Дунё янгиликлари

Францияда кўчада намоз ўқиш таъқиқланди

Франция Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, ҳукумат топшириғига кўра, кўчада намоз ўқиш полиция томонидан назорат остига олинади. Ички ишлар вазири Жерар Коллон бир вақтнинг ўзида мамлакатда дин ишлари бўйича вазир сифатида ҳам фаолият олиб боради.

Вазир “кўчаларда ибодат қилинмайди, биз бу каби ибодатларга ҳалақит берамиз”, дейди.

10 ноябрь кунги жума намози вақтида Парижнинг Клиши-ла-Гарен ҳудудида юз берган ҳодиса ҳукуматнинг ушбу қарорни қабул қилишига сабаб бўлган. Ҳукумат мусулмонларга масжидлар биносини кенгайтириш таклифини бермоқда.

Ушбу куни юзлаб парижликлар кўчалардаги ноқонуний ибодатларни чеклаш талаби билан намойишга чиққан. Туман мэри, парламент аъзолари, маҳаллий депутатлар Париж бўйлаб намойиш ташкил қилган.

Француз сиёсатчилари мусулмонларга жума намозини кўчада ўқишга қаршилик қилганлар ва тўққиз ойдан буён давом этаётган пиёдалар учун мўлжалланган Клиши-ла-Гарен кўчасидаги ибодатга йўл қўймасликни мақсад қилган эдилар. Ушбу кўчада туман мэрияси ҳам жойлашган.

Бироқ парижлик мусулмонлар ҳам шаҳар марказидаги 3-5 минг нафар одамга мўлжалланган ибодат уйининг ёпилишига қарши намойиш мақсадида ибодат қилишда давом этмоқдалар.

Маҳаллий маъмурият ибодат қилмоқчи бўлганларга ушбу ибодат уйининг ижара муддатини узайтиришдан бош тортгани ҳамда намозларни бу ердан 1,5 км узоқликда жойлашган масжидда давом эттиришларини “маслаҳат берган”.

Маълумот учун, Франция мусулмонлар улуши юқори бўлган Европа мамлакати ҳисобланади. Бу ерда 11 миллионга яқин мусулмонлар истиқомат қилади. Францияда 2 мингдан ортиқ масжидлар фаолият юритади.

4849 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top