Янгиликлар

Сайлов – демократик сиёсий-ҳуқуқий қадрият

Шу  йилнинг 28 ноябрь куни Наманган шаҳар “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан “Сайлов – демократик сиёсий-ҳуқуқий қадрият” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда билим юрти ўқитувчи, ходим ва талабалари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида Наманган шаҳар 23-сайлов участкаси раиси, билим юрти ўқитувчиси  Алишер Анваров иштирокчиларга «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонун мазмун-моҳияти, сайлаш тизими, унинг тартиб қоидалари, Демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда сайлов жараёнларининг аҳамияти, юртимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ демократик принципларга асосланган сайлов тизими яратилгани, бугунги кунда сайлов қонунчилиги миллий қадриятларимиз ва давлатчилик тарихимиз асосида, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ, эркинлиги ва манфаатларини таъминлаш ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилганлиги тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Бундан ташқари сайловларда илк бор иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлганларга сайлов жараёнининг демократик принциплари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилганлиги, сайлаш ҳуқуқлари ва унинг тартиби тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Давра суҳбатида сўз олганлар жорий йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаётига дахлдор бўлиб, бу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга ҳеч ким бефарқ бўлмасдан, бинобарин, сайловда иштирок этиш ва ўз хоҳиш-иродасини билдириш орқали Ўзбекистоннинг ҳуқуқий демократик давлатни янада мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидан изчил боришини таъминлашга ўз улушларини қўшишларига чақирдилар.

Сўнг иштирокчиларга сайловни ўтказиш ва унда иштирок этиш тартиби ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган ролик намойиш этилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисдан қониқарли жавоб олдилар.

  Муҳаммадали Каттабоев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири

4002 марта ўқилди

Янгиликлар

Top