Дунё янгиликлари

Истамбулда халқаро симпозиум ўтказилади

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро  Ислом ташкилоти (ISESCO) шу йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Туркиянинг Истамбул шаҳрида Ислом маданияти, санъати ва тарихи бўйича халқаро тадқиқотлар маркази – (IRCICA) билан ҳамкорликда Ислом оламида мавжуд бўлган тарихий ва маданий обидаларни муҳофаза этиш бўйича халқаро симпозиумни ўтказади.

Мазкур симпозиумни ўтказишдан Ислом оламидаги тарихий ва маданий обидаларни асрашни ривожлантириш, уларни айрим давлатларда содир бўлаётган беқарор вазиятлар туфайли талафотлар етиши каби ҳолатларга учрашининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши мақсад қилинган.

Халқаро симпозиум иштирокчилари хавфу хатарга дуч келаётган маданий обидаларни муҳофаза этиш борасидаги халқаро ва минтақавий муассасалар ва ташкилотларнинг ролини фаоллаштириш тўғрисида ҳам ўзаро суҳбатлар олиб боришади.

Симпозиум якунида “Ислом оламида маданий обидаларни асрашга доир Истамбул баённомаси” қабул қилинади ва унда обидаларни асрашга доир тавсияномалар ишлаб чиқилади. Мазкур симпозиум ишида (ISESCO) ташкилоти номидан вакил сифатида ташкилотнинг маданият ишлари бошқармасидаги етакчи мутахассиси Доктор Муҳаммад Юнус “Халқаро (ISESCO) Ислом ташкилотининг Ислом оламида маданий обидаларни муҳофаза этишдаги ташаббуслари ва қарашлари” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этади.   

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

338 марта ўқилди
Top