Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратнинг зиёратчилар билан  якуний учрашувлари

17 август куни Макка шаҳридаги муҳташам “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида ҳаж амалларини адо этишга ҳозирлик кўраётган юртдошларимизнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан якуний учрашувлари бўлиб ўтди.


Шу кунга қадар Мадинаи мунавварадан навбати билан Маккаи мукаррамага етиб келган 7200 нафар зиёратчи билан ўн маротаба суҳбатлар ўтказилди. Ушбу учрашувда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётганини сўзлаб, жумладан, бу йилги ҳаж сафарига келган юртдошларимиз навбат билан эмас, балки суҳбатлар асосида ҳаж сафарига танлаб олинганини алоҳида таъкидладилар ҳамда қуйидаги панду насиҳатларни қилдилар:
– Ҳар биримиз, аввало, Мадинаи мунаввара зиёратини адо этдик, у ерда Равзаи муборакда намоз ўқидик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саломларни етказдик, Уҳуд тоғи, “Қиблатайн” ва “Қубо” масжидларини зиёрат этдик. Кейин эса умра амалларини жуда ҳам чиройли ҳолатда бажардик.


Энди олдимизда ҳаж ибодатини адо қилиш вазифаси турибди. Дуоларимиз ижобат бўлиб, умра амалларини осон адо этганимиз каби ҳаж ибодатини ҳам енгил, нуқсонсиз ва мукаммал бажаришимизни Парвардигоримиздан дуо қилиб сўраймиз. Ўз навбатида, ҳаж амалларининг фазилатларини билиб олиш лозим. Айниқса, Байтуллоҳни тавоф қилишда “Ҳажарул асвад” ва “Рукнул ямоний” ўртасидаги дуонинг фазилати, ушбу икки рукн орасида фаришталар жам бўлиб, ҳожиларнинг дуоларига “омин” деб туришларини англаш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачонки, Байтуллоҳнинг ичига кирганларида ёки хатимга кириб намоз ўқиганларида доимо умматнинг саодатини сўраб, Ҳақ таолога илтижо қилганларини мушоҳада қилиш зарур.


Эртадан кейин эҳром боғлаб, ният ила ҳаж амалларини бажаришга киришамиз. Мино, Арафот, Муздалифа ва Жамарот майдонларида ҳаж рукнларини адо этамиз. Ўзбекистонлик ҳожиларга шундай шароитлар муҳайё қилинганки, улар ҳеч нарсага чалғимайди, фақат ибодат қилади, ибодатнинг лаззатини ҳис этади, иншоаллоҳ.


Йиғилишда тиббиёт гуруҳи раҳбари Алишер Саатов эса зиёратчилар диққат қилиши лозим бўлган тиббий масалалар ва саломатликларини сақлаш йўлида амал қилиши лозим бўлган тавсияларни билдирди.
Якунда Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, муфтий ҳазратлари томонларидан, аввало, муҳтарам Президентимиз, она-Ватанимиз, халқимиз ҳаққига, шунингдек, барча мутасадди кишилар, ишчи гуруҳлари, элликбошилар, шифокорлар, ошпазлар, зиёратчилар ва саудиялик ҳамкорларимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3679 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top