Дунё янгиликлари

Индонезия халқаро Қуръон мусобақасига мезбонлик қилади

Индонезия пойтахти Жакартада жорий йилнинг 19-22 март кунлари Қуръони Карим қироати ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўйича мусобақа ўтказилиши режалаштирилган. Мусобақанинг Индонезия президенти Гоку Видодо ҳомийлигида ўтказилиши маълум қилинган. Бу ҳақда “Menafn.com” нашри хабар берди. 

Агентлик хабарига кўра, ўнинчи Қуръон мусобақаси Жануби-Шарқий Осиё Давлатлари Уюшмаси – АСЕАН (Association of Southeast Asian Nations) даражасида ўтказилади. 

Халқаро мусобақада 25 мамлакатдан, хусусан АСЕАН ва Тинч океани давлатларидан келган вакиллар ўзаро беллашадилар. 

Мазкур мусобақа Саудиянинг Исломий масалалар бўйича вазирлиги, Шаҳзода Султон жамғармаси ва Индонезия ҳукумати номидан Минтақавий масалалар бўйича вазирлик ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. 

Маълумот учун, ушбу мусобақа Қуръон ва суннат йўналишларида ўтказилиб, Қуръон йўналиши ўз навбатида 4 йўналишга, Суннат йўналиши эса 2 йўналишга бўлинган ҳолда ўтказилади. 

Қуръон:

1-қисм: Қуръонни тўлиқ ёд олганлар;

2-қисм: Қуръонни 20 пора ёд олганлар;

3-қисм: Қуръонни 15 пора ёд олганлар;

4-қисм: Қуръонни 10 пора ёд олганлар; 

Суннат:

1-қисм: 100 ҳадисни санад ва матн асосида ёд олганлар;

2-қисм: 400 ҳадисни санадсиз ёд олганлар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

2427 марта ўқилди

Янгиликлар

Top