бўронининг Ирландиядан ўтиб, Буюк Британияга қараб ҳаракатланиши тахмин қилинмоқда.

 

  Алишер Сатторов,

Халқаро алоқалар бўлими

7060 марта ўқилди