muslim.uz

muslim.uz

Илм-фан ҳар куни Қуръоннинг ҳақлигини таъкидлайдиган янгидан янги ҳақиқатларни кашф қилмоқда. Ана шундай ҳақиқатлардан бири борлиқдаги барча нарсанинг гапириши, уларнинг муайян овози борлигидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً

“Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир”. (Араб тилида тасбиҳ айтиш “Аллоҳни поклаб ёд этиш” маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.) (Исро сураси, 44-оят).

Бу улуғ оят бизга бир иш ҳақида хабар бермоқда. Биз у ишни билмасдик, лекин у мавжуд. Биз Аллоҳнинг Китобида келган барча нарсага иймон келтирганмиз. Лекин бу Китобга иймон келтирмаганларни қандай қониқтирамиз?

Бу оят ҳақида тафаккур қилиб кўрган инсон барча махлуқотлар Аллоҳга ҳамд, тасбеҳ айтишини англаб етади. Инсон ҳам, дарахтлар ҳам, юлдузлар ҳам ва бошқа нарсалар ҳам тасбеҳ айтади. Лекин менинг эътиборимни тортган нарса шуки, Аллоҳ таоло: “Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар” деди. “Лекин уларнинг тасбеҳини эшитмайсизлар” демади. Демак биз махлуқотларнинг тасбеҳини эшитишимиз мумкин, лекин уни тушуна олмаймиз. Тушуниш, англаш эшитишдан кейин содир бўлади.

Бошқача қилиб айтганда, агар биз бир инсонга “Сен бизнинг гапимизни тушунмайсан” десак, бу дегани биз унинг олдида гапирамиз, аммо ўша одам бизнинг айтган гапимизни тушунмайди, фаҳмламайди деганидир.

Аллоҳ таоло юқоридаги оятда атрофимиздаги барча махлуқотлардан чиқадиган тасбеҳ овозларини эшита олишимизга очиқ-ойдин ишора қилди. Лекин улар чиқараётган овознинг маъносини англолмаймиз.

Бу ҳақиқатни бугунги замонавий илм ҳам кашф этди!

Олимлар “Албатта, баъзи ўсимликлар ўзидан инсон эшита оладиган даражада товуш тебранишлари чиқаради” дейишди. Инсон эса 20 гц (сониясига 20 марта тебраниш) билан 20000 гц (сониясига 20000 марта тебраниш) оралиғидаги товуш тебранишларини эшита олади. Лекин ушбу ўсимликлар чиқарадиган товуш жуда заиф бўлиб, уни бир неча минг марталаб кучайтирилгандагина эшитиш мумкин бўлади.

Борлиқдаги ҳар бир нарса гапиради ва ўзидан товуш тебранишларини чиқаради. Ўсимликлар, дарахтларнинг муайян овози бўлиб, уларнинг ўзи бошқа овозлардан ҳам таъсирланади. Мана шулар бугунги замонавий ботаника фани кашф қилган ҳақиқатлардир.

Кейин олимлар тадқиқотлар натижасида баъзи юлдузлар ўзидан овоз чиқаришини сезиб қолдилар. Маълум бўлишича, Аллоҳ таоло Қуръонда “Ториқ” деб номлаган нейтрон юлдузлар болғанинг овозига ўхшаш овоз чиқарар экан. Бундан ташқари қора туйнуклар ҳам овоз чиқарар экан. Кейинги вақтларда олимлар нарсалар чиқараётган овозларни ёзиш имконига ҳам эга бўлдилар.

Лекин кашф этилган нарсаларнинг ичида энг ажойиби шуки, ҳар бир тирик ҳужайра ҳам товуш тебранишлари тарқатар экан. Очиқ-ойдин овоз чиқарадигани бу – юрак ҳужайралари экан. Калифорния университетининг Кимё бўйича устози доктор “Компютер ёрдамида кўрилганда, ҳар бир ҳужайра муайян овоз чиқарар, бир ҳужайранинг овози бошқасиникидан фарқ қилар экан” деган илмий хулосани тақдим этди!

Ҳатто танамизни ташкил этган ҳужайралар ичидаги ДНК ҳам ўзига хос овоз чиқариши кашф этилди. Кўринишидан у эртаю кеч тасбеҳ айтади ва бошқалар айтган тасбеҳдан ҳам таъсирланади.

Мен ўйлайманки, банданинг Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиши унинг ДНКсининг ишлаш низомига таъсир қилади. ДНК эса бизнинг ҳаётимиз ва касалликларимизни идора қилади. Шунинг учун бизнинг айтадиган тасбеҳимиз тузалиши қийин бўлган касалликлардан шифо топишимизга сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.

Делфинлар, сувараклар, қушлар, асаларилар ва бошқа барча тирик жонзотлар ўзидан товуш чиқариши ҳам маълум бўлди.

Олимлар кашф этишдики, вируслар ҳам товуш тебранишлари чиқарар экан.

Бугунги кунда олимлар “Борлиқдаги ҳар бир нарса муайян, ўзига хос овоз чиқаради” деб ҳисоблайдилар.

Улар “Албатта, ҳар жойда бир Қувват бўлиб, у ҳамма жойда ҳукмронлик қилади, бошқаради ва биз кўрадиган ёки ҳис этадиган ҳар бир нарсага таъсир ўтказади” дейишди.

Ушбу қувват барча нарсани Яратувчиси Аллоҳ таолонинг қуввати эмасми?! Нега энди мазкур овозлар Аллоҳга бўйинсўниб, Уни улуғлаб, Унинг неъматларига шукр ўлароқ айтилган тасбеҳлар бўлмаслиги керак?! Албатта, улар тасбеҳлардир!

Агар ҳар бир нарса эртаю кеч малолланмасдан, чарчамасдан Аллоҳга тасбеҳ айтса, нега энди биз Унга тасбеҳ айтишни унутиб қўямиз?!

Нега ҳар бир сўзимиз зикрдан иборат бўлмаслиги керак?!

Мавжудотларнинг ичида энг кичиги бўлган вируслар ҳам тасбеҳ айтиб турганда, нега мукаррам қилиб яратилган биз инсонлар, мўминлар тасбеҳ айтмаслигимиз керак?!

Шу эътибордан ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” жумласи Аллоҳ таолога энг маҳбуб калима эканлигини айтганлар.   

“Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир” деб марҳамат қилган Зот покдир!

Аллоҳ таолодан бизни тасбеҳ айтувчилардан қилишини сўраймиз!

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ҳамда илмий мактабларда 2018 йилнинг 10 июнидан бошлаб “Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курслари ўз фаолиятини бошлаши ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 1 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча диний таълим муассасалари ҳамда илмий мактабларда курсларда билим олиш истагини билдирганларнинг ҳужжатларини қабул қилиш бошланди.

Маълумот учун, ўқув курсларига 2018 йилнинг 1-3 июнь кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача ҳужжатлар қабул қилинади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун 1 Июнь, Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 16-кунларидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.

Бугун 01.06.2018 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:

  1.  “Шайх Зиёвуддинхон” жоме масжиди. (Мирзо Улуғбек тумани, Яланғоч маҳалласи, Темур Малик кўчаси 15-уй. Тел.: +998 71 263 64 74)

    Қорилар: Ҳасанов Улуғбек Абдусалом ўғли, Карабаев Абдулҳай Алимжонович

2. “Қуддуси шариф” жоме масжиди. (Манзил: Сирғали тумани, Қипчоқ кўчаси 66-уй.  Тел.: +998 71 257 40 66)

Қорилар: Иноғомов Ислом Илҳом ўғли

3. “Кўкча оқтепа” жоме масжиди. (Учтепа тумани, Шула кўчаси,12-уй.  Тел.:+998 71 271 44 98, +91 137-84-66.)

Қорилар: Дадажонов Ҳасанбой Абдуманнонович, Собиров Абдулбосит Абдулҳафизович

4. “Умар ибн Хаттоб” масжиди. (Юнусобод тумани, А.Жомий махалласи, Боғиравон 2-тор кўчаси 14 уй.  Тел. :+998 71 226 77 15)

Қорилар: Каримов Абулқосим Обидович

5. “Юнусобод” жоме масжиди. (Манзил: Юнусобод тумани, Рафиков кўчаси 22 уй.  Тел. :+998 71 212 08 91)

Қорилар: Қўлдашев Абдуҳалил Эргашали ўғли

6. “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди. (Манзил: Яккасарой тумани, Академик Сирожиддинов кўчаси, 48 уй. Тел.: +998 71 253 45 60.)

Қорилар: Қодиров Орифжон Аъзамович, Холматов Комил Бакимаматович, Йўлдошев Муҳиддин Мадаминович

7. “Дўстжонбой” жоме масжиди. (Манзил: Олмазор тумани, Пахта маҳалласи, Сағбон кўчаси 9-уй. Телефон: +998 71 229 73 69.)

Қорилар: Салоҳиддинов Нуриддин Зайниддин ўғли, Аъзамов Абдулло Лутфулло ўғли.

Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Кеча, 31 май куни Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими Чилонзор туманида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида имконияти чекланганлар билан илк учрашув бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тадбирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан келган фуқаролар иштирок этишди.

Дастлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин қизлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Мунира Абубакирова сўзга чиқиб, йиғилганларни муборак Рамазони шариф билан қутлади. Сўнгра, ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – имконияти чекланганларни  қўллаб-қувватлаш, уларга эътибор бериш, меҳр улашиш, қолаверса, самарали ҳамкорлик сари ташланган илк қадамлар эканини таъкидлаб ўтди.

Тадбир очиқ мулоқот, самимий суҳбат, савол-жавоб тарзида бўлиб ўтди. Жумладан, Миробод тумани Баёт маҳалласида яшовчи онахон Ҳафиза Мўминова қуйидагича савол билан мурожаат этди:

 “Аввало бизга Рамазон ойининг фазилатлари ва бу ойда қилинажак амаллар ҳақида қисқача гапириб ўтсангиз. Кейинги саволим, қайнона келин муносабатлари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

Иштирокчилар томонидан берилган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти мутахассиси Дилбар Аҳмедова, Чилонзор тумани отинойиси Холида Усмонова ҳамда Кар-соқовлар жамияти аъзоси Моҳира Кубаевалар атрофлича жавоб беришди.

Имконияти чекланган фуқароларнинг саволларидан шуни англаш мумкинки, улар диний-маърифий тушунчаларни ўрганишга жуда ҳарис. Ўзларининг тили билан айтганда, ҳали билишлари керак бўлган муҳим мавзулардаги масалалар жуда кўп. Бугунги суҳбат анчайин йиғилиб қолган саволларга жавоб олиш учун яхши имконият бўлгани ва келажакда шу каби учрашувлар тез-тез ташкиллаштириб турилса, мақсадга мувофиқ бўлишини айтишди.

Шубҳасиз, давлатимизнинг янада тараққий этиши учун одамларимизнинг соф ва тоза фикрли, диний эътиқод мустаҳкам бўлиши муҳим роль ўйнайди. Афсуски, имконияти чекланганларнинг диний билимлари етарли бўлмагани сабабли улар орасида миссионерлар тузоғига илиниб қолганлари ҳам бор. Шунинг учун ҳам, ҳозирги кунда бу каби масалаларга ижобий ечим топиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, жорий учрашув ҳам ўта муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.

Учрашув якунида маърифий суҳбатдан олам-олам завқ олган иштирокчиларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг Рамазон эҳсонлари тақдим этилди.

 

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

 

 

 

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин, деб айтгин”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top