Ўзбекистон янгиликлари

Нуриймон Абулҳасан Каъбатуллоҳ калитдорлари бўлган Усмон Ибн Толҳа авлодларининг уйида меҳмон бўлди
Нуриймон Абулҳасан Маккада Каъба калитдори (ҳожиби) саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодлари билан учрашди.
 
Тарихдан маълумки, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қурганидан кейин, унинг назоратини ўғиллари Исмоил алайҳиссаломга топширди. Каъбанинг калити дастлаб Исмоил алайҳиссалом, сўнгра уларнинг авлодларида бўлди. Кейинроқ калитни Исмоил алайҳиссалом авлодларидан Яманнинг Журҳум қабиласи, сўнгра Журҳумдан Хузоа қабиласи тортиб олди. Бундан 16 аср олдин Қусай ибн Килоб Хузоа қабиласи устидан ғалаба қозониб, калитни Қурайшга – Исмоил авлодларига қайтарди.
 
Расулуллоҳ (с.а.в) насаблари қуйидагича: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳашим ибн Абдул Манаф ибн Қусай ибн Килоб. Бинобарин, Қусай ибн Килоб Расулуллоҳнинг (с.а.в) 4-боболари ҳисобланади.
 
Қусай ибн Килоб ўлимидан олдин Каъба ҳожиблиги (калитдорлик) катта ўғил Абдуддорга мерос қолди. Шу билан Каъба ҳожиблиги пайғамбаримиз (с.а.в) Маккани фатҳ қилиб, ислом нурини муқаддас диёрга қайтаргунларича Қурайшнинг Бани Абдуддор оиласида бўлди. Бу оиланинг раҳбари Усмон ибн Толҳа Макка фатҳидан олдинроқ Холид ибн Валид билан ҳижрат қилиб, исломга кирган эдилар. Макка фатҳ этилган куни Расулуллоҳ Усмон ибн Абу Толҳани олдиларига чорлаб: «Эй Абу Толҳа ўғиллари, ҳожибликни – калитдорликни авлоддан-авлодга абадий мерос ўлароқ олинглар, уни сизлардан фақат золимгина тортиб олади», дедилар. Шундай қилиб, Каъба калитдорлиги баъзи қисқа узилишларни ҳисобга олмаганда 1 минг 400 йил давомида Усмон ибн Толҳа авлодлари қўлларида сақланади.
 
photo5463036527945820722.jpg
 
Куни кеча Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Каъбатуллоҳ калитдорлари бўлган Усмон Ибн Толҳа авлодларининг уйида меҳмон бўлди.
 
Буюк саҳобий авлодлари уй музейида Каъбатуллоҳнинг қадимги ва бугунги кундаги калитлари, турли асрлардан сақланиб қолган каъбапўш парчалари, Каъбани таъмирлаш вақтида унинг остидан топилган қадимий, тарихий ашёлар, ёзувлар ва хазиналар сақланар экан.
 
Муборак оила вакиллари билан учрашув илмий мазмунга ва таассуротларга бой ўтди. Унда саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодлари Имом Бухорий юртини зиёрат қилиш ва Ҳазрати Имом мажмуасидаги Усмон мусҳафини кўриш орзусида эканликларини билдирди.
 
photo5463036527945820721.jpg
 
Ҳожиларимиз Ҳаж ибодатларини чиройли адо қилиб, юртимизга соғ-саломат қайтиши, дин ва халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавомлигини тилаб дуолар қилди.
 
Нуриймон Абулҳасан саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодларини Ватанимизга таклиф қилди ва навбатдаги учрашув яқин келажакда Ўзбекистонда бўлишига келишиб олишди.
 
Саҳобий авлодлари Ўзбекистон делегациясини муқаддас Каъбатуллоҳга кириш ва уни ювиш маросимига таклиф этди. Бу шарафли анъана Ҳаж якунида Саудия Подшоҳи иштирокида ўтказилиб, фақат мартабали меҳмонларгагина насиб этади. Мазкур маросимга Марказий Осиёдан фақат Ўзбекистон «Ҳаж-2018» ишчи гуруҳи раҳбари таклиф этилгани мамлакатимизга ва ҳожиларимизга бўлган чексиз ҳурматдан далолатдир.
 

 

ЎзА
3056 марта ўқилди

Янгиликлар

Top