Дунё янгиликлари

Аллоҳ таолонинг муқаддас Каломи – Қуръони карим – бениҳоя илмлар манбаи бўлган ҳақиқий хазина. Унда кўплаб ҳодисалар хабари берилган. Ана ўша воқеа-ҳодисаларнинг айримлари бўлиб ўтган шаҳарларнинг номлари ҳам айтиб ўтилган. Ўша шаҳарлардан бештасининг номи тарихда ҳам машҳур. 

1. Маккаи мукаррама 

 

 

Маккаи мукаррама – ер юзидаги энг покиза ва энг муқаддас шаҳар. У Саудия Арабистонида жойлашган. Маккада Каъба – сайёрамиздаги жамики мусулмонларнинг қибласи бўлган Аллоҳнинг уйи бор. Макка ҳақида Раббимиз Фатҳ сурасининг 21-оятида  

 

وَهُوَ الَّذِي كَفَّ أَيْدِيَهُمْ عَنْكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ عَنْهُمْ بِبَطْنِ مَكَّةَ مِنْ بَعْدِ أَنْ أَظْفَرَكُمْ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرًا.

У зот Макка водийсида сизларни уларнинг устидан зафар қозонтирганидан сўнг уларнинг қўлларини сиздан, сизнинг қўлингизни улардан тўсган зотдир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир. (Ҳудайбия сулҳининг ўзи мўминлар учун катта зафар, ғалабадир. Ўша зафар якунланиш арафасида бир гуруҳ мушриклар фитна қўзғаб сулҳни бекорга чиқаришга уриниб кўришди. Лекин Аллоҳ таолонинг инояти билан фитна содир бўлмади, қон тўкилмади)”, деб марҳамат қилган. 

2. Мадинаи мунаввара

 

 

Мадинаи мунаввар (Ясриб) – Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилган шаҳар. Унда Оламлар сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаи шарифлари бор. Мадина Сайдия Арабистони ҳудудидаги шаҳар. У Маккадан 430 чақирим шимолда. Бу муборак шаҳар ҳақида Тавба сурасининг 101-оятида:

وَمِمَّنْ حَوْلَكُم مِّنَ الْأَعْرَابِ مُنَافِقُونَ وَمِنْ أَهْلِ الْمَدِينَةِ مَرَدُوا عَلَى النِّفَاقِ لَا تَعْلَمُهُمْ نَحْنُ نَعْلَمُهُمْ سَنُعَذِّبُهُم مَّرَّتَيْنِ ثُمَّ يُرَدُّونَ إِلَى عَذَابٍ عَظِيمٍ

Атрофингиздаги аъробийлардан мунофиқлар бор. Мадина аҳлидан ҳам. Улар нифоқда сийқаси чиққанлардир. Сен уларни билмассан, уларни Биз билурмиз. Албатта, уларни икки марта азоблаймиз. Сўнгра улкан азобга қайтарилурлар. (Ушбу ояти каримада аъробийларнинг ва аҳли Мадинанинг алоҳида мунофиқлари, сийқаси чиққан мунофиқлари ҳақида сўз кетмоқда. Шу даражада сийқаси чиққанки, усталигидан, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларнинг мунофиқ эканликларини билмайдилар. Мунофиқлигини фақат Аллоҳ таолонинг ўзигина билади)”, деб марҳамат қилинган.

3. Қуддуси шариф

 

 

Қуддуси шариф – сайёрамиздаги энг сирли макон. Мусулмонлар учун бу шаҳар энг буюк ҳодиса Исро ва Меърож кечалар содир бўлган жой ҳисобланади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойининг 27 куни Қуддуси шарифдаги Масжидул Ақсодан меърожга кўтарилганлар. Масжидул Ақсо Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинаи мунавварадаги Масжиди Набавийдан кейин учинчи ўриндаги муқаддас масжид саналади. Бу шаҳар ҳақида Моида сурасининг 21-оятида:

يَا قَوْمِ ادْخُلُوا الْأَرْضَ الْمُقَدَّسَةَ الَّتِي كَتَبَ اللهُ لَكُمْ وَلَا تَرْتَدُّوا عَلَىٰ أَدْبَارِكُمْ فَتَنقَلِبُوا خَاسِرِينَ

Эй қавмим, Аллоҳ сизга ёзиб қўйган муқаддас ерга киринг. Ортингизга қайтманг, бас, зиён кўргувчига айланасиз», деганини эсла”, дейилган.

Ояти каримада муқаддас ер дейилганда Қуддуси шариф назарда тутилган. 

4. Вавилон (Бобил) 

 

  

Бу шаҳар Ироқнинг қоқ марказида бўлган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 102-оятида:

وَاتَّبَعُواْ مَا تَتْلُواْ الشَّيَاطِينُ عَلَى مُلْكِ سُلَيْمَانَ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَـكِنَّ الشَّيْاطِينَ كَفَرُواْ يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولاَ إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلاَ تَكْفُرْ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلاَّ بِإِذْنِ اللّهِ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلاَ يَنفَعُهُمْ وَلَقَدْ عَلِمُواْ لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنْ خَلاَقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْاْ بِهِ أَنفُسَهُمْ لَوْ كَانُواْ يَعْلَمُونَ

Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва икковларидан зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон! (Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима – кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини? «Эр-хотиннинг ўртасини бузишга». Демак, ёмон нарсага. Сеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар)”, деб марҳамат қилган. 

5. Ирам 

 

 

Аллоҳ таоло Фажр сурасининг 6-8-оятларида:

أَلَمْ تَرَ كَيْفَ فَعَلَ رَبُّكَ بِعَادٍ * إِرَمَ ذَاتِ الْعِمَادِ * الَّتِي لَمْ يُخْلَقْ مِثْلُهَا فِي الْبِلَادِ

Сен Раббинг Одга қандай (муомала) қилганинни билмадингми? Баланд устунли «Ирам»га. Унинг мисли бошқа диёрларда халқ қилинмаганга”, деб марҳамат қилган.

Бу шаҳарни Од қавми бино қилган. Бу шаҳар араб ярим оролидаги Яман ва Уммон султонлиги орасида бўлган.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

2811 марта ўқилди

Янгиликлар

Top