Дунё янгиликлари

Япон мусулмонлари Ҳажда ўрнак кўрсатишди

Японияликларни бутун дунё ўзининг тартиблилиги, қоидаларга сўзсиз амал қилиши, бошқаларга ўрнак бўлиш жиҳатлари билан билади.

Россия Федерациясида ўтказилган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида япониялик футболчиларнинг ва футбол мухлисларининг трибуналар ва кийиниш хоналарида ўзларидан кейин тозалаш ишларини олиб борганлари, майдонни шунчаки тарк этмасдан ўриндиқлар атрофидаги чиқиндиларни тозалаган ҳолда чиққанлари бутун дунё футбол мухлисларининг эътирофига сазовор бўлди. Буни миллиардлаб инсонлар кузатдилар.

Мусулмон аҳоли сони кўпчиликни ташкил этмасада Ислом динига эътиқод қилувчилар ва Японияга ҳалол туризм мақсадида ташриф буюрувчилар сони бугунги кунда ошиб бормоқда.

Ҳаж мавсумида Саудия Арабистонига Аллоҳ таоло буюрган фарзларидан бирини адо этиш учун борган япониялик мусулмон жуфтлик тасвирга олинган видеолавҳа яна миллионлар олқишига сазовор бўлди. Уч кунда қарийб 2 миллион марта кўрилган ушбу лавҳада Ҳаж амалларидан бирини бажариш учун Жаморот водийсига кетаётган кишиларнинг йўлда учраган чиқиндиларни йиғиб бораётганлари ва елим халтани белгиланган жойга қадар олиб кетаётганлари акс этган.

Ушбу видеолавҳа 2017 йилдаги Ҳаж мавсумида тасвирга олинган бўлиши мумкинлиги айтилган.

Ҳаж ибодати давомида гуноҳ қилмаган, фаҳш сўзлар айтмаган ҳожи, онадан янги туғилгандек гуноҳларидан пок бўлади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

من حج البيت ولم يرفث ولم يفسق خرج من ذنوبه كيوم ولدته أمه

«Ким Байтуллоҳни ҳаж қилса, (унда) ахлоқсиз сўзларни гапирмаса ва фисқ-фужур ишларни қилмаса, худди онаси уни туққан кундаги каби (барча) гуноҳлардан покланиб қайтади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Қуйидаги видеолавҳада япониялик зиёратчиларнинг барча мўмин-мусулмонларга ўрнак бўладиган амаллари ҳақида маълумот келтирилган.

https://www.facebook.com/azmiam/videos/10216386064185044/?t=36

ЎМИ Матбуот хизмати

2909 марта ўқилди

Янгиликлар

Top