Ўзбекистон янгиликлари

“Энг маърифатли имом” танловининг дастлабки босқичи бошланди

Маълумки, ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилиб келинар эди. Жорий  йилдан бошлаб эса “Йил имоми” кўрик танлови негизида “Энг маърифатли имом” шиори остида кўрик танлов ташкил этилмоқда.

Танловдан мақсад – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш.

Танловда масжидларда камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган имом-хатиблар, имом ноиблари иштирок этишлари мумкин.

Танлов уч босқичда ўтказилади: туман-шаҳар, вилоят ва Республика босқичлари.

Танлов шартларига кўра иштирокчилар тўрт йўналиш бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланадилар.

Айни пайтда Фарғона вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом-ноиблари иштирокида мазкур танловнинг дастлабки босқичи бошланди.

“Энг маърифатли имом” кўрик танловининг дастлабки босқичини  Қувасой ва Фарғона шаҳарлари ҳамда Қува тумани бошлаб берди. Иштирокчилар чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ҳамда якуний натижаларга кўра ғолиблар эълон қилинди.

“Энг маърифатли имом” кўрик танловининг биринчи (шаҳар-туман) босқичи ғолиблари:

  1. Фарғона шаҳридан Нодирбек Нишонов – “Муҳаммад авлиё” масжиди имом-ноиби
  2. Қувасой шаҳридан Саидвалихон Сулаймонов – “Сўфон” масжиди имом-хатиби
  3. Қува туманидан Аҳмаджон Турсунов – “Абу Ҳанифа” масжиди имом-ноиби

Ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Вакиллик матбуот хизмати

2995 марта ўқилди

Янгиликлар

Top