Янгиликлар

Покистон Ислом Республикаси президенти Мамнун Ҳусейн “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди

Покистон Ислом Республикаси президенти Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 22 июнь куни Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Бугун олий мартабали меҳмон Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилди. Покистон президентига буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси, уни ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, “Мўйи Муборак” ва “Бароқхон” мадрасалари тарихи, мустақиллик йилларида ушбу масканда амалга оширилган беқиёс бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди. 

Шарқ меъморлигининг ноёб анъаналарини ўзида мужассам этган “Ҳазрати Имом” мажмуаси меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Мамнун Ҳусейн муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, улар номи билан боғлиқ масканларни обод этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Шунингдек, “Бароқхон” мадрасасида жойлашган миллий ҳунармандчилик буюмлари намойиши ҳам Покистон президентида катта таассурот қолдирди.

6580 марта ўқилди

Янгиликлар

Top