Дунё янгиликлари

Владимир Путин исломшунос олимларни Россиянинг ўзида тайёрлашга чақирди

24-25 январь кунлари Россия президенти Владимир Путин Уфа ва Қозон шаҳрига ташриб буюриб, бу ерда ислом ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
24 январь куни Путин Россия Олий муфтийси, Россия Марказий мусулмонлар идораси раиси Талъат Тажуддин билан учрашув чоғида унга диншунос олимларни етиштириб чиқаришдаги хизматлари учун миннатдорчилик билдирди.
“Мен сизнинг айтганингиздек, ҳар соҳада фаол ривожланиш кузатилаётганидан хурсандман. 2000 йилда 16 масжид бор эди, ҳозир эса фақат бу ернинг ўзида 1200 та масжид фаолият юритмоқда. Бу бизнинг анъанавий динларимиздан бири бўлмиш исломнинг ривожланишидан дарак беради. Бунда Сиз каби инсонларнинг ҳиссаси катта. Ўзимизнинг ҳудудимизда ислом соҳасидаги етук мутахассисларни тайёрлашни бошлаганимиз жуда яхши”, - деди Путин.
Россия Президенти 1830 йилда қурилган Уфа шаҳридаги Биринчи жомеъ масжидига ташриф буюрди. Бу масжид 1960 йилдан то 1992 йилгача Уфа шаҳридаги ягона фаолият олиб борган масжид бўлган. Бу воқеа шуниси билан муҳимки, 188 йил ичида Россия давлат раҳбари иккинчи бор ислом масжидига ташриф буюрди. Тажуддиннинг айтишича, “Уфа мусулмонлар йиғилиши” Екатерина II императрицаси фармони асосида ташкил топган. Шу муносабат билан у Путинни мусулмонлар идораси ташкил топганининг 230-йиллик юбилей тантаналарида иштирок этишга таклиф қилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

3571 марта ўқилди

Янгиликлар

Top