Дунё янгиликлари

Ўзбекистон тез орада яна ислом илмлари ўчоғига айланади

Аввал хабар қилганимиздек, муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёев қарори билан таъсис этилган Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг илмий ходимларидан иборат делегация аъзолари айни пайтда Туркиянинг ИСАМ (Ислом тадқиқотлари маркази)да “Xалқаро қўлёзма асарларни таҳқиқ қилиш курслари”да иштирок этишмоқда.
5 июль куни мазкур делегация аъзолари ИСАМ раҳбари, ҳадис илми доктори, профессор Рашид Кючук қабулида бўлдилар. Суҳбат давомида ИСАМ раҳбари Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда аждодларимиздан бебаҳо илмий мерос бўлиб қолган ноёб қўлёзма асарларни тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Бундан ташқари, юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказларининг очилиши дунё ҳамжамияти, хусусан, мусулмон олами олимлари томонидан хурсандчилик билан қабул қилингани ва бу марказларнинг ислом илмлари ривожи учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Рашид Кючук талабалик кезларида Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари ва унга ёзилган шарҳларни тўлиқ ўқиб чиққанини ёдга олиб, буюк аждодимиз шахсияти ҳали жуда кўп ўрганилиши лозимлигига алоҳида урғу берди. Шу билан бирга, ИСАМ раҳбари асрлар давомида Туркияда ҳам Марказий Осиёда ҳам фиқҳий масалаларда ҳанафийлик, эътиқод борасида мотуридийлик таълимотининг кенг ёйилгани биродар халқларимимни янада яқинлаштириши, айни дамда мусулмонларнинг турли экстремистик ва террорчи гуруҳларга қўшилиб қолишининг олдини олишда мазкур марказлар юксак аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Музокара давомида Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан тайёрланиб, чоп этилган китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.
ИСАМ раҳбари Ўзбекистон илмий тадқиқотчилари учун мазкур марказнинг эшиклари ҳар доим очиқлиги ва бу йўлда барча мавжуд имкониятларни ишга солишга тайёрлигини изҳор этиб, яқин кунларда алломалар юрти бўлган Ўзбекистонга бориш истагида эканлигини билдирди.
Маълумот учун, Туркиянинг жаҳонга машҳур İSAM (Ислом тадқиқотлари маркази) ташкилоти 1988 йилда Туркия Диёнат вақфи такилоти ташаббуси билан ташкил этилган. Марказ қошида Туркиядаги энг катта исломшунослик кутубхонаси мавжуд бўлиб, унда босма ҳужжатлар ва махсус коллекциялар орқали жамланган ҳадис, тафсир, фиқҳ, калом ва исломга оид 350.000 нусхада китоб ва 135.000 нусхада журналлар тўплами жамланган. Бундан ташқари, кутубхонада Усмонли империясининг тарихи, адабиёти ва маданияти билан боғлиқ монографиялар ва бошқа илмий асарлар ҳам сақланади.
Марказ кутубхонасида рақамли китоблар тўпламларидан иборат маълумотлар базаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унда Туркиядаги 122 та кутубхонадан жамланган 709 000 та қўлёзма, тошбосма ва босма асарлар ўрин олган.
Ҳозирда ISAM томонидан ислом тарихи, маданияти, цивилизациясини илмий ўрганиш, маҳаллий ва хорижий илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
ИСАМ томонидан йўлга қўйилган лойиҳалардан бири бу − “Халқаро таҳқиқ курслари” ҳисобланади. Мазкур курсларнинг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад − илмий тадқиқотчиларда араб тилидаги ноёб қўлёзмаларни ўрганиш кўникмасини яратишдан иборат. Ҳар йили эълон қилиниб, уч босқич (бошланғич, юқори савия, тахассус)да амалга ошириладиган курсларда 2012 йилдан бери дунё бўйича 500 га яқин киши қатнашган. Ўқув курслари мусулмон оламида мазкур соҳа бўйича тан олинган машҳур профессор-устозлар томонидан тўлиқ араб тилида олиб борилади.



Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

526 марта ўқилди

Янгиликлар

Top