Дунё янгиликлари

Британияда “мусулмонларни жазолаш”га даъват қилувчи мактуб тарқатганлар қидирилмоқда

Британиянинг терроризмга қарши кураш полицияси мусулмонларга қарши зўравонлик уюштиришга даъват қилувчи мактуб мамлакат аҳолисига электрон ахборот воситалари орқали тарқатгани юзасидан текширув бошлади. 

“3 апрель “Мусулмонларни жазолаш куни”, деб номланган мактубда маҳаллий аҳоли мусулмонларга қарши ҳар қандай кўринишда, яъни, сўз орқали, муслималарнинг бошидаги рўмоли ёки ҳижобини тортиб ечиш, жисмоний ҳужум ёки уларнинг юзига кислота сепиб тажовуз қилишга даъват этилган. 

Islom.uz порталининг хорижий ахборот агентликларига таяниб маълумот беришича, терроризмга қарши кураш полицияси ёвуз ниятдаги мактуб мамлакат бўйлаб тарқатилганини билдирган. 

Жорий йилнинг 10 март куни Лондон шаҳар полицияси бу борада текширув олиб борилаётганини тасдиқлаб, ҳозирча ҳеч бир шахс қўлга олинмаганини маълум қилган. 

Маҳаллий аҳоли вакиллари мусулмонларга қарши зўравонликка даъват қилувчи нафрат мактуби олганликлари тўғрисида полицияни хабардор қилганлар. 

Зўравонликка даъват этилган мактубда мусулмонларга қарши уюштирилажак тажовузлар турига қараб баллар билан баҳоланган. 

Нафрат мактубини олганлар қурол, пичоқ, автоулов ёки бошқа воситалардан фойдаланиб мусулмонларни ўлдиришга ёки масжидларга бомба ҳужумлари уюштириш ёҳуд масжидларга ўт қўйишга даъват қилинган. 

Британиядаги “Tell Mama” ташкилоти Брэдфорд, Лестер, Лондон, Кардифф ва Шеффилд шаҳарларидаги одамлар нафрат мактуби олганларини маълум қилди. Ташкилот директори Имон Атта нафрат мактуби мусулмонлар жамоаси орасида чуқур ташвиш уйғотганини билдирди. 

Айни пайтда полиция мусулмонлардан кимдир ҳужумга учраса, бу ҳақда полицияни хабардор қилишга чақирди. 

“Кимдир ўзини шундай зўравонлик қурбони бўлди деб ҳисобласа, бу ҳақда тўлиқ текширув ўтказишимиз учун бизга мурожаат қилишга рағбатлантирамиз”, - дейилади полиция тарқатган расмий баёнотда. 

Меҳнат партиясидан Британия парламентига аъзо этиб сайланган депутат Ноз Шох нафрат мактуби тарқатишдан кўзланган мақсад мусулмонлар орасида қўрқув уйғотишдан иборат эканини ва ўша ғаразли шахслар ниятига ета олмаслигини таъкидлаган. 

ЎМИ Матбуот хизмати

365 марта ўқилди

Янгиликлар

Top