Дунё янгиликлари

Christie’s кимошди савдосида қадимий мусҳаф савдога қўйилади

Британия пойтахти Лондондаги “Christie’s” кимошди савдо уйида жорий йилнинг 26 апрель куни сотувга қўйиладиган ашёлар рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда “christies.com” сайтида хабар берилди.

Энг ноёб лот ҳисобланаётган ўнта ашё рўйхатида биринчи бўлиб Қуръони Каримнинг қадимий мусҳафи турибди.

Мусҳаф Усмонли империяси давридаги турк хаттоти Яҳё Ҳилми томонидан кўчирилган бўлиб, яратилган вақти 1886–1877 йиллар экани маълум қилинган. Мусҳаф иллюминациясига Усмон Юмни имзоси чекилган.

Қуръони Карим қўлёзма нусхасининг бошланғич нархи 492 449 АҚШ долларидан 703 499 АҚШ долларигача деб баҳоланган.

Кимошди савдосида Ислом ва ҳинд дунёси санъатига тегишли қўлда тўқилган қадимий шолча ва гиламларни ўз ичига олган санъат намуналари савдога қўйилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, савдога икки дона Қуръон ояти ёзилган пушти рангдаги саҳифалар қўйилгани ва уларнинг 13 асрда Испанияда яратилгани айтиб ўтилган. Уларнинг ҳар бирига 11-16 минг АҚШ доллари миқдорида бошланғич нарх белгилангани қайд этилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

3369 марта ўқилди

Янгиликлар

Top