Дунё янгиликлари

“Бизнинг масжидларимиз – бизнинг келажагимиз”

Куни кеча Буюк Британиядаги масжидлар раҳбарлари  XXI аср Британиясида масжидларнинг ўрнига бағишланган йирик анжуманда иштирок этишди. 

“Эмсиби” ахборот порталида тадбирни Буюк Британия мусулмонлар кенгаши мамлакатдаги масжидлар фаолиятини яхшилаш мақсадида уюштиргани хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз: “Туманли альбион” номини олган ушбу юртда уч миллиондан ортиқ  мусулмон аҳолисига бир ярим мингдан зиёд масжид хизмат кўрсатади.

“Бизнинг масжидларимиз – бизнинг келажагимиз” шиори остида ўтказилган анжуманда 450дан ортиқ иштирокчилар замонавий масжидларнинг имкониятлари ва муаммоларини ўрганиб чиқдилар.

Бундан ташқари, “Энг яхши масжидлар, жамоавий тавсиялар” деб номланган дастур татбиқ қилиниб, унда масжидлар қандай қилиб ўз хизматларини кенгайтириши масаласи кўрилди.   

Анжуманда исломофобияни (исломдан асоссиз қўрқиш) бартараф этиш, хайрия ишлари, турли мавзуларда семинарлар ташкил қилиш ва ОАВ билан мунтазам алоқада бўлиш масалалари мухокама қилинди. Британия мусулмонлар кенгаши Бош котиби Хорун қуйидаги фикрни билдирди: “Бугунги кунда Қиролликдаги кўплаб масжидлар жамоатчиликка турли хизматларни таклиф қилмоқда. Биз ана шу тажрибаларни ўртоқлашиб бошқа масжидларнинг ҳам шундай фаолият олиб боришга туртки бўлишимиз керак”.

 

Алишер Сатторов тайёрлади.

3266 марта ўқилди

Янгиликлар

Top